ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДВОКАТЛАР ПАЛАТАСИ “TASHKENT LAW SPRING” II ХАЛҚАРО ЮРИДИК ФОРУМИДА ИШТИРОК ЭТДИ
Tashkent Law Spring биринчи маротаба 2019 йилнинг 25-27 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган эди. Халқаро миқёсдаги ушбу юридик форум доирасида ҳуқуқ соҳасидаги энг сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш, замонавий юридик фан ва амалиётнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашган эдилар.
Орадан 2 йил ўтиб, ушбу анъанавий юридик форумни давом эттириш мақсадида, 2021 йилнинг 22–23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бўлиб ўтди. Форум Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилиб, видеоконферц-алоқаси шаклида ўтказилди. Мазкур Форум иши Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан биргаликда жорий йилнинг 23-апрель куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлигининг мажлислар залида “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш шароитида адвокатурани ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати асосида ўтказилди. Унда Адвокатлар палатасининг вакиллари, Тошкент шаҳар ва ҳудудий бошқармаларда фаолият юритаётган адвокатлар ва хорижий ташкилотларининг ҳуқуқ соҳасининг мутахассислари, халқаро экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари онлайн ва оффлайн шаклда иштирок этдилар. Аввал ҳам хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамда халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар адвокатура институти билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида, жумладан; Хитой, Туркия, Россия, Белоруссия, Озарбайжан Ҳамдўстлик мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлик Меморандумлари ва келишувлари 2019 йилнинг апрель ойида имзоланган эди.
Мазкур Меморандумга кўра, адвокатурани ривожлантириш, қонунчиликни тартибга солиш соҳасида адвокатура ролини кучайтириш, аҳоли орасида ҳуқуқий тарғибот соҳасида, адвокатура соҳасидаги тажриба алмашиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, услубий тавсиялар ва ахборот алмашуви ҳамда ўзаро манфаатли бўлган бошқа йўналишлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида, бир қанча ишлар амалга оширилган бўлиб, кейинчалик яъни 2020 йил мобайнида пандемия шароитида хорижий ҳамкорлар билан фақат онлайн тарзда видеоконферц-алоқаси орқали тадбирлар уюштирилди, мулоқотлар ўтказилди ҳамда келишувлар амалга оширилди.
Бугунги форум доирасидаги давра суҳбатининг асосий мавзуси ва мақсади нималардан иборат; давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ тизими, Коронавирус чекловлари даврида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, судларнинг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб мавзулар жумладан, “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш шароитида адвокатурани ривожлантириш истиқболлари” хусусидаги назария ва амалиётдаги муаммолар юзасидан қизиқарли баҳс ва мунозаралар, адвокатура институтини ривожлантириш масалаларининг муҳокамаси бўлди.
Тадбирда ҳуқуқшунослик соҳасининг вакиллари онлайн ва оффлайн тарзда иштирок этдилар. Бугунги давра суҳбатининг мавзуси изчиллик билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотида марказий ўринлардан бири адвокатура институтига тегишлидир.
Ўзбекистон Республикасида бугунги адвокатура тизими миллий анъаналар ҳамда илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда фаолият юритиши талаб этилади. Бугунги кунда фуқаролар ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Ўзбекистон адвокатураси муайян ютуқларга эришди.
Булар қаторига барча адвокатларнинг мажбурий аъзолигига асосланган марказлаштирилган ўзини-ўзи бошқариш тизимининг ташкил этилиши, вакилнинг суддаги фаолияти адвокатлик монополиясига айланиши, адвокатнинг процессуал ва бошқа кўринишдаги ваколатларининг жиддий кенгайтирилиши, адвокатлик фаолиятининг ижтимоий кафолатлари ва бошқалар киради.
Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва адвокатурани ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш ва мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этиш борасида ушбу халқаро форум доирасида хорижий экспертлар ва Республика Адвокатлар палатасининг вакиллари билан биргаликда адвокатуранинг энг долзарб масалалари ва келажакдаги ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Орттирилган халқаро миқёсдаги бой тажрибалар адвокатура институтнинг янада жадал ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Тадбир давомида хорижий ташкилот вакиллари ҳамда адвокатлар сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар ҳамда бир қатор таклифлар билдиришди. Хорижий экспертлар Форум сўнггида, келгуси Tashkent Law Spring-III форуми анъанавий тарзда Ўзбекистонда ўтказилиши ва қадимий цивилизация учоқлари бўлган Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари билан яқиндан танишиш истагида эканликларини билдирдилар.
Адвокатлар палатаси
Матбуот хизмати