ЎЗБЕКИСТОНДА ИСЛОМ БАНК-МОЛИЯ ТИЗИМИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛ ВА ИМКОНИЯТЛАРИ
Ислом молияси2018 йилнинг май ойида Ўзбекистонда ислом банк иши ва инфратузилмасини жорий этишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси президентининг қарори лойиҳаси очиқ муҳокамага қўйилган эди. Қарор лойиҳасида тадбиркор ва фуқароларда фоиз юкига эга бўлмаган банк-молия ҳизматларига бўлган қизиқиш ва зарурият ортиб бораётгани қайд этилган.
Ислом банк-молия тизимини мамлакатимизда татбиқ қилиш масаласи юртимиз мусулмонлари, биринчи навбатда тадбиркорлари томонидан узоқ йиллар давомида катта умидлар, агар ўхшатиш жоиз бўлса, миллий валютамизнинг хорижий валюталарга эркин алмашинуви (конвертация) масаласи чорак асрдан зиёд давр мобайнида қандай кутилган бўлса, шу каби кутилаётган қарор десак муболаға бўлмаса керак. Нега бу масала мусулмон тадбиркорлари учун шунчалик муҳим деган саволнинг жавоби жуда оддий: барча мусулмонлар каби юртимиз тадбиркорлари ҳам ўз фаолиятларини нафақат амалдаги қонунчилик доирасида, балки ўз динлари талабларига мувофиқ тарзда – ҳалол йўллар билан амалга оширишни исташади.
Афсуски, мусулмон тадбиркорлари учун жуда муҳим масала бўлган – фоизсиз кредитлар, молия муассасаси ва тадбиркор шерикчилиги асосида амалга оширилувчи инвестиция лойиҳалари (мушорака), ишонч асосида молиялаштириш (музораба), ва бошқа ислом банк-молия тизимида қўлланиладиган турли операциялар ҳанузгача Ўзбекистонда мавжуд эмас. Фақатгина Ислом тараққиёт банки қошидаги Ҳусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорациясининг муробаҳа[1] молиявий операцияси маҳаллий банклар орқали жуда чегараланган ҳажмда амалга оширилган. Ислом банк иши ва инфратузилмасини жорий этиш масаласи эса энди кўриб чиқиляпти, ваҳоланки сўнгги ўн йил ичида жаҳон ислом банк-молия тизими ҳажми 758 млрд. АҚШ долларидан (2007 йил) 2 триллион АҚШ долларидан ошди (2018 йил)[2]. Ушбу тизим дунёда жадаллик билан ривожланиб, анъанавий банк-молия тизимига муқобил тизим сифатида дунёнинг кўп мамлакатлари, жумладан мусулмон бўлмаган (яъни Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзолари булмаган) давлатларда ҳам оммалашиб бормоқда. Бу ўринда Лондонни Европа ислом банк-молия тизимининг марказига айлантиришга эришган Буюк Британия ҳукуматининг тажрибаси диққатга сазовордир. 2000 йилда Англия банки давлат Ғазначилиги билан ҳамкорликда бу тармоқни ривожлантиришнинг имконият ва муаммоларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил қилди ва 2003 йилда мамлакат солиқ ва бошқариш тизимига шу мақсадга мувофиқ қатор ўзгартиришлар киритилди. Бугунги кунга келиб Буюк Британияда 20 га яқин банк-молия муассасалари (жумладан Standard Chartered, HSBC, BNP Paribas каби дунёнинг етакчи анъанавий тижорат банклари ҳам махсус ислом дарчалари орқали) ислом дини талаблари доирасида мусулмонларга ҳизмат кўрсатмоқда. Мамлакат аҳолисининг 5%ни ҳам ташкил қилмайдиган мусулмонлар банк-молия тизимига катта иқтисодий фойда келтирмаса ҳам, уларга танлаш имконияти тақдим қилган Буюк Британия ҳукуматига нафақат мусулмон аҳолиси ҳурматини қозониш, балки бутун мусулмон оламида катта сиёсий манфаатларга эга бўлиш имконини беради. Бу эса ўз навбатида нафақат анаънавий, балки ислом банк-молиясида ҳам етакчилик қилаётган Буюк Британияни дунёнинг молиявий маркази деган номга лойиқлигини кўрсатади.
Ислом банк-молия тизими жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида
Банк-молия соҳасида назорат тизими сифатининг пастлиги сабабли жуда катта хатарлар етарли инобатга олинмаганлиги, молиявий амалиётлар кўлами билан активларнинг ҳақиқий қиймати ўртасида жуда катта тафовутга йўл қўйилиши туфайли юз берган ва дунёдаги кўпчилик тараққий этган мамлакатларда асосий иқтисодий кўрсаткичларнинг ҳаддан ташқари пасайиб кетиши ва бунинг оқибатида ишлаб чиқариш суръатларининг кескин қисқариши шаклида намоён бўлган 2008 йилги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида ҳам ислом молия муассасалари ўз фаолиятларини ривожлантиришда давом этдилар. Дунёнинг етакчи анъанавий банк ва суғурта компаниялари ўз мажбуриятларини бажара олмай инқирозга юз тутган бу пайтда ислом молия муассасаларининг қудрати 2007 йил охирига нисбатан 20,3% га ўсиб, 758 млрд. АҚШ долларидан 951 млрд. АҚШ долларигача кўтарилди. Кейинги йилларда ўсиш суръатлари бироз пасайиб йилига тахминан 8-12 фоизни ташкил этди ва 2009 йил натижасига кўра 1,04 триллион АҚШ долларини, 2010 йил охирига келиб 1,13 триллион АҚШ долларини, 2011 йилда эса 1,29 триллион АҚШ долларини ташкил этди.
Иқтисодчи ва молиячилар инқирозга бундай чидамлилик сабабларини ўргана бошладилар, ислом молия институтлари иш усуллари ва амалиёт шакллари молия-иқтисод соҳаси назариётчиларининг ҳам, амалиётчиларининг ҳам диққатини ўзига торта бошлади. Таҳлил, инқирозга бундай чидамлилик сабаби жуда оддийлигини кўрсатди - ислом банк-молия тизимида “майсир” деб номланувчи, яъни ресурсларни ишлаб чиқаришга жалб қилмаган ҳолда фойда олишга қаратилган ҳар қандай cпекулятив восита ва усуллардан фойдаланиш ва арабчада “ғарар” деб аталувчи (“ғарар” сўзи араб тилида “хавф-хатар, “чалғитиш”, “хатарга рўпара қилиш” маъноларини билдиради) ўзини оқламайдиган ҳаддан ташқари таваккалчилик таъқиқланган бўлиб, ислом молия муассасалари ишлаб чиқариш тармоғига (реал секторга) таянади бу эса молиявий инқирозга чидамлилигини таъминлайди. Буни ҳатто ғарб тадқиқотчилари ҳам эътироф этганлар[3].
Бизнинг фикримизга кўра, ҳозирги замон банк-молия тизимини такомиллаштиришда “қарз берувчи-қарздор” муносабатларига эмас, балки “сотувчи-харидор” ёки “ҳамкорлик” муносабатларига асосланган ислом молия тизимидан намуна олиш дунё иқтисодиёти олдида турган муаммоларни ечишда ёрдам бериши мумкин.
Ислом банк-молия тизимининг ривожланиш истиқбол ва имкониятлари
Албатта, ислом банк-молия тизимини бекаму-кўст, деб бўлмайди. Унинг ҳам тажриба етишмаслиги, тизимнинг афзалликларини ёритиш, уни глобал даражада оммалаштириш устида сезиларли даражада иш олиб борилмаётганлиги ва қисман шу туфайли ҳануз етарли даражада ривожланиб улгурмаганлиги (бугунги кунда жаҳон молия бозоридаги улуши тахминан 1% холос), ишончли, батафсил, қулай, тушунарли ва мунтазам равишда эълон қилиб бориладиган оммабоп статистик маълумотларнинг камлиги каби ўз муаммолари йўқ эмас. Лекин шу билан бирга қуйидаги омиллар ушбу тизим ривожланишининг жиддий истиқболлари борлигини кўрсатади:
· мусулмон давлатларининг улкан молиявий имкониятлари (асосан йирик нефть ва газ заҳиралари мавжудлиги ҳисобига);
· молиявий манбаларнинг реал активлар билан боғлиқлиги туфайли ислом банк-молия институтларининг сўнгги глобал инқирозга бирмунча яхши бардош берганлиги ва шу сабаб дунё жамоатчилигининг алоҳида эътиборига сазовор бўлганлиги;
· молиявий муассасаларнинг лойиҳа натижаларига бевосита боғликлиги уларнинг ишончли ва хатари камроқ бўлган инвестицион лойиҳаларга сармоя киритишдан манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириши;
· ўзини оқламайдиган даражадаги хатарга эга бўлган лойиҳаларни молиялаш қатъий тақиқланганлиги;
· қимматбаҳо қоғозларни фақат мавжуд активлар билан таъминланган аниқ лойиҳалар асосидагина чиқарилиши ва ҳ.к.з.
Хўш, Ўзбекистонда ислом банк-молия тизими ривожланишининг мамлакатимиз учун қандай манфаатлари бор?
· мамлакатимизга ушбу тармоқнинг ривожланишига сармоя киритиши мумкин бўлган давлатлардан, биринчи навбатда Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзолари бўлган БАА, Омон, Саудия Арабистони, Қувайт, Малайзия, Туркия каби мамлакатлардан инвестициялар кириб келишининг кучайишига, бу эса ўз навбатида кириб келаётган инвестициялар диверсификациясига сабаб бўлади;
· тадбиркорларимизнинг ислом банк-молия тизими доирасида фаолият олиб бориш истаги қондирилиши уларнинг иқтисодий фаолияти кучайишига, бу эса ўз навбатида янги янги иш ўринлари яратилишига олиб келади;
· ислом банк-молия тизимининг жорий этилиши мамлакатимиз банк-молия тизимининг ривожланишига ҳизмат қилади, чунки муқобил тизимнинг кириб келиши молия бозоридаги рақобатни кучайишига, бу эса ўз навбатида анъанавий банк-молия тизимини янада ривожланишига туртки беради;
· ислом банк-молия тизимининг ривожланиши ёндош тармоқларнинг, биринчи навбатда “ҲАЛОЛ”[4] маҳсулот ва ҳизматлар бозорининг ривожланишига, бу эса ташқи бозорларга, биринчи навбатда қўшни мусулмон давлатларга бу турдаги маҳсулот экспорти ҳажмини ошишига, мусулмон мамлакатларидан ташриф буюрадиган чет эллик сайёҳлар оқимининг кўпайишига олиб келади;
· ислом банк-молия тизимининг татбиқ этилиши бошқа мусулмон мамлакатлари билан ўрнатилган иқтисодий алоқаларнинг янада кучайишга ҳизмат қилади.
Айтиб ўтилганларни инобатга олиб, Ўзбекистонда ислом банк-молия тизимини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича Ислом банк-молия тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш кенгаши тузиш мақсадга мувофиқ. Кенгашнинг ишчи органи сифатида қуйидаги асосий вазифалари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилот шаклидаги Ислом банк-молия тизимини ривожлантириш фонди ташкил этиш:
· Ўзбекистонда ислом банк-молия инфратузилмасини шакллантириш ва ривожлантириш истиқболларини ўрганиш ва шу масала юзасидан Кенгашга таклифлар тақдим этиш ва керакли ташкилий ишларни амалга ошириш;
· ислом молия тизимини шакллантириш ва ривожлантириш учун турли манбалардан (жумладан хусусий тармоқдан) молиявий маблағлар жалб қилиш (бунда молия маблағларини фақат шаффофлик сиёсати талабларига жавоб берадиган манбалардангина жалб қилиш асосий мезон бўлиши шарт);
· келажакда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритадиган барча турдаги ислом молия муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш (Марказий банк ёки бошқа давлат идора ва ташкилотларининг ваколат ва вазифаларини такрорламаган ҳолда);
· мунтазам равишда ислом банк-молия тизими буйича тижорат банклари ходимлари учун хориждан соҳанинг юқори малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда махсус ўқув курслари ташкил этиш;
· ислом банк-молия тизими яхши ривожланган чет давлатларида (масалан Малайзия ва Буюк Британияда) махсус тренинг ва семинарлар ташкил қилиш;
· Ўзбекистон тижорат банклари, лизинг ва инвестицион компаниялари ходимлари учун дунёнинг етакчи ислом банклари, лизинг ва инвестицион компанияларида амалиётлар (internship) ташкил қилиш;
· халқаро нуфузга эга олим ва мутахассисларнинг китобларини ўзбек ва рус тилларига ўгириш, улар асосида ислом банк-молия тизими бўйича қўлланмалар тайёрлаш ва чоп этиш;
· аҳолининг молиявий саводхонлигини, шу жумладан ислом молия тизими соҳасидаги тушунча ва билимларини шакллантириш ва ошириш борасида амалий ишлар олиб бориш, жумладан илмий-оммабоп мақола ва китоблар тайёрлаш ва чоп этиш, радио, телевидение ва интернетда шу мавзуда махсус эшиттириш ва кўрсатувлар ташкил қилиш, ижтимоий тармоқлар орқали турли танловлар ўтказиш ва ҳ.к.з.
Юқорида айтиб ўтганимиздек ислом банк-молия тизимининг ривожланиши “ҲАЛОЛ” маҳсулот ва ҳизматлар бозорининг ривожланишига ҳам туртки беради, чунки ҳар кандай тадбиркорлик фаолияти, жумладан “ҲАЛОЛ” стандарти талаблари асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ёки ҳизмат кўрсатишни ташкил қилиш ҳам молиявий маблағсиз амалга ошмайди. Лекин, аксарият ҳолларда “ҲАЛОЛ” тоифадаги маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштираётган тадбиркорлар анъанавий банкларнинг фоизли кредитларидан фойдаланишни лозим топишмайди (масалага мантиқан қараганда ҳам ислом дини нуқтаи назаридан таъқиқланган – рибо, яъни фоизга олинган кредит ҳисобидан ишлаб чиқилган маҳсулотни тўлақонли “ҲАЛОЛ” дейиш (гарчи бу масалада ислом уламоларининг фатвоси бўлмаса ҳам, тўғри эмас)). Шундай пайтларда ислом банк-молия тизимининг молиявий маҳсулотлари тадбиркорларга қўл келиши шубҳасиз.
Бугунги кунда “ҲАЛОЛ” стандарти талабларига жавоб берувчи маҳсулотларни экспорт қилувчи асосий мамлакатлар АҚШ, Бразилия, Австралия, Германия каби ғарб давлатлари эканлигини ва бу давлатларда ишлаб чиқарилаётган “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар анъанавий банк кредитларидан фойдаланган ҳолда ҳам ишлаб чиқарилаётганлигини назарда тутадиган бўлсак, бизнинг мамлакатимиз олдида жуда катта имконият пайда бўлади: яъни, Ўзбекистонда бошиданоқ тўлақонли, яъни ислом банк-молия тизимини ўз ичига олган “ҲАЛОЛ” индустриясини шакллантириш ва “ҲАЛОЛ” маҳсулотларни ислом молиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқишни ташкиллаштириш ва дунё бозорига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар тўлақонли “ҲАЛОЛ”, яъни нафақат ўрнатилган стандартга мувофиқ равишда, балки ислом молиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган деган мавқе билан кириб бориш мамлакатимизнинг мусулмон дунёсидаги обрў-эътиборини (имиджини) мисли кўрилмаган даражада ошишига ва бизнинг мамлакатимизда ишлаб чиқилган “ҲАЛОЛ” маҳсулотларга талабнинг ортишига сабаб бўлади деб ўйлаймиз.
Айни пайтда ислом банк-молия тизими активлари жаҳон молиявий активларининг атиги бир фоизини ташкил қилади, бироқ дунё аҳолисининг салкам тўртдан бири мусулмонлардан иборат эканлигини ҳисобга олсак тармоқнинг салоҳияти қанчалик катта эканлигини тасаввур қилишимиз мумкин бўлади.
[1] Муробаҳа молиявий операциясида ислом молия муассасаси мижоз буюртмасига асосан маълум бир маҳсулотни (мас. ускуна) харид қилади, сўнгра ушбу маҳсулотни устига шартномада кўрсатилган устама нарх қўйган ҳолда, маълум бир муддат ичида тўлаш шарти билан мижозга сотади. Бунда мижоз молнинг нархини бирданига эмас, маълум бир муддат ичида тўлаш имкониятига, молия муассасаси эса олинган молга устама қўйиб сотиб фойдага эга бўлади.
н[3] IMF Survey: Islamic Banks: More Resilient to Crisis?,
at http://www.imf.org/external/pubs/ft/survey/so/2010/res100410a.htm;
Bilal Rasul: Islamic Finance and the Global Financial Crisis,
[4] “Ҳалол” (яъни - рухсат этилган) тушунчаси – бу «ислом динида рухсат этилган маҳсулотлар» дегани, «Ҳалол» стандарти эса – маҳсулотларни ислом дини талаблари бўйича ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва тамғалаш жараёнларига бўлган талабларни белгилайди.