ЎЗБEКИСТОНДА АСТРОНОМИЯ: РEНEССАНСДАН РEНEССАНСГАЧА

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: «Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади», деган сўзлари барчамизни бу ҳаракатга астойдил ёндошишга даъват этади.
Эътиборингизга ҳавола этилаётган мақолада буюк уйғонишлар даври Ренессансларнинг рўй беришида маърифатли ҳукмдор-метсенатларнинг қадимда ва бугунги кундаги ролига астрономия фани мисолида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Астрономия бошқа илм-фан соҳалари каби ўзининг тараққиётида гуркираб ривожланиш ҳамда турғунлик даврларини бошидан кечирган. Само сирларини ўрганишга қаратилган фаннинг навбатдаги юксалиш даври милодий ИХ асрда Бағдодда бошланган. Машҳур «Минг бир кеча» эртакларининг қаҳрамони Ҳорун ар-Рашид ўғли Абдуллоҳни Хуросонга ҳоким этиб тайинлайди. Табиатан илм-фан метсенати (ҳомийси) бўлган Абдуллоҳ вилоятнинг пойтахти Марв шаҳрида замонасининг истеъдодли олимларини тўплаб, илмий марказ ташкил этган. Булар орасида Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад Фарғонийлар ҳам бўлган.
У 809 йили Бағдодга қайтиб, тахтга халифа ал-Маъмун номи билан ўтиради. Ал-Маъмун Байт ул-Ҳикма («Донишмандлар уйи»)ни тузиб илм-фанни, айниқса, астрономияни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган. Байт ул-Ҳикманинг донғини дунёга ёйишда энг салмоқли ролни айнан бизнинг ватандошларимиз Хоразмий ва Фарғонийлар ўйнаган.
Лекин биз буюк бобокалонларимизнинг ижоди ҳақида гапирганимизда, илмий меросини ўрганишга қаратилган анжуманлар ўтказганимизда негадир ижодий ишларини амалга оширишда уларга шароит яратиб берган, замонанинг долзарб масалаларини ечишни вазифа қилиб қўйган ва бу жараённи молиявий таъминлаган метсенат-ҳукмдорларни умуман эсга олмаймиз. Масалан, 827 йили Санжар чўлида Ер меридианининг бир градусини ўлчаш орқали сайёрамизнинг ўлчамларини аниқлаш масаласи астрономлар олдига шахсан халифа ал Маъмун томонидан қўйилган. Чунки карвон ва денгиз йўлларидан юриб мамлакат иқтисодиётида ўта муҳим бўлган савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйиш учун Ернинг ўлчамларини, турли ўлкалар ва шаҳарлар орасидаги масофаларни аниқ билиш тақозо этиларди.
Унинг буйруғи билан Бағдодда Шамоссия, Дамашқ яқинида эса Касиюн астрономия расадхоналари барпо этилган. Беихтиёр Президентимиз кўрсатмаси билан Зоминдаги Суфа ясситоғида барпо этилаётган Радиообсерватория ва Майданак тоғидаги оптик обсерватория хаёлимизга келади.
Тарихий манбаларда муҳим амалий аҳамият касб этган ўлчашларда халифа ал-Маъмун ҳам иштирок этиб, бугунги кун тили билан айтганда натижаларни давлат протоколларига киритиб, муҳрлатган. Балки шунинг учун ҳам энг муҳим илмий натижалар қандайдир дафтарларга ёзилиб йўқолиб кетмасдан кейинги авлодларга етиб келгандир.
Ҳозирда биронта илмий натижа ўзининг аниқлик даражаси устуворлигини бир неча йил давомида сақлаб қолса катта ютуқ ҳисобланади. Ўша, 827 йили Санжар чўлида Аҳмад Фарғоний иштирокидаги Ер меридиани ўлчови аниқлигидан саккиз аср давомида биронбир киши ўта олмаган. Бу давр бекорга Биринчи Ренессанс даври деб аталмаган ахир.
Биринчи Ренессанснинг иккинчи босқичи икки аср ўтиб асосан Хоразмда фаолият кўрсатган Маъмун академияси билан боғлиқ. 2023 йили Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллиги ЮНEСКО шафелигида кенг нишонланди. Шу муносабат билан ташкил этилган анжуманларда ҳам Берунийнинг ҳомийлари, унга шароит яратиб берган ҳукмдорлар умуман тилга олинмади. Ваҳоланки, Беруний ўз ҳаётида (айрим нохуш даврларни ҳисобга олмаганда) доим ҳукмдорлар паноҳида ижод қилган. У 1004-1017 йилларда илмий фаолият олиб борган даргоҳ бекорга Хоразм Маъмун академияси дейилмаган.
Абу Райҳон Беруний ижодининг энг самарали йиллари Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ворислари даврига тўғри келади. Олимнинг таъкидлашича, у айниқса, Маҳмуднинг ўғли Маъсуддан алоҳида иззат-ҳурмат кўрган. Беруний ўзининг астрономияга бағишланган шоҳ асарини унга бағишлаб «Қонуни Маъсудий» деб номлаган ва шу билан ҳукмдорнинг номини абадийлаштирган. Ҳиндистоннинг машҳур давлат арбоби Жаваҳарлаъл Неру Берунийнинг «Ҳиндистон» асари унинг ватанига бағишланган энг буюк тадқиқот эканлигини қайд этиб ўтган. Агарда Маҳмуд Ғазнавий Берунийни Ҳиндистон юришига олиб бормаганида ва унга бир неча йил давомида хотиржам ишлашга шароит яратиб бермаганида «Ҳиндистон» асари қандай ёзиларди?
Неру яна бир буюк бобокалонимиз Мирзо Бобур ва унинг набираси Акбаршоҳнинг мамлакат ривожидаги хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтган. Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, бобурий султон Муҳаммадшоҳ топшириғи асосида ғазна маблағлари ҳисобидан Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги расадхонаси тузилиши андозасида Деҳли, Банорас ва Удайпур шаҳарларида обсерваториялар барпо этилган. Бу тадқиқот марказларида олиб борилган кузатишлар асосида тузилган зижлар ҳинд халқига асрлар давомида хизмат қилиб келган. Зиж, аслида, бир тақвимдан бошқасига тарихий саналарни ўтказиш, масжидлар қурилганда қибла томонини белгилаш, аҳоли пунктларининг географик координатларини аниқлаш, Қуёш ва Ой тутилиш вақтларини башорат қилиш ва яна кўплаб амалий масалаларни ечишдаги маълумотнома бўлган.
Иккинчи Ренессанснинг бешиги бўлган юртимиздаги буюк уйғониш даври Темурийлар ҳукмронлик қилган йилларга тўғри келади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда: «Бу – жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқатдир!»
Мирзо Улуғбек илмий мактабининг фаолияти Самарқандни жаҳон астрономия марказига айлантирди. Унинг обсерваториясида оригинал кузатишлар натижасида тузилган юлдузлар жадвали юнон астрономи Гиппарх томонидан милоддан аввалги ИИ асрда тузилган каталогдан, яъни ўн олти асрдан (!) кейин биринчи аниқ каталог эди.
Энди Мирзо Улуғбек эришган юксак илмий ютуқларда унинг буюк бобоси Амир Темурнинг ролига тўхталиб ўтмоқчимиз. Адолат юзасидан шуни айтиб ўтишимиз керакки, Амир Темурнинг ҳарбий саркарда ва давлат арбоблигидан ташқари, унинг илм-фан, архитектура, амалий санъат ва яна бир қатор гуманитар соҳаларнинг ривожидаги роли тарихий асарларда кенг ёритилган. У жаҳоннинг энг малакали олиму фузалолари, санъаткорлари, меъмор, заргару кулолларини, умуман олганда, турли соҳаларнинг энг етук мутахассисларини йиғиб, юксак илмий-ижодий муҳитга асос солганига эътиборингизни жалб этмоқчимиз. Мирзо Улуғбек шу муҳитда яшаб, ўзи ҳам Соҳибқирон ғазнасида тўпланган бойликлар ҳисобидан мадрасалар, астрономия обсерваторияси қурган ва яна кўплаб бошқа ободонлаштириш ишларини амалга оширган.
Кўпчиликнинг эътиборидан ташқарида қолган тағин бир гап бор. Мирзо Улуғбек тузган 1018 юлдузнинг жадвали ХВИИ асрнинг ўрталарида илк бор Европада эълон қилинганида уни ҳали ҳеч ким танимас, Амир Темур эса кўҳна қитъани Боязид Йилдиримдан халос қилган саркарда сифатида машҳур эди. Шунда ноширлар бу ҳолатдан фойдаланиб, Мирзо Улуғбекнинг асарини «Буюк Тамерланнинг набираси Улуғбекнинг астрономик жадваллари» сарлавҳаси билан чоп этишган. Тарихда кўплаб шахсларнинг номлари ҳақоратомуз лақаблардан келиб чиққан бўлсада, кейинчалик асл маъносини йўқотиб тарихий шахснинг исмига айланган. Худди шундай ҳолат Амир Темурнинг «Темур ланг» («Оқсоқ Темур») лақабидан келиб чиқиб, кейинчалик бу лақабнинг маъноси унутилиб, Европада «Тамерлан»га айланган. Бунинг исботи сифатида унинг исмига «Буюк» эпитети қўшилганини айтиб ўтишимиз мумкин. «Тамерлан» бугунда Амир Темурнинг дунёда қабул қилинган исми. Биз буюк бобокалонимизни Амир Темур деб атайверамиз, лекин бошқа халқлар уни Тамерлан деб аташса, буни ҳақорат деб қабул қилмаслигимиз керак.
Мирзо Улуғбек жадвалининг Оксфордда 1665 йилда Томас Хайд томонидан чоп этилган нашрининг муқоваси. Муқовада: «Қўзғалмас юлдузларнинг Буюк Тамерланнинг набираси Улуғбек кузатишлари асосида тузилган жадвали» дейилган.
Мирзо Улуғбек Амир Темурнинг энг севимли набираси бўлган. Ўз навбатида Улуғбекнинг ҳам буюк бобосига меҳри жуда кучли бўлган. У отаси Шоҳрух Мирзо вафотидан кейин атиги икки йил давомидагина ўз номидан тангалар зарб этган. Шунинг учун Мирзо Улуғбек зарб этган тангалар нумизматикада ўта ноёб топилма ҳисобланади. Ўзбекистон тарихи музейи архивида Мирзо Улуғбек зарб этган бир жуфт кумуш танга сақланади. Тангаларда қуйидаги ёзув битилган: «Темур кўрагон ҳимматидан Улуғбек кўрагон сўзим». Ундан бошқа биронта ҳам темурий ҳукмдор зарб этган тангаларида Амир Темурнинг номини келтирмаган. Эътибор беринг, бу оригинал ёзувда «амир» ва «мирзо» қўшимчаси йўқ. Бу далилдан улуғ адиб Мақсуд Шайхзода моҳирона фойдаланган. «Мирзо Улуғбек» драмаси ва «Улуғбек юлдузи» кинофильмида Шукур Бурхоновнинг жарангдор овози билан бу хитобни кўп эшитганмиз.
Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида Президентимиз мамлакатимизда тизимли равишда қатор ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Сўнгги етти-саккиз йил давомида илм аҳлининг ҳаётида кескин ўзгаришлар рўй берди. Энг аввало, олимларнинг иш ҳақи тўрт баробар оширилди. Натижада жамиятда илм аҳлининг мавқеи кўтарилди, иқтидорли ёшлар илм-фан соҳасига қайта бошлашди. Уларнинг жаҳон етакчи марказларида қисқа ва узоқ муддатли малака ошириш ҳаражатлари давлат ҳисобидан қоплаб берилмоқда. Илмий лабораториялар зарурий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, олимларнинг яшаш шароитларига ҳам катта эътибор берила бошланди. Биргина Фанлар академияси тизимида ёш тадқиқотчиларга имтиёзли шартлар асосида 150 га яқин хонадонлар ажратилди. Оилали докторантларга Президент совғаси сифатида 25 та хонадон бепул берилди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида фанимизнинг салоҳияти сезиларли даражада ошди ва олиб борилаётган илмий тадқиқотлар янги сифат даражасига кўтарилди.
Таълим тизимида ҳам мактабдан бошлаб олий ўқув юртларигача самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президент мактабларида таҳсил олган ўқувчилар келгусида мамлакатимизнинг турли соҳаларида етук мутахассис бўлиб шаклланишига катта умид билан қаралмоқда. Биз астрономлар Президент мактабларининг биринчиси Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб бўлганини алоҳида мамнуният билан қабул қиламиз. Куни кеча мактаб таълимини ривожлантириш ва сифатини оширишга оид режалар тақдимоти билан танишиш пайтида Президентимиз айнан шу мактабда Мюнхен техника университети билан ҳамкорликда, тажриба тариқасида, муҳандислик дастурларини жорий қилиш таклифини маъқуллади. Ўқувчилар учун амалий машғулотлар ўтказиш мақсадида «Астрономия ва аэронавтика» боғини барпо этиш ҳам режалаштирилган. Умид қиламизки, бу масалани ҳал қилишда Мюнхен техника университети мутахассисларининг кўмаги айни муддао бўлади. Бу чоралар мамлакатимиз Раҳбарининг Мирзо Улуғбекка ва астрономия йўналишига бўлган алоҳида эътиборидан далолат беради.
Яна бир қувончли ҳолат узоқ йиллардан бери қурилиши тўхтаб қолган Зомин Суфа ясситоғидаги бош антеннанинг диаметри 70 метрли радиотелескопни барпо этиш ишларининг жадаллашганидир. Ҳозирда Россия Фанлар академияси билан биргаликда мамлакатлар раҳбарларининг бу борадаги келишувларини амалга ошириш устида ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ўзининг астроиқлими (осмон жисмларини кузатиш шароитлари) бўйича жаҳонда етакчилардан бири ҳисобланган Майданак астрономия обсерваториясининг ҳам инфратузилмасини туризмни ривожлантириш орқали жаҳон талаблари даражасига олиб чиқиш йўлидаги уринишлар диққатга сазовор. Лекин бу ишларни пухта ўйлаб амалга ошириш зарур. Акс ҳолда туристик зоналар барпо этамиз, деб Майданак тоғининг ноёб астроиқлимига путур етказиб, жаҳон илмий марказларининг Майданак обсерваториясига бўлган қизиқишини пучга чиқариб қўйишимиз мумкин.
Майданак астрономия расадхонаси ўзининг астроиқлими (осмон жисмларини сифатли кузатиш) бўйича жаҳоннинг энг нуфузли обсерваториялари билан рақобатлаша олади. Шунинг учун бу обсерватория бизнинг миллий бойлигимиз деб қаралиши керак.
Мақоламиз якунида яна бир муҳим гапни айтиб ўтмоқчимиз. Бугун табиий фанлар соҳасида оламшумул натижаларни қўлга киритиш учун ноёб асбоб-ускуналарга эга бўлишимиз зарур. Бу борада ҳам Раҳбаримиз томонидан олимларимизга имкониятлар яратилиб берилмоқда. Лекин энг замонавий асбоб-ускуналар катта маблағ талаб этади. Астрономия фани ҳам бундан мустасно эмас. Замонавий телескоплар ва ускуналар юзлаб миллион АҚШ доллари туради. Бошқа фанлардан фарқли ўлароқ, астрономия соҳасининг муҳим томони шундаки, ҳар қандай ноёб ускуна ясалганидан кейин уни ўрнатишга мақбул жой топиш керак бўлади. Бу жиҳатдан Ўзбекистонда Аллоҳ таоло бизга инъом этган Суфа ва Майданак каби юксак астроиқлимга эга масканлар бор. Шунинг учун бизнинг ўлкамизга жаҳоннинг нуфузли марказлари ўз телескопларини ўрнатишдан манфаатдор. Бундай имкониятдан биз оқилона фойдаланиб қолишимиз керак. Шунда Учинчи Ренессансга ва буюк бобокалонларимизнинг меросига муносиб оламшумул илмий натижаларга эришишимиз мумкин.
Шуҳрат ЭГАМБEРДИЕВ, ЎзР ФА Астрономия институти директори,
Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, академик
«Жадид» газетаси 2024 йил 12 апрель 16-сон