ЎЗБЕКИСТОНДА ДУНЁВИЙ ДАВЛАТЧИЛИК ХАВФ ОСТИДА ЁХУД ЭЛТУЗНИНГ АҲМОҚОНА ПОСТИГА ОҚИЛОНА РАДДИЯ
Mubashshir AhmadЎзбекистонда дунёвий давлатчилик хавф остида қолмоқда. Жамият ва давлатдаги Элтуз каби радикал атеизм тарафдорлари шундай таҳдидни келтириб чиқармоқда. Бугун собиқ коммунистик тузум мафкураси билан заҳарланган, исломофобия каби бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолган, радикал атеизм каби ёт ғояларга алданган шахслар оёқланиб, жамиятимизда тинчлик ва тотувликка раҳна солмоқда. Улар ўзбек давлати ва ҳукуматини халққа, ўзбек халқини эса давлатга қарши гиж-гижлашга уринмоқда. Радикал атеистлар “дунёвийлик” тамойилидан ўзининг ғаразли ва бузғунчи мақсадларида уддабуронлик билан фойдаланмоқда. Ўзбекистонни радикал шаклда “дунёвийлаштириш”, уни Шимолий Корея каби динсиз, диёнатсиз ва виждонсиз давлатга айланишини кутиб яшамоқда.
Радикал атеизм бугун Ўзбекистонда давлатчилик ҳуқуқини етарли даражада билмайдиган ёшлар, таниқли шахслар ва ҳатто давлат идораларида фаолият кўрсатаётган шахсларга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Улар демократия тушунчасини нотўғри талқин қилиниш йўли билан давлат ва халқ ўртасидаги тарангликни вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Бугун радикал атеистлар “дунёвийлик” шиори билан ўзбек халқининг хоҳиш-иродаси, турмуш тарзи, маданияти ва қадриятларига ҳужум қилмоқда. Аҳолисининг 90% мусулмон бўлган ўзбек жамиятининг дин билан боғлиқ ҳолда шаклланиб келган дунёқараши, маданияти, урф-одати, диди ва санъати айнан радикал атеистлар таъсирида бўғилмоқда. Радикал атеистлар ва уларнинг макрларига алданган давлат мутасаддилари томонидан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларининг пой-мол этилиши, инсоннинг ташқи кўриниши, соқол, рўмол масалалари, виждони, тафаккури каби ҳаётий ва умуминсоний ҳуқуқларига раҳна солиш, виждон эркинлиги, миллий ва диний қадриятларга таҳдид солувчи қонун-қоидаларни таклиф қилиш каби ҳолатлар бунга мисол бўла олади. Аслида, ушбу ноинсоний хатти-ҳаракатларнинг бирортаси “дунёвий давлат”да яшашнинг шарти эмас ёки “дунёвий давлат”нинг ваколатида эмас.
Бугун радикал атеизм таъсирида “дунёвийлик” деганда “ким жаҳаннамга киришни истаса, унга йўл очиб бериш”, бироқ, жаннатга киришни истаганларга эса имкон бермаслик тушуниладиган бўлиб қолди. Бундай мафкуранинг давлат хизматчилари орасида тарқалиши билан Ўзбекистонда ДАВЛАТ ягона – бир бутун халқ иродасини ифода этиши, ягона халқининг манфаатларига хизмат қилиши ўрнига, бир тўда радикал атеизм оқими тарафдорларининг ғаразли мақсадларида хизмат қилувчи инструментга айланиб қолмоқда. Дунёвий давлат халқнинг дунёвий эҳтиёжларига хизмат қилиш ўрнига, халқни дунёвийлаштиришга уринмоқда. Яъни Ўзбекистонда дунёвий давлатчилик хавф остида қолмоқда!
Келинг, ушбу мақолада қандай қилиб радикал атеизм таъсирида Ўзбекистонда дунёвий давлатчилик хавф остида қолаётганини кўриб чиқамиз.
Бунинг учун эса, Элтуз ва унига ўхшаган радикал атеизм оқими аъзоларининг алдовлари ва таҳдидларини фош қилиб борамиз. Шу йўл билан, радикал атеистларнинг ягона ўзбек халқи қабул қилган Конституцияни ўз манфаатлари йўлида талқин қилиб, ўзбек давлатчилигига таҳдид солишининг олдини олган бўламиз.
Биринчи алдов ва таҳдид: Конституция ва ўзбек халқининг иродасини қарама-қарши қўйиш.
Радикал атеизм тарафдорлари Ўзбекистон Конституциясидаги “дунёвий давлат” тушунчасидан ўзларининг ғаразли сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланиш, алдов ва фикрий чалғитиш йўли билан Ўзбекистоннинг ягона халқи иродасини атеистик мафкурага тобе қилишга уринмоқдалар. Жамиятдаги, ижтимоий тармоқларда фаол ва ҳатто давлат органларида хизмат қилувчи радикал атеистлар шундай талқин билан аҳолисининг 90 фоизи мусулмон бўлган ўзбек халқининг миллий ва диний урф-одатлари, ҳаёт тарзи ва иродасини бўғишга уринмоқда. Миллий ва диний тушунчаларга қарши “биз дунёвий давлатда яшаяпмиз, конституцияда шундай ёзилган” деб, халқ иродасига қарши конституцияни пеш қилмоқда. Афсуски, бундай алдовга кўплаб ёшлар, ҳатто зиёлилар ва мутасаддилар ҳам алданиб қолмоқда.
Шу ерда бир нарсани унутмаслигимиз керак. Бу жуда муҳим нуқта. Конституция бу Ўзбекистоннинг ягона халқининг хоҳиш-иродаси маҳсулидир. Ўзбекистон халқининг иродаси Конституциянинг маҳсули эмас. Яъни, Конституциянинг қандай бўлишини халқнинг иродаси белгилайди, бироқ, Конституция асло ва асло халққа нимани ирода қилишни белгилаб беролмайди.
Бугун Ўзбекистоннинг ягона аҳолиси Конституцияни қабул қилганда Ўзбекистонни “бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” бўлишини ирода қилди. Эртага эса, ҳудди президент сайлов муддатларини ноллаштирган ушбу янги Конституцияни қабул қилганидек, амалдаги Конституцияга ўзгартириш киритиши, агар бу Ўзбекистоннинг ягона халқининг манфаатига хизмат қилса, худди жадид боболаримиз орзу қилганидек, Ўзбекистонни, масалан, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон билан бирлашган Туркистон Муҳторияти шаклидаги федератив давлат деб ҳам ирода қилиши мумкин. Худди бир вақтлар СССР таркибидан мустақил бўлиб чиқишни ирода қилганидек. Бундан фожиа ясаш керак эмас. Ўзбек халқининг иродаси Конституциянинг қандай бўлишини белгилаб беради. Конституция асло ўзбек халқининг иродаси қандай бўлишини белгилаб бермайди.
Иккинчи алдов ва таҳдид: Ўзбекистон дунёвий давлат. Бироқ бу Ўзбекистон ўз халқини дунёвийлаштирадиган давлат дегани эмас. Халқаро ҳуқуқда “дунёвийлик” (secularism) ва “дунёвийлаш(тир)иш” (secularization) бир-бирига ўхшаш, аммо бир-биридан тубдан фарқ қиладиган тушунчалардир. Радикал атеистлар Ўзбекистон давдатчилигидаги “дунёвийлик” тушунчасини ўзларининг ғаразли сиёсий мақсадларига мослаб “дунёвийлаштирадиган” давлат деб нотўғри талқин қилмоқда.
Келинг, “дунёвийлик” (secularism) ва “дунёвийлаш(тир)иш” (secularization) тушунчаларининг фарқини кўриб чиқамиз.
“Дунёвий”лик давлат, дин ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи, ушбу муносабатларнинг қай тарзда бўлиши кераклиги ҳақидаги ғоя, тизимдир. Дунёвийлик диний институтларнинг ёки эътиқодларнинг устуворлигидан холи бўлган умуминсоний қадриятлар, илмлар ва жараёнларни ўз ичига олади. Бироқ, дунёвийлик асло диннинг жамиятдаги ижтимоий ва сиёсий жараёнлардан буткул сиқиб чиқаришни талаб этмайди. Ўзбекистон Конституциясига кўра дунёвий давлат, чунки Конституция бирор бир диний эътиқод таъсирида, унга тобе бўлган ҳолатда эмас, балки халқнинг иродаси билан қабул қилинган ҳужжатдир. Лекин, ўзбек халқининг хоҳиш-иродаси ўзининг диний ва миллий қадриятларини сақлаб қолиш, унга амал қилиш бўлса, халқнинг ана шундай иродаси дунёвий қонунчиликда ифода этилиши мумкин. Дунёвий давлат бунга монелик қилолмайди.
Дунёвийлаш(тир)иш (secularization) эса қасддан ёки табиий жараёнлар таъсирида жамиятнинг диндан узоқлашиши, жамият ҳаётида диний омилларнинг йўқолиши, бугунги ўзбек сиёсий тили билан айтганда диний фоннинг камайишини англатади. Яъни агар жамият диндан узоқлашаётган, ундаги диний фон камаяётган бўлса, жамият дунёвийлашаётган, агар давлат жамиятда диний фонни камайтиришга уринаётган бўлса, у ҳолда жамиятни дунёвийлаштираётган давлат бўлади, дунёвий давлат эмас.
Ўзбекистоннинг ягона халқи Конституцияни қабул қилганда давлатга дунёвий бўлиш ваколатини берган, дунёвийлаштириш ваколатини эмас.
Аслини олганда, бугун ўзбек жамияти дунёвийлашаётган, яъни секуляризация бўлаётган эмас, балки дунёвийлашишдан қайтаётган, диний ва миллий қадриятларини тиклаётган жамият ҳисобланади. Жамият ва давлат ичидаги радикал атеистларнинг оёғи куйган товуқдан типирчилаб қолганининг сабаби ҳам шунда. Жамиятда диний фон ортиб бормоқда. Ўзбек халқи диний ва миллий қадриятлар асосида яшашни ирода қилмоқда. Шу асосда ижтимоий муносабатларни ўрнатмоқда. Бу нормал ҳолат. Ўзбекистоннинг ягона халқи қандай яшашни ўзи ирода қилади. Аслида дунёвийлашишдан қайтиш нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда бирдек содир бўлаётган жараён ҳисобланади.
Бугунги кунда бутун дунёда диний, хусусан, исломий қадриятлар, маданият ва эътиқод бирдек ортиши кузатилмоқда. Ўзбекистондаги ҳолат ана шундай глобал жараённинг бир қисми холос.
Учинчи алдов ва таҳдид: Ўзбекистон дунёвий давлат, шунинг учун унда диннинг ўрни йўқ.
Конституция халқаро ҳуқуқнинг суверен субъекти бўлган “давлат” тушунчасининг низоми ҳисобланади. Ўзбекистон халқи Конституцияни ирода қилганида давлат органларининг қандай бўлиши ва қандай ишлаши, давлат ва халқ ўртасидаги муносабатлар қандай бўлишини белгилаб берган. Аммо, Конституция давлатнинг низомидир, инсон ҳаётининг, унинг хоҳиш иродасининг низоми эмас. Аниқроғи, Ўзбекистон ҳудудида яшаётган аҳоли Конституцияни қабул қилаётганда “фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда” (Муқаддима) “халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади”ган (2-модда) ДАВЛАТнинг дунёвий характерга эга бўлишини ЧЕГАРАЛАБ берди.
Шуни аниқ билишимиз керакки, Ўзбекистоннинг дунёвий давлат экани ўзбек халқи ва унинг иродасининг эмас, балки давлат органлари фаолиятининг чегарасидир. Ҳа! Айнан давлат органлари дунёвийдир, секулярдир. Давлат фақат дунёвий масалалардагина Ўзбекистоннинг ягона халқи иродасини ифода этади ва унга хизмат қилади. Давлат диний масалаларда ўзбек халқининг иродасига аралашиши, ўзбек халқининг диний эътиқодини ифода қилиши ёки унга таъсир ўтказиши Конституцияга зиддир. Дунёвийлик давлатнинг чегарасидир, халқнинг эмас. Ўзбекистон давлати ўзбек халқининг охират билан боғлиқ иродасини ифода қилиш, охират манфаатлари учун хизмат қилиш ваколатига ва мажбуриятига эга эмас.
Шунинг учун, бугун радикал атеистларнинг “Ўзбекистон дунёвий давлат” деган тушунча билан давлат органларини аҳолисининг 90 фоизи мусулмон бўлган ўзбек халқининг охират масалаларига аралашувига чақириши, давлат органларининг ўзбек халқининг диний эътиқодлари, миллий ва диний урф одатлари, ҳатто тажвид қоидаларини ўрганишини ҳам чеклашга ундаши Ўзбекистонда дунёвий давлатчиликни хавф остига қўймоқда. Радикал атеизм алдов ва қинғир йўллар билан давлат органларини ўз мафкурасига хизмат қилишга ундамоқда. Ўзбекистон давлати дунёвий давлат, халқ унга охират масалаларга аралашишга рухсат бермаган. Давлатни диний ишларга жалб қилиш ноқонуний ва конституцион тизимга зиддир.
Бироқ, дунёвийлик асло диннинг жамиятнинг ижтимоий ва сиёсий жараёнларидан буткул сиқиб чиқилишини талаб этмайди. Шундай экан, дунёвий давлат бўлган Ўзбекистонда халқ динга кенг амал қилиши мумкин. Зотан, халқ ушбу иродасини Конституцияда: “ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга” деб битиб қўйган (35-модда). Ўзбекистон дунёвий давлат, шунинг учун унда динга йўл кенг бўлиши керак.
Тўртинчи алдов ва таҳдид: Ўзбекистонда диний эркинликка йўл берилгани яхши...ми?
Бу савол ҳам алдамчи ва Ўзбекистонда дунёвий давлатчиликни хавф остига олувчи савол ҳисобланади. Зеро, Ўзбекистоннинг ягона халқи қабул қилган Конституцияда “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга”, деб ўз ҳуқуқларини ўзи белгилаб берган (33-модда). Ўзбек халқига виждон, эътиқод ва диний эркинликларни бериш давлатнинг ваколатида эмас, халқнинг умуминсоний, туғма, табиий ва фитратига оид ҳуқуқидир. Дунёвий давлат халқининг диний эркинлигига “йўл бериши” ёки “сиқиб қўйиши”га ваколатли эмас. Ўзбек халқи диний, виждон ва эътиқодий масалаларини давлатга ишониб топширмаган, фақатгина дунёвий масалаларини топширгандир. Қайсидир сиёсий куч, мансабдор шахс ёки давлат органи ўзбек халқининг виждон ва диний эркинлигига тажовуз қилувчи хатти-ҳаракатни амалга оширса, ёки ўзига ўзи шундай ваколат (қарор)ни чиқариб олса, унда Конституциядаги “Ўзбекистон дунёвий давлат” деган чегарадан чиққан бўлади.
Шунинг учун ҳам, Элтуз ва унга мақола ёзиб берган радикал атеистларнинг “Ўзбекистонда диний эркинликка йўл бериш ёки бермаслик” масаласи давлатнинг конституцияда унга берилган ваколат – чегара бўлган “дунёвийлик” тушунчасини суиистеъмол қилиш, Ўзбекистонда дунёвий давлатчиликни хавф остига олувчи ҳолат ҳисобланади. Айнан ўшалар, бугун аҳолисининг 90% мусулмон бўлган Ўзбекистонда дунёвий ишларга масъул давлатни халқнинг диний иродасига қарши қўйишга ундамоқда. Бу вазият диндор фуқароларда радикал атеистик ташвиқот таъсирида “дунёвийлик” тушунчасига нисбатан нафрат ҳиссини келтириб чиқармоқда. Натижада Ўзбекистонда дунёвий давлатчилик реал хавф остида қолмоқда.
Айнан Элтузга ўхшаган радикал атеистик жамоалар: “энг ёмони шундаки, Ўзбекистон ҳукуматининг жамият диний радикаллашувининг олдини олиш бўйича ҳеч қандай тайинли режаси ва дастури мавжуд эмас. Ўзбекистон ҳукумати бир неча масалалар бўйича дунёвий давлатчилик позициясини бой бериб бўлди”, деган сўзлар билан давлатни дунёвийликдан чиқиб, атеистик эътиқодга хизмат қилувчи инструментга айланишини исташмоқда.
Бешинчи алдов ва таҳдид: “Дунёвийликни очиқдан-очиқ инкор қилувчи, шариат асосида яшашни жорий этиш ҳамда Ўзбекистонни ислом давлатига айлантиришини истовчилар сони ортиб бораётганлиги етмаганидек, энди уларнинг талаблари ҳам конкретлашмоқда.”
Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистонда Элтуз истаган сохта “дунёвийлик”, аслида эса радикал атеизмни очиқдан-очиқ инкор қилувчи фуқаролар сони ортиб бормоқда. Ўзбекистон ягона халқининг дунёқараши, тафаккури ўзгариб бораётгани, унинг атеизм ва дунёвийлашишдан қочиб, миллий ва диний қадриятларига қайтаётганини, умуман олганда, Ўзбекистоннинг ягона халқи иродасида “диний фон” ортиб бораётгани рост. Конституцияга кўра, демократик давлат бўлган Ўзбекистон ўзининг “демоc”и яъни халқининг дунёвий иродасини ифода қилиши, унинг дунёвий манфаатларига хизмат қилиши керак. Демократиянинг талаби шу! Ўзбекистоннинг ягона халқининг иродасининг тобора диний ва миллий қадриятларга асосланиши ҳеч қандай шаклда Ўзбекистонда дунёвий давлатчиликка таҳдид солмайди. Зеро, Ўзбекистоннинг ягона халқи давлатга фақат дунёвий иродасини ифода қилишни, фақат дунёвий манфаатларига хизмат қилишини топширган.
Агар Ўзбекистон аҳолиси Элтуз ва унга ўхшаган радикал атеистларга учуқ чиқарадиган даражада “толибонлашиб” кетса ҳам, давлатнинг вазифаси халқнинг иродасига қарши эмас, балки унинг манфаатларига хизмат қилиши керак бўлади. Ахир, демократиянинг моҳияти ҳам шу эмасми?
Аслида, Ўзбекистонда давлат ва диндорлар орасида эмас, балки радикал атеистлар ва аҳолининг 90 фоизини ташкил этувчи мусулмонлар ўртасида зиддиятлар содир бўлмоқда. Афсуски, радикал атеистлар давлат ва “дунёвийлик” тушунчасини ўзларининг атиестик мафкураси йўлида талқин қилишига уддабуронлик билан уринмоқдалар. Натижада, диндорлар орасида соф дунёвийлик тушунчасига нисбатан ноўрин салбий муносабат шаклланмоқда. Айнан радикал атеистларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистонда дунёвий давлатчиликка таҳдид солинмоқда. Радикал атеистлар Ўзбекистон Конституциясидаги “дунёвий давлат” тушунчасини “дунёвийлаштирадиган давлат” деб нотўғри талқин қилмоқда. Биз “дунёвий давлат” тушунчасини радикал атеистларнинг сохта “дунёвийлаштирадиган давлат” талқинидан асрашимиз керак.
Биз Ўзбекистон давлатини радикал атеизмдан ҳимоя қилишимиз, жамият ва давлат идоралари ичидаги радикал атеистларни “дунёвийлик” тушунчасини нотўғри талқин қилишининг олдини олишмиз, “дунёвий давлат” тушунчасини халқ истаган шаклда талқин қилинишини тарғиб қилишимиз керак. Зеро, Ўзбекистоннинг дунёвий давлати унинг ягона аҳолисининг дунёвий иродасини ифода қилиб, унинг дунёвий манфаатларига хизмат қилиши керак. Давлатни ўзбек халқининг виждонига қарши чиқишга чақирувчи, халқ ва давлатни бир-бирига қарши гиж-гижловчи радикал атеистларнинг таъсир доирасига тушишдан сақланиш керак.
Биз “фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган” ҳолда давлат барпо этганмиз ва давлатни айнан мана шу мақсадда халққа хизмат қилишини истаймиз.
© Тарих ва сиёсат