«ЎТКАН КУНЛАР» АРАБ ТИЛИДА

«ЎТКАН КУНЛАР» АРАБ ТИЛИДА


Кейинги йилларда миллий адабиётимизнинг сара намуналари кўплаб хорижий тилларга таржима қилиниб, чет эллик китобхонлар қўлига ҳам етиб бормоқда. Хусусан, ўзбек романчилигининг илк намунаси ҳисобланган «Ўткан кунлар» асари яқинда араб тилига ўгирилиб, Қоҳира шаҳрида «Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси» номи билан нашр этилди. 
Қайд этиш керакки, ушбу нашрни амалга оширишда романнинг араб имлосига асосланган ўзбек ёзувидаги илк нусхаси ҳамда унинг рус ва инглиз тилларидаги таржималаридан фойдаланилган. 
Абдулла Қодирий таваллудининг 130 йиллиги кенг нишонлана­ётган кунларда мамлакатимизнинг Миср Араб Республикасидаги элчихонасида араб тилидаги «Ўткан кунлар» романининг тақдимоти ўтказилди. Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Мансурбек Қиличев тадбирда иштирок этган ушбу мамлакат илмий ва адабий жамоатчилиги вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимларига кейинги йилларда юртимизда китобхонликни ривожлантириш, мумтоз ва замо­навий адабиётимизнинг бебаҳо намуналарини оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, атоқли адибимиз Абдулла Қодирий ижодининг ўзбек халқи миллий маънавияти юксалишида алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.  
Китоб тақдимотида Абдулла Қодирий уй-музейи раҳбари, улуғ адибнинг набираси Хондамир Қодирий, асар таржимони, профессор Муҳаммад ал-Жибали, Миср-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси Магди Заъбал «Ўткан кунлар» романининг фазилатлари ҳақидаги фикрларини баён қилишди. Жумладан, ушбу бебаҳо асарнинг араб тилига таржима қилиниши ўзбек халқининг бетакрор маданияти, қадрият ва анъаналарини Яқин Шарқ халқлари орасида кенг тарғиб этишда катта қадам бўлишини қайд этишди. Асар таржимони келгусида ушбу йўналишдаги изланишларини давом этти­риб, ўзбек адабиё­тининг сара намуналарини араб китобхонларига янада кенгроқ таништириш истагида эканлигини маълум қилди.
«Ўткан кунлар»нинг арабча нашри муқовасида унинг 1925 йилдаги илк нашрига ишланган суратдан фойдаланилган. Минтақадаги энг йирик «Дор ул-маориф» нашриётида чоп этилган ушбу романни Мисрдаги нуфузли кутубхона ва университетлар, таълим-тарбия ва маданият муассасалари ҳамда Қоҳира шаҳридаги хорижий дипломатик корпус вакилларига тарқатиш кўзда тутилган. Яқин вақтларда мазкур роман таржимасини бошқа араб давлатларида ҳам нашр этиш режалаштирилмоқда.

«Жадид» газетаси 2024 йил 26 апрель 18-сон



Report Page