ЎЗБЕКИСТОН ҚОЗОҒИСТОН БИЛАН АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИ СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРАДИ
https://t.me/minenergy_uz2020 йил 5 февралда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Қозоғистон Республикаси экология, геология ва табиий ресурслар вазири М. Мирзагалиев бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар ахборот соҳасида ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни ривожлантириш ва атроф-муҳитга, шунингдек, атом энергиясининг экологияга таъсирини баҳолаш бўйича ҳамкорлик мавзуларига тўхталди.
Ўзбекистон Республикасида АЭС қурилиши бўйича лойиҳанинг амалга оширилиши, умуман давлат ядровий-энергетика дастурини амалга ошириш ва ядровий инфратузилмани яратиш, шунингдек ядровий хавфсизлик соҳасидаги халқаро ҳуқуқий воситаларни имплементация қилиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Бундан ташқари, хабар қилинишича, халқаро меъёрлар ва МАГАТЭ нинг талабларига мувофиқ яқин келажакда Ўзбекистон Республикаси ва қўшни давлатлар ҳудудида, шу жумладан, Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон АЭС иншоотларини жойлаштириш ва улардан фойдаланишга доир фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича жамоат эшитувлари ўтказилиши кутилмоқда.
Қозоғистон томони қўшни давлат томонидан атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича қабул қилинаётган чораларни ижобий баҳолади ва бундан буён атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишни таклиф этди. Учрашув натижаларига кўра ушбу йўналишда биргаликда иш олиб бориш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати