«ЎРАБ ОЛАЙ ГУЛ БИЛАН...»

«ЎРАБ ОЛАЙ ГУЛ БИЛАН...»


Инсон ҳамиша гўзалликка талпиниб яшайди. Гул-чечаклар эса азалдан муҳаббат, поклик ва гўзаллик рамзи сифатида ардоқлаб келинади.
Сир эмас, Наманган аҳлининг гулларга меҳри чексиз. Шу боис 1961 йилдан Наманган шаҳрида «Гуллар фестивали»ни ўтказиш анъанага айланган. Аслида, бундай гулчилик маданияти ўзига хос тарихга эга.
Илгари шаҳардаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги истироҳат боғи ўрнидаги Гулзор маҳалласида яшаган одамлар ўзларининг ҳовли ва боғларида анвойи гуллар ўстиришган. Ана шу ча­ман­зорларнинг довруғи Қў­қон хони Худоёрхоннинг ҳам қулоғига етиб борган. Натижада у маҳалла аҳлини бош­­қа жойга кўчириб, ушбу ҳудудни ўзига қароргоҳ қил­ган.
Наманган гулчилиги ривожига маҳаллий аҳоли орасида Тўқ­мулла исми билан танилган та­тар миллатига ман­суб Тухмуллин ва унинг авлодлари ҳам муносиб ҳисса қўшган.
Қозон шаҳрида туғилиб ўс­ган бу инсон чор Россия­сининг мусул­мон татарларига тазйиқи кучайгач, 1830 йилда юртимизга кўчиб келган. У олтмиш сотих ер сотиб олиб, боғ-роғ барпо қилган.
Тухмуллиннинг ёлғиз фарзанди Иззатулла диний ва дунёвий илмлар билимдони бўлиб, шаҳардаги масжид-мактабда бола­ларга сабоқ бериш билан бирга, гулчилик билан ҳам шуғулланарди. Иззатулла қори 1870-1910 йиллар мобайнида ўз ҳовлисида дунёнинг турли чеккаларида ўсадиган 200 дан ортиқ гул ва ўсимлик навларини парваришлаб, маҳаллий иқлимга мос­лаштиради. Қизиғи, у гул уруғларини тайёрлаш ва ўзга юртларга экс­порт қилиш мавзусига бағишланган мўъжазгина луғат-рисола ҳам чоп эттирган. Ушбу асарда турли гул навлари­нинг шифобахш хусусиятлари ва парваришлаш усуллари ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Наманган шаҳридаги Бобур Мирзо номидаги истироҳат боғига раҳбарлик қилган Ҳошимжон Нурматов ҳам шинаванда инсон сифатида ном қозонган. У киши ҳар йили ёз фаслида Россиянинг Ессентуки шаҳрига дам олиш учун борганида ушбу курорт-шаҳарда санъат даражасига кўтарган гулчилик маданиятини яқиндан ўрганарди. Айниқса, у киши маҳаллий аҳолининг тувакларда ўстирилган гулларни кўча эшиги олдида қаторлаштириб териб қўйиши ва бу ҳол сайёҳлар эътиборини тортишига аҳа­мият қаратади. Хуллас, Ҳошимжон ака бу каби гулчилик тажрибаларини Наманганда ҳам синаб кўришга қарор қилади. Эътиборли томони, унинг ташаббуси наманганликлар орасида шитоб билан оммалашиб кетади. Қисқа вақт ичида шаҳардаги асосий гулзорнинг майдони қарийб 15-гектарга етади. Ушбу май­донда 800 хилдан ортиқ гул ўстирилиб, унинг ҳудудида иссиқхона ҳам ташкил этилади.
1961 йил 19-20 август кунлари Наманган шаҳрида илк марта гул байрами ўтказилди. Тадбир доирасида ташкил қилинган 17 та гуллар кўргазмасида 6 та ташкилот ва 16 нафар ҳаваскор гулчи иштирок этади. Бу ташаб­бус гулсеварлар орасида кенг қулоч ёйди. «Наманган ҳақиқати» газетаси­нинг 1962 йил 13 май сонида Эшон­дада Алихонов, Солихон Носиров, Йўлдош Раҳимов, Абдусамад Абдуллаев, Йўлдош Обидхонов, Абдураҳим Ғаффоров, Александра Масленникова, Рамазон Муродрасулов каби атоқли гулчилар имзоси билан «Наманган гул шаҳри бўлсин!» сарлавҳали чақириқ мазмунидаги мақола эълон қилинади. Ушбу мақолада «Қаерга бир туп гул ўтқазиш мумкин бўлса, ўша ерни гулсиз қўймайлик!» деган шиор ўртага ташланади.
Йиллар давомида Наманган шаҳ­рида якка тартибда гулчилик билан шуғулланадиган кишилар сафи кўпая бошлади. Юртимиз мустақилликка эриш­гач, шаҳарда гулчиликка эътибор янада кучайди. Айниқса, кейинги йилларда гул байрамининг мазмуни ва аҳамияти янада кенгайди. Хусусан, 2017 йили ушбу тадбир халқаро миқёсда ўтказилиб, унда Франция, Бельгия, Голландия, Жану­бий Корея, Озарбайжон ва Қирғизистондан келган меҳмонлар ҳамда юртимизда фаолият кўрсатаётган хорижий компаниялар вакиллари иштирок этишди. 2018 йилги мавсумда эса наманганлик гулчилар мисли кўрилмаган гуллар парадини уюштиришди. Шу тариқа ушбу тадбир «Халқаро гул байрами» мақомига сазовор бўлди. Ҳар йили Намангандаги гўзаллик ва нафосат байрамида қатнашиш ва уни ёритиш учун дунёнинг турли давлатларидан меҳмонлар ҳамда журналистлар ташриф буюрмоқда. Бир сўз билан айтганда, айни пайтда Наманган шаҳридаги гуллар фестивали том маънода тинчлик, фаровонлик ва халқлар ўртасидаги бирдамлик байрамига айланган.

Муқаддам УСМОНОВА,

Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи илмий ходими

«Жадид» газетаси 2024 йил 10 май 20-сон



Report Page