ЎЗБЕКИСТОН ЖССТ ЕВРОПА МИНТАҚАВИЙ ҚЎМИТАСИНИНГ 71-СЕССИЯСИДА ИШТИРОК ЭТМОҚДА

ЎЗБЕКИСТОН ЖССТ ЕВРОПА МИНТАҚАВИЙ ҚЎМИТАСИНИНГ 71-СЕССИЯСИДА ИШТИРОК ЭТМОҚДА


Бугун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий қўмитасининг 71-сессияси онлайн видеомулоқот тарзида ўз ишини бошлади.

Сессиянинг очилишида Даниянинг валиаҳд маликаси Мэри Элизабет, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус қатнашди. 

Тадбирда ЖССТнинг Европа минтақавий бюросига аъзо бўлган 53 давлатдан нуфузли вакиллар ва соғлиқни сақлаш вазирлари, ҳамкор ташкилотлар ва фуқаролик жамиятлари вакиллари қатори ўзбекистонликлар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Юртимиз номидан соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев қатнашиб, мамлакатимизда соҳа бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳоли саломатлигини асраш борасидаги ҳалқаро миқёсдаги масалаларнинг Ўзбекистонда амалга оширилиши тўғрисида маълумот бермоқда. 

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад тиббиёт соҳасидаги кенг қамровли масалалар, келгуси фаолият йўналишларини муҳокама қилишдир. Сессияда ўтган йили Европа минтақавий қўмитаси томонидан қабул қилинган, 2020–2025 йилларга мўлжалланган “Европа аҳолиси саломатлигини яхшилаш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар” иш дастурини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, Европа минтақасида соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳолати, пандемия давридан олинган сабоқлар: юқумли касалликлар янги турларининг тарқалиши эҳтимолига тайёргарлик, пандемия даврида бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматининг ўрни, иммунизация йўналишидаги вазифалар каби масалалар диққат марказида бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ЖССТ Европа минтақавий бюросига аъзо бўлган 53 давлатдан бири бўлиб, ташкилот билан кўп томонлама ҳамкорлик қилиб келади. Бу ҳамкорлик, айниқса, пандемия даврида янада мустаҳкамланди. ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге юртимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳар бир янгиланишга ўзининг ижобий муносабатларини билдириб, муҳим жабҳаларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шунингдек, ЖССТ Европа минтақавий бюросининг 69-сессиясида (2019 йилнинг сентябрь ойида) унинг директорлигига сайланган доктор Ханс Клюге ўзининг илк расмий хорижий ташрифини 2020 йил 10 февраль куни айнан Ўзбекистондан бошлаганини алоҳида таъкидлаш лозим. 


Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда коронавирусга чалинган беморларни даволашдан тортиб, айни кунларда олиб борилаётган вакцинация жараёнларини олиб бориш ҳамда аҳолини эмлаш тадбирларига жалб этишда, карантин тадбирларини ташкил этишда бевосита ЖССТ тавсияларига амал қилинмоқда. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий қўмитасининг 71-сессияси 15 сентябрга қадар давом этади. 


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

  

 ▶️@ssvuz

 ▶️@ssvmatbuotkotibi

Report Page