ЎЗБЕКИСТОНДА IFC КЎМАГИДА ҚУЁШ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИНИ БАРПО ЭТИШ БЎЙИЧА ИККИНЧИ ТЕНДЕР ЎТКАЗИЛАДИ

ЎЗБЕКИСТОНДА IFC КЎМАГИДА ҚУЁШ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИНИ БАРПО ЭТИШ БЎЙИЧА ИККИНЧИ ТЕНДЕР ЎТКАЗИЛАДИ

https://t.me/minenergy_uz

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида шу йилнинг 7-8 январида Халқаро молия корпорацияси ( IFC) кўмагида фотоэлектр (қуёш) электростанциялар қурилиши бўйича «Scalingsolar II» лойиҳаси доирасидаги тендер савдоларининг иккинчи босқичини ташкил этилиши муҳокама қилинди.  

Учрашувда IFC номидан Жаҳон банки қошидаги Халқаро молия корпорациясининг инвестициялар бўйича бош мутахассиси Атлан Бернар иштирок этди.

Музокараларда Ўзбекистон томонидан Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат-хусусий ҳамкорлигини (ДХҲ) ривожлантириш бўйича агентлик вакиллари иштирок этди.

«Scalingsolar II» доирасида Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бирининг қуввати 200 МВт га тенг бўлган иккита фотоэлектр станцияси (ФЭС) қурилиши бўйича битта лотга тендер эълон қилиниши кутилмоқда. 

Тендер савдолари 2020 йилнинг биринчи чорагида эълон қилиниши кутилмоқда. 

Қўшимча тарзда шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда IFC кўмагида халқаро тендер савдоларининг биринчи босқичи ўтказилди ва уларнинг натижалари 4 октябрда эълон қилинди. Тендер Навоий вилоятида қуввати 100 Мвт га тенг биринчи ФЭС қурилиши бўйича ўтказилган.

Ушбу лойиҳа Жаҳон банки Гуруҳига кирувчи Халқаро молиявий корпорация томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-17 май кунлари АҚШ га ташрифи давомида эришилган келишувларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Халқаро тендернинг биринчи босқичида ХХР, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, БАА, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Россия, Испания, Норвегия ва Франциядан 23 компания иштирок этмоқда, шундан квалификация олди танловидан 11 та компания ўтди.

5 та компания томонидан тендер таклифлари берилди: «AcwaPower» (Саудия Арабистони); «JinkoPower» ва «AljoimahEnergy&WaterConsortium» (ХХР/Саудия Арабистони); «Masdar» (БАА); «TBEA XinjianingSunoasisCoLtd» (ХХР) ва «TotalEren» (Франция).

Даъвогарларнинг техник ва тижорий таклифлари ўрганилиб, баҳолангач, тендер комиссияси томонидан халқаро тендернинг биринчи босқичи ғолиби деб «Masdar» (БАА) эълон қилинди, бунда тариф ишлаб чиқилган электрэнергиянинг 1 кВт.с учун 2,679 АҚШ центини, қурилиш муддати эса 12 ойни ташкил этади.


Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати  



Report Page