ЎЗИНГДАН ЎЗДИНГ – ЎЗГАДАН ЎЗДИНГ

ЎЗИНГДАН ЎЗДИНГ – ЎЗГАДАН ЎЗДИНГ


«Овоз» лойиҳаси пайдо бўлганидан бери куй-қўшиқ ҳақида яна ўйлай бошладим. Ўтган аср Европа эстрадаси ва операсини тинглашга кучли эҳтиёж уйғонди. Ва уйда тинглаб юриш, баҳонада болалар қулоғида қолиши учун қўшиқлар рўйхатини тузишим зарурлигини тушуняпман. Негаки, бугунги ярадор дунё буюк тоқатга, кенглигу биродарликка, ўзлигидан кечмаган космополит тафаккурга ниҳоятда муҳтож. Сара куй-қўшиқ руҳий тўсиқларни енгадиган, ички ҳурриятга олиб борувчи, «мен» деган майда қобиқчани ёрувчи осон йўллардан бири.

Масалан, Крис Ри ёки Демис Руссос нолаларида дард ва сайқалланган овоздан ташқари чексизлик, олий уйғунликка интилиш бор. Юксак санъатни яратиш учун дард ва овознинг ўзи кифоя эмас, ҳурлик ҳисси, само соғинчи ҳам ҳаводек зарур. Ўшандагина хонанда ишқида жаҳонни сиғдира олиш ҳолати­ни чиқариб бера олади. Ботир Зокировнинг «Маро бибус»ида шу кайфият чиққан, яъни коинот ўз сирини очган, туйғулар буюк маъно томон талпинади, ичингдаги қул қувилади.  

* * *

Тансен Акбаршоҳ саройидаги мусиқачи эди. Ҳукмдор энг яхши ҳофизу машшоқларни, сара шоиру файласуфларни фақат ўз даргоҳида кўришни хоҳларди. Минглаб мусиқачилар орасидан Тансенни танлаб олади. Қаердаки Тансен бўлса, ўша атрофда ҳеч ким ҳеч нарса ижро этмасин, дея фармон чиқарилади. Кимки унинг санъати билан беллашишга журъат топиб, баҳсда ютқазиб қўйса, ўша заҳотиёқ ё зиндонбанд қилинади, ё саройдан бадарға этилади. Кўплаб мусиқачилар бу савдога гирифтор бўлганди.

Баужу Бавара эса тақдирга тан бермади. Баужу исми, Бавара тахаллуси эди. Бавара – телба, дегани. Унинг ҳаётдаги бирдан бир орзуси санъатда қўл етмас юксакликка кўтарилса, ҳатто Тансен ҳам таслим бўлса… Тансен унинг учун рақобат мезонига айланганди. Кунига йигирма тўрт соат ишларди. Охири сабоғини мукаммал қилиш мақсадида мураббий Харидаснинг ҳузурига боради. У Тансеннинг ҳам устози эди.

– Бир кун келиб Тансендек санъаткорнинг устози бўлишим мумкинлигини ҳечам ўйламагандим, – дейди фахрланиб Харидас. – Сен ҳам ажойиб мусиқачисан. Ягона камчилигинг, кимдандир ўзишни хоҳлайсан. Ахир, бу истакнинг мусиқага ҳечам алоқаси йўқку. Мана шу нарса истеъдодинг кучини кесади. Тўғри, ноёб овозинг бор, маҳорат билан чаласан, лекин юрагинг мусиқага тегишли эмас, орзу-ҳавасга қарам. Агар номаъқул ниятингдан озод бўла олмасанг, ҳеч қачон Тансен билан бўйлаша билмайсан. Унда рақобат туйғуси бўлмагани боис ҳам ҳамиша ғолиб.

Баужу Баваранинг ўзини енгиши осон эмас эди. Майли, сўқир орзу бўлсада, азбаройи шу туфайли ҳаётини санъатга бағишлади. Лекин устознинг танбеҳи ҳам ўринли. Вақт керак, буда бир риёзат… Бора-бора аста-секин Тансенни унута бош­лади…

Орадан йиллар ўтди. Қа­рия Харидаснинг икки оё­ғи ҳам ишламай, юрол­­май қолди. Остона ҳатлаб чиқолмасди. Қа­нийди, ҳеч қурса уйи яқинидаги Криш­на ибодатхонасига бора олса… Чунки Криш­нага юкунмасдан, туз тотишни ўзи­га эп кўрмасди. Қан­чадан қанча ҳа­ким­лар бу зотнинг дардига дар­мон излади, барибир тузалмади.

Устозининг аҳволидан да­­­рак топган Баужу Бавара ўша заҳотиёқ қиш­­ло­ғидан етиб келади. Эрта тонгда, айнан Харидас уйғонадиган маҳалда ибодатхона деворига суянганча хо­ниш қила бошлайди. Баужу куйлаётган қўшиқдан шундай маъно сизиб чиқарди: «Дийдорингни кўрмоққа интизор кўзла­рим… Ўтинаман, оёғимга куч бер. Айт, айбим нима, нега сени кўришдан маҳрумман? Мендан юз ўгирма…»

Санъаткорнинг мўъжизакор навосидан куч олган Харидас оёқ­қа туради, шукрона айтмоқ учун ибодатхонага қадар юриб боради. Ибодатдан сўнг уйига қайтаётиб шогирдига юз­ланади:

– Энди Тансеннинг ёнида бемалол қўшиқ айтишинг, беллашишинг мумкин. Чунки сен мусобақалашиш хоҳишидан, яъни биринчилик истагидан халос бўлибсан. Табригимни қабул эт. Санъа­тинг хаста оёғимники даволай олдими, демак, ҳар қандай қулфга тушадиган сеҳрли калит соҳибисан.

Баужу Бавара устози Харидаснинг нигоҳига ўйчан боққанча, таажжуб оҳангида жавоб берди:

– Буни қандай тушунмоқ керак?.. Мен фақат мусиқани севаман, ёлғиз куйга ошуфтаман. Тансен деган исмни мутлақ унутдим. Ким биландир беллашмоқ истаги болаларча ғўр хоҳишим бўлган. Сиз ҳақ эдингиз – ўшанда мен мағлуб эдим. Ҳозир ҳам ҳақсиз. Лекин қалбимда ғолиблик даъвосининг ўзи йўқ.

Харидас мамнун ҳолда шогирдини бағрига босади:

– Баужу, ўғлим, сен чиндан баварасан! Менинг телбамсан! Ҳозир шу даража юксалгансанки, ишон, Тансендан ҳам ўзгансан!


ОШО, ҳинд файласуфи

* * *

Санъат сотиладиган буюм ё мусобақа майдони эмас, мезонларга сиғмайдиган тилсим эканини англаган Шахсгина турфа хил кимўзар ўйинларни инкор этади. «Мен» деган даҳшатли занжирдан озод бўлмас экансан, ўзингни хоҳ ўтга ур, хоҳ чўғга, барибир кўланкасан, холос. Бунинг учун ижод муроқабага айланиши зарур.


Иқбол ҚЎШШАЕВА

фейсбук саҳифасидан олинди

«Жадид» газетаси 2024 йил 10 май 20-сон

Report Page