“Ўқувчи ёшлар ҳалоллик тарафдори” 10 кунлиги ва “Ҳалоллик” тўгараклари тизимли равишда йўлга қўйилади

“Ўқувчи ёшлар ҳалоллик тарафдори” 10 кунлиги ва “Ҳалоллик” тўгараклари тизимли равишда йўлга қўйилади


АОКада ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров коррупцияга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:

Ўтган йили Ўзбекистон ва Қатар давлатлари етакчилари томонидан амалга оширилган давлат ташрифлари ва унинг доирасида эришилган келишувлар, хусусан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида қатор қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги даражадага олиб чиқди.

Жумладан, жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон делегациясининг Қатар давлатига амалга оширган ташрифи қонунчилик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш йўналишларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун хизмат қилди.

Ташриф доирасида Қатар Маъмурий назорат ва шаффофлик идораси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.

Ташриф доирасида Парламентимизнинг 5 нафар вакили Парламент аъзоларининг коррупцияга қарши глобал ташкилоти – GOPAC аъзолигига қабул қилинди.

Мазкур ташкилот коррупцияга қарши курашиш ва самарали бошқарувни рағбатлантиришга қаратилган халқаро парламентлараро тармоқ ҳисобланади ва 50 та давлатдан 1400 нафар аъзога эга.

Ташкилотнинг асосий мақсади – давлат бошқарувида ҳалолликнинг юқори стандартларини жорий этишда коррупцияга қарши курашиш, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш борасида амалдаги ва собиқ парламент аъзолари, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, улар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.

Иккинчидан, хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Жумладан, болаликдан “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган ёш авлодни тарбиялаш, бу борада БМТнинг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси – GRACE дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

GRACE дастурининг мақсади – таълим ва ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳалар орқали дунё ёшлари орасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, GRACE дастурини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича 2024-2027 йилларни мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди ва ижрога қаратилди.

"Йўл харита"си доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда манфаатдор вазирлик-идоралар ҳамкорлигида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

Мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида:

✔️ “Ўқувчи ёшлар ҳалоллик тарафдори” 10 кунлиги ва “Ҳалоллик” тўгараклари тизимли равишда йўлга қўйилади.

✔️“Профилактика кунлари” ва “Синф соат”лари доирасида “Ҳалоллик қадриятлари”, “Тўғрилик, меҳнатсеварлик хотиржам ҳаёт асоси” мавзуларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилади.

Касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларида:

✔️ “ОТМ–вилоят–республика” тизими асосида билимлар беллашуви ташкил этилади.

✔️ “Аксилкоррупция коворкинг” марказлари фаолияти йўлга қўйилади.

✔️ 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан барча олий таълим муассасаларида “Ёшлар коррупцияга йўқ дейди!” мавзусида энг яхши расмлар танлови, ОТМларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида #Stop_korrupsiya хештеги остида челленж, ота-оналар ўртасида “Истеъмолчиларнинг таълим хизматлари сифатидан қаноатланганлиги” мавзуси бўйича социологик сўровнома ўтказилади.

Шунингдек, ихтисослашган таълим муассасаларида коррупцияга қарши таълим ва тадқиқот, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ва уларнинг фаоллигини ошириш йўналишларида ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.

Мазкур йўл харитасининг ижроси доирасида 18-22 март кунлари ўтказиладиган “Халқаро аксиллкоррупция мактаби” тренингларига Ўзбекистон ёшларининг иштирок этиши режалаштирилмоқда.

Учинчидан, БМТ Коррупцияга қарши конвенциясини жадал амалга ошириш учун Марказий Осиё Минтақавий платформаси доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.  

Таъкидлаш лозимки, мазкур платформа 2023 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги III Аксилкоррупция форуми доирасида ишга туширилди.

Платформа фаолияти 5та давлат: Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирокида амалга оширилади.

Январ ойида Платформа фаолиятини самарали амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланиб, амалга ошириш учун аъзо давлатлар томонидан қабул қилинди.

“Йўл харитада” Марказий Осиё давлатларининг коррупцияга қарши курашувчи органлари ўртасида мунтазам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан чора-тадбирлари назарда тутилган.

Шунингдек, илк тадбир жорий йилнинг 15-февраль куни Тошкентда Бизнесда коррупцияга қарши қонунчилик ҳужжатларига риоя қилишни рағбатлантириш” мавзусидаги семинар шаклида ташкил этилди.

Навбатдаги тадбир март ойида Тожикистонда гибрид шаклда ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши ички назорат тизимларининг жорий этиш тажрибаси тақдимоти бўлиши кутилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида айни пайтда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Америка Қўшма Штатларида бўлиб турибди.

Ташриф доирасида делегациямиз вакиллари БМТнинг Бош Котиби ёрдамчиси – БМТнинг Қонун устуворлиги ва хавфсизлик институтлари бошқармаси, Нью-Йорк полиция департаменти, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки Ҳалоллик бошқармаси, АҚШ Олий суди, Давлат департаменти, Давлат одоб-аҳлоқ идораси вакиллари билан учрашувлар ўтказади.

Хусусан, БМТнинг Қонун устуворлиги ва хавфсизлик институтлари бошқармаси билан Агентлик ўртасида Стратегик ҳамкорлик доирасини имзолаш кўзда тутилган.

Ташриф тафсилотлари Агентликнинг расмий саҳифалари орқали батафсил ёритиб борилади. 


Report Page