“ЎЗБЕКИСТОН. СЕВГИ ҲАҚИДА АФСОНАЛАР” ФИЛЬМИНИНГ ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТДИ

“ЎЗБЕКИСТОН. СЕВГИ ҲАҚИДА АФСОНАЛАР” ФИЛЬМИНИНГ ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТДИ

Фирдавс Абдухолиқов: “Биз Ўзбекистонга бўлган соф муҳаббат ҳақида фильм яратдик!”

24 август куни “Россия–Культура” ва “Севимли” телеканалларида “Ўзбекистон. Севги ҳақида афсоналар” фильмининг тақдимот намойиши бўлиб ўтди.

Мазкур фильмда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари яшаётган Ўзбекистон заминидаги қадим цивилизациялар, қадриятлар, тилдан тилга кўчиб келаётган афсоналар, бу юртда ҳукм сурган диний бағрикенглик, ўзбек халқининг санъати ва маданияти, меъморчилиги, миллий пазандачилиги, юз йиллардан бери давом этиб келаётган анъаналар ҳақида сўз боради. Фильмдан қадимги даврлардан то бугунги кунгача Ўзбекистоннинг тарихий тараққиёти босқичлари ҳақида ҳикоя қилинган.

Фильм ғояси муаллифи ва продюсери Фирдавс Абдухолиқовнинг айтишича, Ўзбекистон ҳужжатли киноси тарихида илк бор мазкур фильмда ноанъанавий усул ишлатилган – изоҳ ва интервьюлар қўлланилмаган. Фильм қаҳрамонлари – турли даврларнинг тарихий қаҳрамонлари ва турли сулолалар вакилларидир.

 «Бундан ташқари, “Россия-Культура” телеканали вакиллари билан узоқ давом этган баҳслар натиджасида фильмда шеърий парчалардан фаол фойдаландик. Фильмда Лутфий, Алишер Навоий, Бобур, Умар Ҳайём. Ҳофиз ва бошқа шоирларнинг шеърларида, шунингдек, турли олим ва донишмандларнинг ҳикматли сўзларидан фойдаланилди, - дейди Ф.Абдухолиқов.

Мазкур фильмнинг асосий ғояси – бутун борлиққа муҳаббатдир. Ёрга муҳаббат, онага, Ватанга, касбга, билимга, устозга бўлган муҳаббат унда яққол акс этади. Бу буюк ҳиссиёт жозибаси, куч-қудрати фильм давомида яққол кўзга ташланади. 

“Муҳаббат туйғуси бўлмаганида, ўзбек халқи бундай гўзал меъморчилик намуналари яратмаган, Ўзбекистон маданий мероси деган тушунча ҳам юзага келмаган бўларди” – дейди фильм продюсери.

Ўзбекистонлик продюсернинг Россиянинг ушбу телеканали билан ҳамкорлиги “Ўзбекистон – қумликлар жавоҳири” фильмидан бошланган. Кейинчалик, “Ўзбекистон – қўлга киритилган кашфиётлар”, “Қорақалпоғистон – вақт қумлари оралаб”, “Нукус. Номаълум коллекция” фильмлари яратилди.

Мазкур ҳужжатли фильм “Россия-Культура” ва “Севмли” телеканаллари, ЎзЭОАВМА, Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида тайёрланди

Report Page