ЎЗБЕКИСТОН ВА ТОЖИКИСТОН БИРГАЛИКДА ГЭС ҚУРИШ МАСАЛАСИНИ МУҲОКАМА ҚИЛМОҚДА 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТОЖИКИСТОН БИРГАЛИКДА ГЭС ҚУРИШ МАСАЛАСИНИ МУҲОКАМА ҚИЛМОҚДА 

https://t.me/minenergy_uz

Тошкентда 2020 йилнинг 28 январида Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаси ишчи гуруҳларининг Тожикистон Республикаси ҳудудида Зарафшон дарёсида биргаликда ГЭС қуриш масаласини муҳокама қилиш бўйича музокаралари бўлиб ўтди. 

Шу мақсадда мамлакатимизга Тожикистоннинг энергетика ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шоимзода Жамшед Шоди бошчилигидаги нуфузли делегацияси ташриф буюрди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Жўрабек Мирзамахмудов таъкидлаганидек, учрашувнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Зарашфон дарёсида гидроэлектр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланишда улушбай иштирок этиш тартиби ва шартлари тўғрисидаги битим лойиҳасини муҳокама қилишдан иборат.

Маълум келишувларга эришилганидан сўнг лойиҳа тафсилотлари электр энергияни харид қилиш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиш тўғрисидаги битимда баён қилинади. 

Гидро электр станцияларни босқичма босқич амалга оширилиши кўзда тутилади: даставвал ҳисоб-китоб қиймати 282 млн. долл., қуввати 140 МВт бўлган, 700-800 млн. кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарувчи Ёвон ГЭСи қурилади. Навбатдаги босқичда томонлар Фандарёда ҳисоб-китоб қиймати 270 млн. долл., қуввати 135 МВт бўлган, 500-600 млн. кВт-соат  электр энергия ишлаб чиқарувчи ГЭС қурилиши имкониятини кўриб чиқади.  

Қурилган гидроэлектростанциялар фақат Ўзбекистон Республикаси эҳтиёжлари учун 1400 млн. кВт.с экологик соф электр энергия ишлаб чиқаради.

Шунингдек, лойиҳа ягона энерготизими қувватининг энг юқори нуқтасини сақлашга, ГЭС ни бирга қуриш ва фойдаланишда қўшимча иш ўринлари яратилишига, электр энергиянинг тенг асосда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бошқа ҳудудларига узатилишига кўмаклашади.

Тожикистон томони таъкидлаганидек, “ушбу учршув лойиҳани амалга ошириш борасида биринчи қадам бўлиб, икки давлат етакчилари иродасини ифодалайди”.  

Шунингдек, делегация аъзолари Ўзбекистон томонидан энергетика соҳасида жадал ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Қўшимча тарзда айтиш мумкинки, Тожикистонда Зарафшон дарёсида умумий қуввати  320 МВт га тенг иккита ГЭС ни биргаликда қуриш масаласини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Тожикистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августда имзоланган Қўшма баёнотида кўзда тутилган эди.

Кейинчалик ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да акс эттирилган.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати 


 




Report Page