ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДВОКАТЛАР ПАЛАТАСИ ВА USAID ЛОЙИҲАСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДВОКАТЛАР ПАЛАТАСИ ВА USAID ЛОЙИҲАСИ


Адолат қўрғони

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги - USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда Адвокатлар палатаси биносида махсус замонавий ускуналар билан жиҳозланган ўқув хонаси ва суд зали ташкил этилган. Бу тадбир Адвокатлар палатасида, адвокатларни масофавий ўқитиш тизимини яратиш бўйича лойиҳани амалга оширишнинг бошланғич босқичи эди.

Лойиҳанинг кейинги босқичи сифатида мамлакатимизда фаолият юритаётган тажрибали, малакали ва муваффақиятли адвокатлар орасидан тренерлар танлаб олинди ва уларни масофавий таълимни сифатли ва самарали олиб боришга тайёрлаш мақсадида хорижий экспертлар жалб қилинган ҳолда тренерлар учун махсус тренинглар ўтказилди.

Замонавий методика ва механизмларни ўзлаштирган тренерларимиз ҳуқуқнинг турли соҳалари бўйича ўзларининг биринчи ўқув материалларини ишлаб чиқдилар ва ўқув хонаси ҳамда суд залидан мақсадли фойдаланган ҳолда адвокатлар, адвокатлик мақомини олишга талабгорлар, адвокат стажёрлари ва ёрдамчилари, олий ўқув муассасаларининг юридик факультетлари талабалари учун интерфаол машғулотларга асосланган ҳам оффлайн ҳам онлайн ўқув курсларини олиб бордилар. Айтиш жоизки, масофавий ўқитиш тизимимизнинг илк қалдирғочлари ўқув курслари жуда қизиқарли ва самарали ўтгани, тренерлар жуда маҳоратли экани ва шундай ўқув курслари тизимли ўтказилиши фойдали эканини билдирдилар. Бу лойиҳамизнинг кейинги босқичи бўлди.

Ҳозирги кунда тренер-адвокатларимиз қаторини кенгайтириш ва бугунги кунда долзарб мавзуларда янги ўқув материалларини ишлаб чиқиш ҳамда Адвокатлар палатасининг барча ҳудудий бошқармаларини масофавий таълим учун зарур бўлган техник ускуналар билан жиҳозлаш устида ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда, мазкур тизимни яратишда ўз меҳнатини аямаётган адвокат-тренерларимизнинг ҳам ҳиссаси беқиёс эканини таъкидлаш жоиздир.

Лойиҳани амалга оширишда Адвокатлар палатасида ўқув машғулотлари учун жиҳозланган суд залида реал суд мажлисларини, яъни сайёр суд мажлисларини ўтказиш, бунда ўқитиш мақсадларида адвокатлар ва адвокатликка талабгор шахслар жалб қилиниши ҳам назарда тутилган.

Адвокатлар палатасининг ўқув суд залида биринчи сайёр суд мажлиси

2021 йил 25 март куни, Ўзбекистон адвокатураси учун тарихий кун бўлди. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Палата биносидаги ўқув суд залида сайёр суд мажлисини ўтказиш ҳақидаги ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қўллаб қувватланди. Бу эса эътирофга лойиқ бир қадам бўлди.

2021 йил 25 март куни, илк бор “ Тошкент шаҳар иқтисодий суди апелляция инстанциясининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу тадбирнинг тарихийлиги қуйидаги ҳолатларда намоён бўлди.

Биринчидан, мазкур сайёр суд мажлисида иштирок этишга Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган 20 нафар адвокат ва адвокат стажёрлари таклиф қилинди. Улар реал суд мажлисининг олиб борилиши, даъвогар ва жавобгар тарафларнинг тортишув принципига асосан иштирок этиши, суднинг қарор қабул қилиши ва уни ўқиб эшиттиришини кузатиш имконига эга бўлдилар.

Иккинчидан, суд мажлиси якунлангач Адвокатлар палатаси бошқарув аъзоси, “My Lawyer” адвокатлик фирмаси адвокати ва Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Турдалиев Жамшид иштирокчилар билан маҳорат дарси кўринишида машғулот ўтказди. Адвокат ва стажёрлар бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида тарафлар суд муҳокамасига қай даражада тайёр бўлиб келгани, қандай имкониятлардан фойдаланганлари ва қайси камчилик ва хатоларга йўл қўйганлари ҳақида ўзаро фикр алмашдилар.

Учинчидан, суд мажлисидан сўнг Тошкент шаҳар иқтисодий суди апелляция судлов ҳайъати судьялари Мақсуд Саидов, Муҳиддин Султонов, Равшан Рашидов ва Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров иштирокчилар билан очиқ мулоқот олиб бордилар. Кўп йиллик тажрибага эга бўлган судьялар бўлажак адвокатларга адвокатлик касбининг нуфузи ҳақида ижобий фикрларни билдираркан, адвокатларнинг профессионал тарзда иш олиб бориши судьяларнинг одил қарор чиқаришига ёрдам беришини, шунинг учун адвокат ҳар бир иш ҳар томонлама чуқур ўрганиб, барча моддий ва процессуал қонун нормаларини қўллаган ҳолда ёндашиши кераклигини таъкидлаб ўтдилар.

Адвокатлар палатаси раиси иштирокчиларга бугунги кунда адвокатурани мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар ва чора-тадбирлар бўйича маълумот берди ҳамда адвокатуранинг келгуси ривожи ёш кадрларга боғлиқлигини таъкидлади, уларни Адвокатлар палатаси томонидан ташкил этилаётган тадбирларда фаол иштирок этишга чақирди.

Адвокатлар палатаси масофавий ўқитиш тизимини яратиш бўйича лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилаётгани ва ҳар томонлама кўмак бераётгани учун USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастурига ҳамда мазкур дастурнинг Бош пудратчи ташкилоти Tetra Tech DPK (АҚШ)га ўз миннатдорчилигини билдиради.

https://paruz.uz/post/advokat-stazherlar-va-advokat-erdamchilari-ishtirokida-sayer-sud-mazhlisi-blib-tdi

Адвокатлар палатаси

Матбуот хизмати


Report Page