Ўқувчилар маънавияти ва маданияти жамоатчилик эътиборида

Ўқувчилар маънавияти ва маданияти жамоатчилик эътиборида

@davrovozigazeta
Умумтаълим мактабларидаги ички тартиб-қоидаларни янада мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш, мақсадсиз пул йиғимларига чек қўйиш ҳамда мактаб ҳаётида жамоатчиликнинг роли самарадорлигини таъминлаш мақсадида тумандаги 20-умумий ўрта таълим мактабида маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ёшлар иштирокида “Ўқувчилар маънавияти ва кийиниш маданияти” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Дастлаб иштирокчилар ўқувчилар томонидан тайёрланган “Мактабимиз формаси” деб номланган кўргазма билан танишдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, таълимга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда унинг самарали бажарилишида муносиб иштирок этиш, таълим муассасаларида ижтимоий тенгликни таъминлаш ва бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Айни вақтда ўқувчилар маънавиятини юксалтиришда кийиниш маданиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун мактабдан ташқари, оила ва маҳаллада ҳам бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

- Мактабда ижтимоий тенглик масаласи чиндан ҳам долзарб аҳамиятга эга, - дейди мактаб директори Дилфуза Қодирова. – Чунки ёшлар тарбияси борасида таълим муассасалари, оилада ота-оналардан тортиб, маҳалла фаолларигача доимо биргаликда ишлаб келмоқдамиз. Фарзандларимизни бир кун ҳам четдан қолдириб бўлмайди. 

- Маълумки, мактабларда ўқувчилар учун намуна ҳисобланган кийимлар мавжуд. Шундай бўлса-да, “Мен форма кийганман” қабилида қаддини ғоз тутаётган қизларнинг юбкалари жуда калта ва тор эканлигидан дилинг хира бўлади. Тўғри, давр замонавийликни талаб қилади, аммо мактабларнинг ўзига яраша қонун-қоидалари, кийиниш одоби бор. Ана шу одобга риоя қилган ҳолда ҳар бир ўқувчи ўз вазифасини бажариши ва масъулиятни ҳис қилиши даркор, - дейди мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Комила Қодралиева.

Давра суҳбати якунида ўқувчиларнинг маънавиятини юксалтириш ва кийиниш маданиятига доимий эътибор қаратишга доир кенг жамоатчиликнинг ташаббускорлигини янада оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.

Н.Нишонова,

20-умумий ўрта таълим мактаби тарғиботчиси.

Report Page