ЎЗР ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ ТОЖИКИСТОННИНГ СЎҒД ВИЛОЯТИ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИ ТОШКЕНТДА ҚАБУЛ ҚИЛДИ

ЎЗР ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ ТОЖИКИСТОННИНГ СЎҒД ВИЛОЯТИ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИ ТОШКЕНТДА ҚАБУЛ ҚИЛДИ


Тошкент, 24.06.2021 й. Бугун Сўғд вилояти раиси Раджаббой Ахмадзода бошчилигидаги Тожикистон Республикаси делегацияси икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Делегация вакиллари учун аграр соҳа объектлари бўйлаб танишув тури Тожикистонда жорий йилнинг 10-11 июнь кунлари олий даражада ўтказилган ташриф натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ташкиллаштирилди. Биринчи кун ҳамда ўтказилган қатор музокаралар якунларига кўра делегация вакиллари ҳамкорлик, имкониятлар ва шароитлар салоҳиятини муҳокама қилиш мақсадида қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов билан учрашишди.

Тожикистон делегацияси таркибига Тожикистоннинг Хўжанд, Гулистон, Спитамен ва Зафаробод туманлари раҳбарлари, шунингдек, йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналари ва компаниялари бошлиқлари кирган. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад - қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, меҳмон давлат вакилларини мамлакатимиздаги бир қатор аграр объектлар билан таништириш ва тажриба алмашишдан иборат.

 Ташрифнинг биринчи кунида танишув тури доирасида кластер тизими, интенсив боғдорчилик, иссиқхона хўжалиги, узумчилик ва виночилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик корхоналари ҳамда замонавий оқилона суғориш технологияларини жорий этиш каби йўналишларга алоҳид эътибор қаратилди.

Тожикистонлик меҳмонлар мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва қуритиш бўйича TNA Agro Invest, пахтани қайта ишлаш ва тўқимачилик ишлаб чиқариш бўйича Real Agro Cotton, вино ишлаб чиқариш бўйича “Узум фермер”, UzTex сингари кластер корхоналарида бўлишди.


 Эртага, 25 июнь куни тожик делегацияси Тошкент вилоятидаги AKIS қишлоқ хўжалигида билим, инновациялар ва хизматлар маркази, ТСТ Rice шоличилик кластери, тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга Gold Dried Foods агрологистика маркази ва бошқа объектларга ташриф буюради.

 




Report Page