ЎРОЛ ТАНСИҚБОЕВ — КУЗ МУСАВВИРИ

ЎРОЛ ТАНСИҚБОЕВ — КУЗ МУСАВВИРИ

Yoshlar kundaligi

Миллат портретини чизган рассом

Шукур Холмирзаев 1988 йилда 15-20 бет ҳажмдаги “Ўзбек характери” ҳикоясини эълон қилади. Бутун бошли миллат феъл-атворини сўзда ифодалаган чоғда 44 ёшда эди адиб. Шу воқеадан 60 йил олдин ёш рассомлардан бири 97х70 сантиметр ўлчамдаги бўз матога мойбўёқ билан “Ўзбек портрети”ни чизган эди. 23 ёшли йигитчанинг бу жасорати ва маҳорати ўша вақтдаги россиялик катта рассомларни лол қолдиради. Ҳали йигитлик чоғидаёқ янги йўналиш билан кўҳна Ватанини тараннум эта бошлаган бу ўғлон кейинчалик бутун дунёга Ўрол Тансиқбоев номи билан машҳур бўлди.

Бугун рассом уй-музейига қилган саёҳатим таассуротлари билан ўртоқлашмоқчиман.

Таржимаи ҳолдан кўчирма

Ўрол Тансиқбоев 1904 йилнинг 1 январида Тошкент шаҳрида туғилган. Етти йиллик мактабни тугатиб, ишлашни бошлайди. Заводда ишлаган кезлари вино тайёрлашда ишлатиладиган сузма қоғозга яширинча расм чиза бошлайди. Тез орада бу ҳунари элга ошкор бўлиб, матбуотда 20 ёшли рассом ҳақида хабарлар чиқди. Ёш Ўрол қуруқ истеъдод билан иш битмаслигини англаб, аввал Тошкентда, кейин Пенза рассомчилик олийгоҳида ўқиди. Узоқ йиллик меҳнатлари муносиб қадрланиб Ўзбекистон халқ рассоми унвони берилди, Бадиий академия аъзолигига қабул қилинди.

Ишкомли уй

Уй-музейга кичик ҳовли ва боғ орқали ўтилар экан. Боғдаги гуллар, ток ва турли дарахтларни рассомнинг ўзи эккан. Асосий бино Ўрол Тансиқбоев ва рафиқаси лойиҳаси асосида қурилган ва рассомнинг сўнгги йиллари шу ерда ўтган. Икки қаватли мўъжазгина уйнинг кичик эшигидан киришим билан табиат қўйнига тушиб қолгандай бўлдим. Гўё бутун Ўзбекистон табиатини кичрайтириб шу уйга олиб кириб қўйгандай. Айниқса, рассом устахонаси ҳақиқий санъат булоғи эди.

Қаторасига осилган суратларда азим ўлкамизнинг ҳайбатли тоғлари, шаршаралари, дашту далалари, сўлим қишлоқлари, шаҳарлари, фасллар чиройи акс этган тасвирлар жилваланиб турарди. Эътиборимни “Тоғдаги оқшом” сурати кўпроқ тортди. Йўқ, у сурат эмас, у ҳақиқий иллюзия. Баланд тоғларнинг ичида жойлашган мўъжазгина қишлоқ, ариқлар, ундаги содда инсонлар, пахса уйлар-у дарахтлар... буни сўз билан тасвирлаш имконсиз, буни кўриш керак. Суратга бахшида қилинган руҳ сизни ўз домига тортиб кетади.

Биринчилик заҳмати ва шуҳрати

Ўрол Тансиқбоев Ўзбекистонда илк бор манзара жанрига асос солган қалдирғоч рассом, табиат куйчиси. Сеҳрли асарларининг овозаси Ўрта Осиё сарҳадларидан ошиб, дунёни тутган. У диапазони кенг рассом. 50-йилларда ўзбек манзара жанрида Ўрол Тансиқбоев карвонбоши бўлди. Рассом Тошкент вилоятининг тоғларини, табиатини бўлакча севганини асарларидан ҳам билиб олиш мумкин. Мана қаранг, бу Ангрен тоғлари, бу Чорвоқ сув омбори, тўғрингизда тургани Бўстонлиқдаги Бурчмулла, анавиниси Ҳумсон булоқ

Куз.. Икки тепалик орасидан ўтган йўл. Одамни ўйга толдиради. “Ҳа, бу асарнинг номи “Тоғлардаги куз”, деди музей ходимаси. Дарҳақиқат, “Йўллар менинг яқин дўстим. Йўллар менинг истеъдодимни чархлайди”, деган эди Ўрол Тансиқбоев.

Шу тобда кўзим бурчакдаги стол устида турган бўёқларга тушди. Ёнида мўйқаламлар. Рассом иш қуролларини ҳам ўзи ясаган экан. У қаерга саёҳатга борса ўша ердан кичик эскизлар чизиб келар ва мана шу устахонада улардан санъат асари яратарди. Яна бир эътиборимни тортган жиҳати, картиналардаги майда-майда одамларнинг кўзлари ҳам аниқ чизилгани, маъно касб этгани бўлди.

Ўша даврларда Европа рассомлари суратларни “авангард” усулида чизар эди. СССР таркибида бўлган мамлакатлар учун эса бу услуб мутлақо нотаниш. Ўрол Тансиқбоев илк бор марказий Осиё мамлакатларига ана шу “Авангард” – ранглар хилма-хиллик билан ишловчи усулни олиб кирган, кейинчалик реализм усулини ҳам биринчилардан бўлиб қойилмақом қилиб ўзлаштириб олганди. Унинг айнан реализмда чизган суратлари айниқса машҳур.

Тансиқбоев ўзбек тасвирий санъат мактаби ютуқларини Москва ҳамда Филадельфияда бўлиб ўтган кўргазмаларга олиб чиққан. Соҳа мутахассислари уни “ўзбек рангшунослигининг чўққиси”, деб эътироф этишган. Йиллар ўтгани сари унинг ижодида воқелик йўналишидаги манзара тасвирига майли кучлироқ намоён эта бошлайди. У инсон ва табиат ғоясини ўз асарлари орқали етказади.

Табиат ошиғининг умри айнан ўша севимли йўлларида ниҳоясига етди. Ўрол Тансиқбоев 1974 йилнинг апрелида ўз машинасида Нукусга қараб йўл олган, аммо 70 ёшни қаршилаган бу юрак йўл азобини кўтара олмай омонатини топширган эди...

Энг романтик совға

Уй-музейга кирганда кўрмаган эканман, қайтишда меҳмонхона орқали чиқар эканман хона тўридаги Ўрол Тансиқбоев ва рафиқаси Елизаветта Яковлевнанинг сурати ҳамда ниҳоятда нафис чизилган гуллар картинаси эътиборимни тортди. Рассом аёлини жуда яхши кўрганини айтиб ўтган эдик. Бу гуллар эса аёлининг туғилган кунига икки соат қолганида чизиб совға қилинган экан. Энг қиммат гуллардан даста тузиб, совға қилиш ҳамманинг қўлидан келишии мумкин. Лекин Ўрол Тансиқбоев чизган гулларда унинг қалбидаги эътибор, муҳаббат ва садоқат ўз аксини топган. То бўёқларни вақт қиличлари қиртишлаб ташламас экан, мангу изҳор бўлиб қолаверади.


Дарвоқе...

Агар сизда ҳам ушбу уй-музейини кўриш истаги туғилган бўлса Мирзо Улуғбек туманидаги Бўз-1 мавзеси 5-уйга бораверинг. Дунё шовқинлари, ҳаёт ташвишларидан бир муддат дам олиб, қалбингизни соҳир туйғуларга ошно этинг. Ишонинг, суратлардан олган завқингиз ҳар қандай санаторий, саёҳат ва малҳам ўрнини боса олади.


Нилуфар УБАЙДУЛЛАЕВА

Report Page