Ўктам Барноев: “Алилиянинг ҳаётини сақлаб қолиш чораларини кўрамиз”

Ўктам Барноев: “Алилиянинг ҳаётини сақлаб қолиш чораларини кўрамиз”

Buxoro.uz

Шу йилнинг 25 ноябрь куни кечга яқин республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига Когон шаҳар, “Шарқ” кўчаси, 3-уйда истиқомат қилувчи оиласидан икки нафар норасида болани олиб келишди.

–Умумий беҳушлик, тана ҳароратининг кўтарилгани, кўнгил айниши, қусиш, ҳолсизлик каби клиник аломатлар билан қабул қилинган болаларнинг аҳволи ниҳоятда оғир эди. Зудлик билан касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган қиз ва болага зарур тиббий муолажалар тайинланиб, уларни ўткир респиратор инфекция, оғир кечувчи гипертермик синдромдан қутқариш чора-тадбири кўрилди. Азамат Ядгаровнинг билдиришича, унинг икки фарзандида касаллик кучли иситма, йўтал ва бурун битиши билан бошланган. Дастлаб уй шароитида цефтриаксон, ягурта, цинепар, риноксалин (бурунга спрей) берилган,–дейди республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директори ўринбосари Тоҳир Мусаев. –Ҳаёти қил устида қолган икки норасидага ис газидан ўткир заҳарланишнинг оғир даражаси ташхиси қўйилди. Гипоксик бош мия шиши ва кома ҳолати, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги қайд қилинган болага тезкорлик билан қон компонентлари қуйилди, интоксикацияга қарши реанимацион чора-тадбирларга қарамасдан, фожиа юз берди. Норасида бола - Амир Ядгаров ҳаётдан кўз юмди. 

Минг афсуски, жабрдийда қизалоқ Алилия Ядгарованинг ҳам аҳволи оғир. Шифокорлар қўлларидан келган саъй-ҳаракатни қилмоқдалар. Бемор бола оғир кома ҳолатида дори воситаларида муолажа олаяпти.

Кеча, 1 декабрь куни вилоят ҳокими Ўктам Барноев республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида бўлиб, Ядгаровлар оиласига ҳамдардлик билдирди.

Жабрдийда оилани моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, кома ҳолатида ётган қизалоқни соғлом ҳаётга қайтариш учун нимаики зарур бўлса, барча шарт-шароитни яратиш чора-тадбирлари белгиланди. “Албатта, бу оғир синов. Нима бўлганда ҳам энди Алилиянинг ҳаётини сақлаб қолиш чораларини кўришимиз керак”, деди вилоят раҳбари. Ўктам Барноев бу борада пойтахтдан ҳам малакали шифокорларни жалб этиш бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа мутасаддиларга топшириқлар берди.  

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати 

Report Page