ЎЗГА САЙЁРАЛИКЛАРГА УЙЛАНИШ ЖОИЗМИ?

ЎЗГА САЙЁРАЛИКЛАРГА УЙЛАНИШ ЖОИЗМИ?


Sayyid Abdulaziz Yusupov

ЎЗГА САЙЁРАЛИКЛАРГА УЙЛАНИШ ЖОИЗМИ?


1.    “Латифа”

Айтишларича ўзга сайёраликлар ерга қўниб макон қуришибди. АҚШ дарҳол пентагонда йиғилиш ўтказа бошлабди: буларнинг мақсади нима, қандай қуролларга эга, қандай ҳимояланиш мумкин?

Руслар кремльда йиғилишибди: ўзга сайёраликларнинг гравитацияни енгиб учадиган кемаларининг сири нимада, уларнинг учоқларини қандай қўлга олиш мумкин?

Исроилликлар ҳам йиғилишибди: Ажабо бу ўзга сайёраликлар томонларда олтиндан қимматроқ маъданлар борми, уларнинг кемасидан фойдаланиб ойдан маъдан ташишга уларни кўндира олармиканмиз?

Бизникилар йиғилиб, машварат қилиб қаттиқ ўйланишар эмиш: АЖАБО ЎЗГА САЙЁРАЛИКЛАРНИНГ АЁЛЛАРИГА УЙЛАНИШ ЖОИЗМИ ЙЎҚМИ?...

2.    Тушуниксизлик изтироби

Афсуски, мен каби кўпчилик зиёлилар бугун ўз мамлакатимиз ичида рўй бераётган жараёнларини тушунмаяпмиз. Рўй бераётган жараёнларни идрок этишга қийнала бошлайди одам. Нега? Сабаби оддий: шиддат билан кечаётган жараёнларда мантиқ занжири йўқолиб қолмоқда назаримда. Ўзбек жамияти худдики, эркинлик қурбонлари ҳикоясидагидек (эркинликни истаганимни қилиш экан деб қабул қилган от ниҳоясида қассобхонага, от арава эса ўтин хонага топширилиб кетгани каби) ҳар кимнинг ўз билганича қабул қилиниб тийиқсизликка мубтало бўлаётганга ўхшайди. Ҳамма алоҳида ўз ҳолини кўряпти, аммо умумий ҳолатнинг фарқига бормаётгандек. Сўз эркинлиги принципини қурол қилган ОАВлар ва блогерлар мушфиқ халқнинг эмоциялари билан ўйнаб ўзларини молиялаштирадиган гуруҳлар манфаати учун хизмат қилаётгани, диний эркинлик принципини қурол қилиб олган диний соҳа вакиллари китоб ёқишга даъват, бошқа мамлакатда давлат тўнтаришига урунган мафия югурдакларини қаҳрамон эълон қилиш, масжид минбарларини сиёсат масалалари ва халқаро сиёсат “таҳлилига” оид ваъзлари билан тўлдираётгани, таълим соҳасига берилаётган эътибор акс таъсир бериб кундан кун ғариблашаётгани, халққа бўлаётган ҳодисаларни тушунтириш бериши керак бўлган ахборот макони ёш бир боланинг қўлидаги ўйинчоққа айлангани, бозор иқтисоди ҳамма нарсани тотал равишда сотиш дея тушунилаётгани ва моддий бойликлар олди бердиси баробарида виждон ҳам арзонгаровга сотиб юборилаётгани, ҳуқуқни таъминлаш тизими адолат тамойили эмас, манфаат тамойили асосида фаолият олиб бора бошлаётгани, Президент ўлиб тирилиб обрўини оширмоқчи бўлган ўқитувчи зотини маҳаллий ҳокимият бир оғиз топшириқ билан обрўсиз қилиб ташлашлар ва энг қайғулиси истаганини қилаётганлар бир оғиз узр билан жазодан қутулиб қолаётгани одамни эсанкиратиб қўяпти. Нимага ўхшайди бугунги ҳолимиз биласизми? Танаси оғир жароҳатлар билан тўла, ярасига қурт тушган бир одамнинг бундан ўзи ҳузурланиши каби носоғлом ҳолга ўхшайди.

Ўзи умуман бу сатрларнинг ёзилишига сабаб бўлган Марҳаматдаги ўқитувчиларга қилинган зулм ва миллатимизнинг жавохири бўлган олим, профессор Зарифбой Ибодуллаевга нисбатан обрўсизлантириш компаниябозлигидан пайдо бўлган изтироб бўлди.

Рўй бераётган бу икки зулм воқеъаси асносида иккита воқеъа эсимга тушиб кетди.

Биринчиси, тадбиркорликни ривожлантиришдаги камчиликлар учун Марҳаматнинг аввалги ҳокими ишдан олиниб, мана шу узрчи укамиз Ҳоким этиб тайинланганди. Шундан сўнг, марҳаматда дўстларимиздан бири маҳаллий тадбиркор йигитлар таклифи билан ошга борганида янги ҳоким ҳам келганини айтиб берди. Суҳбат давомида туманнинг 10 йилдан кейинги ривожланиши учун нималар қилаётгани билан қизиқилган. Йигит айлантириб ўлгиртириб инвесторларни ва уларнинг пулларини жалб қилиш кераклиги ҳақида куйиниб гапирган. Конкрет инвестицион таклифлар ҳақида сўралганида, “пулини олиб келаверсин ҳамма шароитини қилиб берамиз” деган умумий гаплардан ўтмаган. Ҳаммага ҳоким йигитнинг савияси маълум бўлган табиийки. Ичларидан қитмирроғи ҳоким бува инвестор пулини олиб келса-ю, 10 йилдан кейин муаммолар бошланса нима бўлади деганда, жуда бир қизиқ жавоб берган ҳоким йигитча. Мен унинг жавобини мақоланинг энг охирида айтаман.

Иккинчи эсимга тушган воқеъа: Грузия бош реформатори Бендукидзе “Бизнинг расмий мафкурамиз – виждондан бошқа ҳамма нарсани сотиш” деганида, Выдрин унга қараб “Каха Автандилович, одатда ҳамма нарса сотиладиган жойда виждон текинга совға қилиб юборилади” дегани бўлди.  

3.    Фалокат сабаблари: Умумий мезонлар номутаносиблиги.

Ҳинд сиёсий донишманлигининг икки минг йиллар аввал ёзилган Артхашстрасида шундай дейилади: иттифоқлик, уюшқоқлик оддий ҳислар, ҳоҳишлар ва сабаблар муштараклигида вужудга келади.         

Ҳар бир жамиятнинг, оломоннинг, гуруҳларнинг, шахсларнинг ҳаётий мезонлари бўлади. Ўлчов мезонлари бўлади. Ана шу мезонлар муштараклиги иттифоқларни, ҳамфикрлиларни, ҳамдардларни уюштиради. Ҳамдардлик деганда кўзингиз олдига руҳий изтиробларгина келмасин. Чунки, дарди пул бўлганлар ҳам ҳамдард саналади. Табиийки, ҳар қандай иттифоқлар ёки уюшиш вужудга келганда уларнинг умумий мезонлари шаклланади. Бу меъзонлар ҳаётий муҳим ва иккинчи даражали мезонларга бўлинади. Каримов даврида Андижонда бир воқеъа рўй берганди. Мактабга рўмол ўраб борган қизнинг рўмолини эркак ўқитувчи мажбурлаб ечтиради. Бундан қаттиқ ранжиган ота бу ҳолатни номус билан боғлиқ масала бўлгани учун тинмасдан прокуратура ва бошқа давлат идораларига шикоят ёзиб, охири ўқитувчини ишдан бўшаттиради. Шу воқеъадан кейин бутун маҳалласи у одамга нисбатан “ёзувчи” тамғасини ёпиштириб, ёмон одам сифатида муносабатда бўлади. Бу ерда аслида бир маҳаллада яшаган инсонларнинг турли ўлчов мезонлари конфликти вужудга келган. Яъники, аксарият учун бир одамнинг ишидан, яъни кун кечириш имконидан (қорин тўйдириш имконидан) маҳрум бўлиши, бир отанинг ўз қизи номуси учун ҳақли курашганидан кўра кўпроқ фожеъали бўлиб қабул қилинган. Яъни моддий мезонлар, маънавий мезонлардан устун қўйилган.

4.    Катта одамларнинг майда шахслиги

Инсон жуда катта мансабни эгаллаши мумкин, катта одам деб аталиши, билиниши мумкин. Аммо, шахс сифатида майда бўлса, минг катта мансабни эгалламасин, минг марта вазир бўлмасин, ректор бўлмасин - қиладиган иши ҳам, тафаккури ҳам майдалигича қолади. Бутун бошли коинотни ўзининг кичик қаричи билан ўлчайверади. Таассуфки, сўнгги беш йилда ҳақиқий миллатпарвар давлат хизматчилари баробарида йирик мансаб эгаси бўлган майда шахслар ҳам учраб қоляпти. Муаммо бу шахсларнинг майдалигида эмас, муаммо бундай майда шахслар ўзлари масъул бўлган соҳаларда Давлат сиёсатини юритишни ҳам майдалаштириб юборишади. Одатда бундай одамлар нопрофессионаллигини яшириш мақсадида ҳаммадан қаттиқроқ чапак чалишга, икки гапининг бирида муҳтарам президентимиз деган ифодани қўллашади. Энг ёмони лаёқатсиз бўлганлари эса ўз хато ва камчиликларини ёпиш мақсадида доимо президентнинг номидан фойдаланади ва ўзига қарши фикрлаган кимки бор давлат сиёсатига (!) қарши эканлигини исботлашга киришади. Ўзига ёқмаганлардан Ватан ва Давлат душмани ясашга ошиқишади. Мен бундай коммунистик тафаккур соҳибларини сталиннинг болалари деб атайман. Чунки улардан сталин тарбиясининг ҳиди анқиб туради. Энг қизиғи бундай раҳбарлар ўз фикрига эга бўлмагани сабабидан доимо жамоа номидан гапиради. Бир тийинга қиммат коммунистик руҳдаги чақириқлар ўйлаб топиб гўёки уларни жамоатчилик фикри сифатида тақдим этишга уринади. Биласизми совет иттифоқи ўзини ўзи кемириб битиришига сабаб бўлган энг катта омил – мансаби катта бўлмасада  ўз қарашига ва фикрига эга бўлган йирик шахсларга қарши оммавий компаниябозлик уюштириб уларни бадном қилгани бўлган. Мансаби кичик йирик шахслар мансаби катта майда шахслар томонидан йўқ қилингани бўлган. Рахматли Абдулла Ориповнинг “чумоли яралган ёппа таларга” деган мисраси, майда шахсларнинг фитратини, табиатини очиб берган аслида.

5.    Биздан ким кўр миллат ясамоқчи?

Профессор Зарифбой Ибодуллаев шахсига нисбатан бугун ана шундай “ёппа талар” информацион хуружларининг, компаниябозлик тадбирлари ўтказилаётгани мени ва дунёдаги кўплаб олимларни жиддий ташвишга солди.

           Зарифбой Ибодуллаев йиллардирки бу миллатнинг миллий хавфсизлик даражасидаги энг муҳим масала бўлган саломатлик соҳасидаги муаммоларни кўтариб келаётган йирик миллатпарвар инсон. Шунчаки мавжуд муаммоларни объектив кўтариб чиқаётган эмас, айни замонда кўтарган ҳар бир муаммога оид реал рационал таклифларни ҳам тақдим этаётган олим! Ва, энг асосийси, бугун сохта обрў илинжида гўёки халқ дардини айтаётган обрўпараст, мансабпараст ўткинчи инсон эмас, минглаб талабаларни ўқитиб миллатга хизматга етиштириб берган устоз; неврология, асаб ва рухиятга оид юзлаб мақолалар, ўнлаб китобларни ёзган, илм борасида ўз мактабини яратган бир ОЛИМ; китоблари асосида дарс берилаётган бир Устоз; дунё олимлари қаторида номи ҳурмат билан эътироф этиладиган миллатимизнинг жавохири!  

           Кеча кўзим тушган энг қабиҳ бир видеода, Тошкент Тиббиёт Академияси ректори, соғлиқни сақлаш тизимида йўл қўйган катта хато ва камчиликлари учун мамлакат раҳбарияти томонидан бошқа ишга ўтказилган Алишер Шодмонов профессор Зарифбой Ибодуллаевни Ватанпарвар эмасликда, мамлакат ривожини кўролмасликда айблади. Унинг сўзларини абзацма абзац таҳлил қилиб чиқсак муҳтарам ўқувчида бу чиқиш комсомол ташкилотида ўтказилган йиғилишдаги чиқиш бўлган бўлса керак деб ўйлайди. Чунки, бунчалик ғариб фикрлар ҳатто комунистик партия йиғилишларида ҳам савиясиз деб топилган. Афсуски, бу фикрлар мамлакат олий даргоҳларидан бирида, ўша даргоҳнинг олим ва олималари деб билинган бир гуруҳ зиёлилари иштирокида кечагина айтилди. Истаганлар бу чиқишни интернетнинг юзлаб саҳифаларида кўриши мумкин. Чунки, администрациядаги бир “ҳурматли” масъулнинг топшириғи билан ўтказилган бу йиғилиш видеоси, ўша “ҳурматлининг” илтимоси билан қудратли ташкилот томонидан оммалаштириб берилди. Бундан юз йил аввал бизнинг зиёлиларимиз ана шундай ўзимиздан чиққан “ҳурматлию”, “раҳбарча”лар пропагандаси билан сарсону яксон қилинган эди. Миллатимиз ўшанда керакли аччиқ сабоқни чиқарган эди. Менинг ақлимга сиғмаётгани шу: наҳотки улар бугунги халқни кўр, фаҳмсиз, фаросатсиз деб ўйласа?! Наҳотки, компаниябозлик қилсак бир олимни бадном қилоламиз деб ишонишса?! Наҳотки администрациядаги бир “ҳурматли” ва соҳадаги танқид қилинган масъуллар тил бириктириб Президентни ишонтироламиз ўз бўҳтонларимизга дея тушунса?! Ва энг ёмони, боринг ана Президентни ҳам бир шаклда ишонтириб бир олимдан халқ ва давлат душмани ясадингиз ҳам дейлик, наҳотки Худони ҳам алдоламиз деб билсалар?!

6.    Алишер Шодмонов ва компаниябозларга саволлар

Мен доктор эмасман. Соҳани ҳам тушунмайман. Аммо, Сиз чиқишингизда ўзбек медицинаси аҳволини кўкларга кўтариб, бир олимни бадном қилган экансиз Сизга шу Ватаннинг оддий фуқароси сифатида бир нечта саволларим бор.

Биринчиси, нега илмий тадқиқот қилаётган ёш олимларимизнинг аксарияти барча харажатларни қўя туринг, ҳатто, тажриба ўтказиш учун зарур бўлган каламушларни ҳам ўз ҳисобидан сотиб олишга, яна фақатгина рухсат этилган жойдангина сотиб олишга мажбур бўлди айнан Сиз соғлиқни сақлаш вазири бўлганингизда?!

Иккинчиси, соғлиқни сақлаш тизими шунчалик ривож топиб кетаётган экан, нега Президент қайта ва қайта соҳани танқид қилишга мажбур бўлаяпти? Ёки Сизнинг мантиғингиздан келиб чиқсак, Зарифбой Ибодуллаевга қўшилиб Президент Мирзиёев ҳам мамлакат ривожини кўролмаётган, Ватанпарвар бўлмаган одамми?! (Ўзи шу айбловларни айтишда сал фаросат қилиб ўйлаб кўрганмидингиз гапингиз қаёққа бораётганини?!).

Учинчиси, Сиз эътироф этгандек илмий тадқиқоту, иш шароитлари зўр бўлса медицина соҳасида, унда ўзбек медицинасининг умудли ва иқтидорли ёш докторлари нега яна чет элга ишга кетиб қолаяпти?! (Фақат илтимос уларни ҳам Ватанпарвар эмасликда айбламанг. Ватанпарвардек улуғ сўзни сийқасини чиқардингиз шундоқ ҳам).

Тўртинчиси, Ўзбекистонда медицина зўр ривожланаяпти экан, нега йил сайин шифо истаб чет элга бораётган беморлар сони ошиб, мамлакат ташқарисига уларнинг юз миллионлаб доллар пули нега оқиб кетяпти?! Аввал ўта оғир касаллар нажот излаб четга кетган бўлса, нега энди ўртача оғирликлардаги беморлар ҳам чет элдан шифо истаб кетаяпти?! Пули кўпайиб қутурганидан чет элга бориб даволаниб келяптими?! Сизнингча шундайми?!

Бешинчиси,  Нега бизнинг халқимиз энг кўп дори истеъмол қилувчи, мамлакатимиз эса фармакологик компанияларнинг жуда осонлик билан катта фойда кўрувчи “бозорига” айланиб қолди?!

Олтинчиси, ... (шахсиятингизга оид бўлгани учун ҳозирча бермай турман бу оғир ва очиқ саволни).

Еттинчиси, боринг ана Зарифбой Ибодуллаевни ёмонлашни уддаладингиз ҳам дейлик, бир тарафдан олий аттестация комиссияси, бир тарафдан Сиз, яна бошқа тарафдан “холис” олимчаларингиз хулосасини бирлаштириб администрациядаги “ҳурматли зот” ўз раҳбари бўлган Президент маслаҳатчисига “докладной” ҳам олиб киролди (илм фан ривожи учун масъул Президент маслаҳатчиси ўта ақлли ва оқил Инсон, йирик олимлигини эътиборга олсак, у кишининг бу ҳужжатларга ишониши қийин албатта), ва бир эҳтимол Президентга ҳам масала олиб кирилиб, боринг ана мамлакат раҳбарини ҳам бу бўҳтонларингизга ишонтирдингиз ҳамда Зарифбой Ибодуллаевни профессорлик унвонини бекор қилдирдингиз, ишдан бўшатиб кейин қаматдингиз ҳам дейлик, кейинчи?! Бу билан Ўзбекистонни бутун дунёга шарманда қилишингизни (ўзи кечаги чиқишингиздан кейин Франция ва Америкадаги олимлар Сиз ҳақингиздаги фикрларини тез орада дунё матбуотида ўқийсиз манимча), халқда давлатга нисбатан нафрат пайдо бўлишини, ёш олимлар, илмга интилаётган бошқа ёшларни синдириб қўйишингизни, бир олимни бадном қилиш мамлакат келажагига қилинган энг буюк хиёнат эканлигини англаб етаяпсизми?!

Умуман, бу ғариб ва манфур компаниябозликка ҳар қандай алоқаси борлардан бир нарсани сўрамоқчиман: бир мазлумнинг оҳи тоғни қулатади, лекин бир ОЛИМнинг оҳи дунёга ўт қўйиб юборишини англаб етасизларми ўзи?!   

7.    РУМИЙ ва КАРИМОВ

Кечадан буён Зарифбой Ибодуллаевнинг реал таклиф ва кўтарган асосланган муаммолари қолиб унга қарши қайси гўрдаги коммунистик айбловларни кўриб, ўқиб, айниқса бир профессорнинг мамлакатдаги илмий ҳолатга оид танқидий чиқишини “Давлатимизда Қозоқстондаги каби дестабилизация келтириб чиқармоқчи бўлиши эҳтимоли катта” деган фикрларини ўқиб Жалолиддин Румийнинг “Одамлар бор Шайтон уларни кўргач яхши ҳам одам эмасман дейди” деган ҳикматларини эсладим. Бу гапни ўйлаб топганлар билиб қўйсинларки, Давлатнинг хавфсизлиги учун масъуллар ахмоқ одамлар эмас! Мамлакатда халқни кўчага чиқишга мажбур қиладиган сабаб олимнинг асосли танқиди эмас, масъул лавозимда ўтириб, ана шу танқидга чидолмай амалидан фойдаланиб олимга қилинган адолатсизлик ва зулм эканлигини яхши англаб етишади!

Аммо, очиғини эътироф этишим лозим, бир олимга нисбатан уюштирилаётган бунчалик қабиҳликни кўриб рахматли Каримовнинг “Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакати” деган гапи шу қабоҳат эгалари учун айтилган шекилли деб ўйлаб қолдим.

Бир олимнинг хўрланиши жамиятда адолатсизлик, виждонсизлик, юлқичлик ва очофатлик касофатини оммалаштиради. Жиноятдан эмас, жиноятнинг ошкор бўлишидангина андиша пайдо бўлади. Ўқитувчиларни хўрлаш каби маънавий тубан жиноятлар оқибатлари узр сўраш билан бартараф этиш урфга айланади.

Давлат даргоҳида гўёки халқ ҳақида ғамхўрлик баҳонасида миллатнинг олимини хорламоқчи бўлганлардан халқ учун хайр йўқ! Уларнинг халққа ёки бошқага тугул, ҳатто ўзига ҳам яхшилиги тегмайди.

8.    КИМ АЙБДОР?

Анча йил қўшни мамлакатларимиздан бирига Президентлик қилган одам билан Москвада “Мёд и пряности” деган ажойиб бир кафеда бирга асал чой ичдик. Суҳбат давомида ундан нега мамлакатни оёққа турғизган Сиздек одам ўз фарзандларини деярли ёшлигидан европага жўнатиб юбордингиз деб сўрадим. Жавоб шу бўлди: “мен мамлакатимда ҳар иккитадан биттаси хуфя (“шпион”, “козел”, “қулоқ”) бўлган, олимлари қўрқоқ ва сотқин одамлар орасида уларнинг қўрқоқ ва сотқин бўлиб ўсишини истамадим!”...

Аслида узоқ дардлар, изтиробларни баён этиш, муаммоларни кўтариш ва рационал ечимлар таклиф этиш истагида ёзилган ушбу мақолани шу ерда тўхтатишга қарор қилдим. Воз кечдим муаммолардан ҳам, ечимларидан ҳам. Ҳамма фақат гапираётган бўлса, аммо ҳеч ким эшитмаса ва энг асосийси Аллоҳ Азза ва Жалла “қайсики қавм ўз ҳолатини ўзгартирмаса, ҳолатини ўзгартирмайман” дея ҳукм ўқиб қўйган бўлса.

Ҳа айтганча мақола бошида Сизга ваъдам бор эди, Ҳокимнинг нима деб жавоб берганини айтаман дегандим. Шу онда миямда портлаш рўй бергандек бўлди. Чунки, бошида жараёнларни тушунмаяпмиз дея ёзғирдимку эсингизда бўлса, энди топдим. Жараёнларнинг мантиқини топдим Ҳокимнинг ўша жавобидан. Ҳоким йигитча шундай деган экан: “Ўн йилгача ё эшшак, ё подшо ўлади, соққани кўпайтириш керак!”. Умидимки, Бош Вазиримиз ва бошқа масъулларимиз ёзганларимиз тўғрисида чуқур ўйлаб кўришади, халқимиз эса ўзга сайёраликларга уйланиш жоизми каби “глобал” тафаккурдан тезроқ қутулиб, агар бир олимини бугун ҳимоя эта олмаса бутун бошли келажагини йўқотиши аниқлигини унутмайди. Ҳарқалай қаттиқ умид қиламан.

Саййид Абдулазиз Юсупов.

 

Report Page