Ўрмон хўжалиги бўйича АҚШлик мутахассислар тажрибаси қўл келмоқда

Ўрмон хўжалиги бўйича АҚШлик мутахассислар тажрибаси қўл келмоқда


Зарафшон миллий табиат боғида АҚШ ўрмон хизмати, Ўзбекистон Давлат ўрмон хўжалиги қўмитаси ва "Яшил дунё келажаги" ННТ ташаббуси билан икки
кунлик  ўқув семинари бўлиб ўтди.

АҚШ ўрмон хизмати минтақадаги паркларни ривожлантириш ва экотуризм билан боғлиқ турли мавзуларда ўз тажрибасини ўртоқлашиш учун тўрт нафар мутахассисини юборди. Таътил жойларини режалаштириш, тоғ йўлларини лойиҳалаш ва тиклаш, ташқи макон машғулотлари каби мавзулар ўқув машғулотларига киритилган.

- Ўзбекистон билан ҳамкорлик тўрт йил олдин бошланган. Шу вақт ичида
биз ўзбекистонлик ўрмончилар, Зомин ва Угам-Чотқол миллий боғларидаги
мутахассислар билан тажриба алмашдик, - дейди АҚШнинг Халқаро ўрмон хизмати дастурлари координатори Лара Петерсон. - Бу йилги лойиҳа эса Сўқоқ қўриқхонаси ва Зарафшон миллий табиат боғини ҳам қамраб олди. Бугунги кунда илк қадамларини қўяётган Ўзбекистон экотуризмни ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга. Шунинг учун биз соҳадаги ўз тажрибаларимизни ўртоқлашиб, инспекторларни тайёрлашга ҳисса қўшиш истагидамиз.

"Экотуризм сайёҳлик саноатининг бир қисми ва туристик соҳанинг янги қисмига айланди", дейди илмий ходим Наталя Мармазинская. - Чет эллик ҳамкасблар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, биз "юмшоқ туризм"ни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз, бунда экология ва табиий бойликларни асраш учун катта куч сарфланади. Албатта, ижобий иқтисодий омиллар билан бир қаторда, экология ва атроф-муҳитни ифлослантирувчи омиллар ҳам мавжуд. Ўйлайманки, бирон бир лойиҳани амалга оширишда  энг муҳими туризмни ривожлантириш ва табиатни муҳофаза қилиш ўртасида мувозанатни топишдир.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ ўрмон хизматининг халқаро дастурлари халқаро
даражада ўрмонларни бошқариш ва биологик хилма-хилликни сақлашга ёрдам беради. Америка Қўшма Штатлари соҳага инновацион технологияларни жорий этишда, трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилишда ва атроф-муҳит бўйича мутахассисларнинг касбий билимларини оширишда ёрдам бермоқда.

Report Page