Ўрик дарахти

Ўрик дарахти

Обид ҚЎЛДОШ олами
ҳикоя


Невара хаёллар оғушида бобосига разм солди. Тепакалга ўхшаб қолган дарахт ва чол гўёки йўқликка сингиб кетаётгандек. Хазонларни супураётган, ориқлигидан ҳар эгилганида суяклари синаётгандай ҳолдаги бу бечора инсонга ачиниб кетди. Онаси қайта турмушга чиқмаганида бунақа увада жойларга келмасди ҳам.

Худога шукрки, у ота меҳрини кўрди. Аммо, бобога қанча ялинишмасин, у она қишлоғи – раҳматли кампири билан қурган уйини ташлаб, ҳеч қанақа шаҳарга кетмаслигини айтди. Набера бобоси билан ҳали салом-аликдан нарига ўтмаган. Фақат отаси бу чолни оғзидан бол томиб мақтагани учун бир гаплашиб кўриш нияти бор. Бироқ, қишлоқи одам билан нима мавзуда гаплашишга ҳам ҳайрон...

Бобо невараси эшик олдида қаққайиб турганини кўриб, жилмайди:

– Агар қайта туғилиш имкони бўлганида мевали дарахт бўлишни истардим, – деди. – Сен дарахт билан дарахт урушганини кўрганмисан? Ёки уларнинг қўшниси устидан шикоят ёзганини-чи? Балки бир-бирини алдаганига гувоҳ бўлгандирсан?

Йигит “йўқ” деган маънода бошини қимирлатди.

– Бошқаларга сарҳил мевалар улашадиган, одамларнинг тош, таёқ билан уришларига ҳам сабр билан чидайдиган дарахт.

Ана шу залдори отанг билан тенгдош. Эллик йилдан буён мева беради, лекин бирор марта миннат қилмаган. У замонавий либос кийишга, ёки аллақандай ажнабийлар мошинини минишга қизиқмайди. Ҳатто барги, ёғочидан ҳам фойдаланамиз-а...

Отанг сен тенги бўлган пайтлар шу дарахтнинг мевасидан бўлак егулигимиз қолмаган. Кун бўйи ишлаб, қора нонга зўрға пул топардим. Бизнинг энг яхши ширинлигимиз, очликдан ўлмаслигимиз воситаси ҳам ана шу қадрдонимнинг мевалари эди. Бибинг раҳматли унинг соясида урчуқ йигирар, кейинчалик ишлаб эришган бойлигимиз – сигирнинг сутига ачитқи қўшиб, чаккахалтани дарахтнинг шохига осарди.

Қара, унинг танасини ҳам менинг пешоналарим каби ажин босибди. Эсимда, шу жойда отангга шам, кейинчалик мойчироқ ёруғида эртаклар, ҳикоялар ўқиб берардим. Қадрдоним ҳам анча кексайиб қолди. Чол дарахт бутоғини қурт кемириб, илматешик қилган жойларини кўрсатди: – Уни ғам емирди. Нима деб ўйлайсан, ҳаётидан розимикан? У шу тақдиридан мамнунми?

Чол неварасини қучоқлади: – Болам, менинг куним битган кўринади. Сен ҳеч бўлмаса, шу дарахтдек бошқаларнинг кунига ярашингни истайман. Умрим қишлоқда ўтди. Отангни икккита институтда ўқитдим. Ҳаётимда ҳаром луқма емадим. Намозимни канда қилмадим. Битта либосни 5-10 йил кийдим. Битта аёл билан қирқ йил яшадим.

Манови деворнинг бурчагидаги панжакаш, ҳатто оқланмаган жойни кўраяпсанми? Раҳматли бибингнинг қўл изи. Юрагимда ҳам шундай “из” бор. Ҳар куни шу қўл изига термиламан. Қирқ йил давомида менга таом пиширган, кийимларимни ювиб, уйимни саранжом-саришта сақлаган, ёлғиз ўғлимни ҳаромдан ҳазар қиладиган қилиб тарбиялаган, йигирма йил мактабга директор бўлган, бироқ менинг этикдўзлигимни юзимга солмаган бибингнинг қўл излари...

Худодан нима сўраган бўлсам, барчасини берди. Бахтлиман. Агар насиб қилса, бу сафарги саёҳатинг, ёки зиёратингда ўзинг ҳақингда гапириб берарсан, келишдикми?

Кўзлари жиққа ёшга тўлган неваранинг томоғига нимадир тиқилди. У бўғиқ овозда “келишдик”, деди.


Орадан уч кун ўтиб, чолнинг вафот этгани ҳақидаги хабар наберанинг шаҳрига ҳам етиб келди. У қишлоққа кела солиб кўргани – ўрик дарахти қуриб қолган экан.

Уч ойдан буён “ота” сўзини айтолмаётган ўсмир: – Ота, шу дарахт ўрнига зардоли ниҳолини ўтқазсам майлими? – деди. – Ҳеч бўлмаса, қирқ кун бобомнинг уйларида ётсам, у кишининг жойнамозларида намоз ўқисам қарши эмасмисиз..?

Обид ҚЎЛДОШ

Report Page