Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаси янада такомиллаштирилади

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаси янада такомиллаштирилади

Ботиржон Сулаймонов, ТошДАУ ректори

2021 йилнинг 15 июль куни “Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармоннинг мақсади ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, фитосанитар ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, минерал ўғит ва кимёвий воситаларни етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш тизимини тўлиқ хусусий секторга ўтказиш, ташқи бозорда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, минерал ўғитлар ва агрокимёвий хизматлар сифатини оширишдан иборат.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ташкил этилди.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича давлат комиссиясини тугатилади.

Аҳамиятлиси, ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу йўналишда зарур ишлов бериш техникалари, агрометеостанциялар, биолаборатория жиҳозлари ва бошқа ускуналар харид қилинишда давлат томонидан 2024 йил 31 декабрга қадар қўллаб-қувватланади.

Жумладан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилинади:

-суммаси 10 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 баробаридан ошмайдиган миллий валютада ажратиладиган кредитлар учун фоиз тўловларининг харажатлари, Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 7 фоиз пунктдан кўп бўлмаган қисми;

-тижорат банклари томонидан эквиваленти 10 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютада ажратиладиган кредитлар учун –тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, бироқ 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда фоиз.

Ажратиладиган кредит таъминотининг 50 фоизигача, бироқ 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кафиллик тақдим этади.

Шунингдек, фармонга кўра “Агробанк” АТБ томонидан ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига лабораторияларни ташкил этиш, ускуна ва техникаларни сотиб олиш ҳамда айланма маблағлари учун 200 миллиард сўмлик кредит линияси очилганлиги, қишлоқ хўжалиги йўналишида, шу жумладан, ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, мутахассислар ва аҳолининг билим даражасини ошириш мақсадида “Агробанк” АТБ қошида “Фермерлар мактаби” ташкил этилганлиги, Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва соҳадаги изланувчиларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги инновацион тадқиқотларни амалиётга жорий қилганлик учун 10 миллиард сўм миқдорида грант ажратиладиган бўлди.

Тошкент вилоятида ва кейинроқ Республиканинг барча ҳудудларида Ўсимликларни ҳимоя қилишнинг комплекс хизматларини кўрсатувчи марказ ташкил қилинади. 

Фармонда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги зиммасига олти ой муддатда “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги ва “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар нормаларини қайта кўриб чиқилади, тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Жорий йил якунига қадар минерал ўғит ва кимёвий воситалар импорти, улгуржи ва чакана савдо фаолиятини лицензияланадиган фаолият турлари рўйхатига белгиланган тартибда киритиш чораларини кўради.

2021 якунига қадар хусусий секторда ўсимликлар ҳимояси соҳасида хизмат кўрсатадиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ходимларини сертификатлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда айрим кимёвий воситаларни агроном-инспекторнинг тавсияси ва рецепти асосида ердан фойдаланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида сотиш тартибини ишлаб чиқилади.

Қолаверса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Агентлик билан биргаликда зарарли организмларга қарши кураш тадбирларини амалга оширишда агроном, фитопатолог, энтомолог, хим-биолог бўлган мутахассисларни иш билан таъминлаш мақсадида уларни ўқитиш ва малакасини ошириш орқали ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш тартибига мувофиқ, ўсимликлар клиникалари ва биолабораторияларга жалб қилиш тизимини шакллантиради.

Каналга аъзо бўлинг: https://t.me/b_sulaymonov

Report Page