ЎҒИЛ КЎРИШНИ ИСТАГАНЛАРГА ИЛМИЙ АСОСЛАНГАН ТАВСИЯЛАР

ЎҒИЛ КЎРИШНИ ИСТАГАНЛАРГА ИЛМИЙ АСОСЛАНГАН ТАВСИЯЛАР

@ginekologim



Мана шу масала бўйича кўпчилик мурожаат қилади. Албатта ўзига меросхўр қолдириш тарихдан ҳам кўпчиликни  ўзига жалб қилган мавзу ҳисобланади. Шунинг учун ушбу масала юзасидан тавсияларимизни аҳамиятига қараб бир неча қисмга ажратдик. Марҳамат танишинг:

ЭНГ АҲАМИЯТЛИСИ!!!!!

100% кафолат?!

Аввало, шуни унутмангки, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким сизга фарзанд ясаб бермайди. Иккинчидан Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ўғил фарзанд қилиб бермайди. (ЭКУ, ПГС, Микросорт каби ёрдамчи репродуктив технологиялар соғлом эмбрионни ва жинсини танлашда қўлланилса-да, улар ҳам ҳеч қачон 100 % кафолат бермайди, агар жинси аниқланган тақдирда ҳам ҳомилани соғлом туғиб олиш ва дунёга келтириш ва ундан кейин яшаб кетиши фақат чексиз қудрат эгасининг қўлида эканини зинҳор унутманг!). Шундай экан, энг аввало холис дил ва гуноҳсиз тил (яъни, шундай яхшиликлар қилингки, бошқа инсонлар сиз учун дуо қилсин, шунда унинг тили сиз учун гуноҳсиз бўлади, яъни сиз унинг тили билан гуноҳ қилмагансиз) билан Яратганга илтижо қилинг (бунда гуноҳларини чин дилдан эътироф этиб кўп тавба қилиш ва истиғфор айтиш жуда муҳим!). Хайрлисини сўранг ва натижасига эса рози бўлинг. Шукр ва қаноат натижага тезроқ олиб боради. Нолиш, шикоят ва ҳирс эса аксинча боридан ҳам маҳрум қилади.

ЎТА АҲАМИЯТЛИСИ!!!!

Қиз – жаннатга виза, аммо ... кимларга?

Ўғил фарзанд истаётган оилалар диққат қилинг ва:

Қизлар ўғиллардан кўра меҳрибонроқ эканини;

Қиз туғилса кўпроқ севиниш кераклигини;

Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) насллари ҳам қизлари орқали давом этганини;

Қиз фарзандни (битта бўлса ҳам) солиҳа қилиб тарбиялаб вояга етказган ва муносиб одамга турмушга берган мусулмонга жаннат хушхабари борлигини;

Имрон оиласи ўғил фарзанд кутганда Аллоҳ Марям (а.с.) каби  қиз фарзанд ато этганини, ва баъзида қиз фарзанд ҳар қандай ўғилдан ҳам афзал бўлиши мумкинлиги Қуръонда таъкидланганини;

Қиз фарзандлар ўғил набира туғиб бера олишини асло

УНУТМАНГ!


ЖУДА АҲАМИЯТЛИСИ!!!

Табиатдаги мувозанат -  50/50

Инсон табиатнинг бир парчаси. Табиатдаги мукаммал мувозанатни сақлаб турган Яратувчи, албатта ҳайвонлар орасида ҳам, инсонлар орасида насл жинси борасида мувозанатни ўрнатиб қўйган. Табиатдаги мувозанатни ташқаридан бузиш қандай салбий оқибатларга олиб келиши эса кўп бора ўз тасдиғини топган. Ўтказилган тадқиқотлар ҳам кўрсатганки, қаерда нима камчилик рўй берса, ўша ерда бошқа томондан уни қоплаш механизми ишга тушади. Уруш йиллари ва ундан кейин ўғил болаларнинг туғилиши ошгани ҳам тарихдан маълум. Шу пайтгача олиб борилган статистик маълумотларга кўра ўғил ва қиз туғилиш нисбати 100 та қизга 105 та ўғил бола тўғри келишини кўрсатади. Албатта бу нисбат ҳудуд, турли ижтимоий ҳодисалар (Хитойдаги “бир оила - бир фарзанд” дастури оқибатида кўп қиз ҳомилаларнининг абортлари), замон (уруш ва депрессия даврлари), ташқи табиий ва ижтимоий муҳит (экология, фаровонлик, ночорлик ва ҳ.к) таъсири билан 100 қиз/99 ўғил дан то 100 қиз/117 ўғил гача ўзгариши мумкин. Нима бўлганда ҳам ўғил бола туғилиш эҳтимоли доим оз бўлса-да кўпроқ бўлган. Бунинг сабаблари сифатида ўғил болаларнинг ҳомила даврида ўлиб қолиши, ўлик туғилиши, эрта ёшда вафот этиши ёки балоғат ёшигача ўлим ҳолатлари қизлардагига нисбатан кўпроқ эканини ҳамда эркаклар ўртача ёши ҳам ҳар доим аёлларникидан кам бўлишини кўрсатиш мумкин. Демак, ана шу нуқсонни қоплаш учун ҳам ўғил болалар туғилиши бир миқдор кўпроқ кузатилади. Табиатдаги Аллоҳ томонидан ўрнатилган мувозанат қонуни мукаммал ишлайди. Шундай экан ушбу мувозанат ҳам кимгадир ўғил, кимгадир қиз фарзанд насиб қилади. Ундай бўлса бу улкан тақсимотни розилик билан қабул қилиш лозим. Сизнинг ёки бизнинг хавасимиз учун фалакнинг чархи терс айланмайди.

Энди сабаблар доирасида фарзанд кўриш, хусусан ўғил фарзанд кўриш учун ўзимиз нималар қилишимиз мумкинлиги ҳақида. Бу ҳақида жуда кўп, турли-туман, асосли ва асоссиз, синалган ва синалмаган, тахминларга суянган, тажрибаларга таянган тавсиялар интернет тармоғида тўлиб ётибди. Биз шифокор-мутахассис сифатида буларни таҳлил қилиб ўрганиб, ўз илмий ва малакавий тажрибамизга таяниб, улардан дарҳақиқат илмий асосга эга бўлганларини саралаб сизларга тақдим этамиз.

КЎПРОҚ АҲАМИЯТЛИСИ!!

90 фоиз эркакка боғлиқ!

Бўлғуси фарзанднинг жинси тўғридан-тўғри эркак манийсидаги сперматозоидларга боғлиқ. Сперматазоидларнинг бир қисми Х, бошқа бир қисми эса Y – хромасомаларни ташийди. Аёлнинг тухум ҳужайраси эса фақат Х-хромасомага эга. Жинсий ҳужайралар бирикканда агар жинс белгиловчи хромасома ХХ бўлса - қиз, ХY бўлса – ўғил бўлади  (шундай экан, фарзанд ўғил бўлмаса, куёвлар (!), қайноналар (!) ва қайноталар (!) зинҳор келинни айбламасинлар!). Бу масалада асосий “айбдор” эркаклардир! (қўштирноққа олганимиз сабаби аслида фарзанд қиз бўлсин, ўғил бўлсин - неъматдир, унда бировни айблашнинг ўзи нотўғри).

Нега унда 90 % дедингиз, 100 % эмас?

Албатта, адолат нуқтаи-назаридан айтишмиз лозимки, бачадон муҳити ҳам қайси сперматозоид тухум ҳўжайрага биринчи етиб келишида бир миқдор таъсир кўрсатади. Яъни бачадон муҳити ишқорли бўлса, бу “ўғил” сперматозоидлар учун қулай имконият, агар муҳит кислотали бўлса “қиз” хромасомали сперматозоид учун қулай ва “ўғил” сперматозиод учун ноқулай фурсат. Бироқ бу муҳитнинг ўзгариши эса, эркакнинг аёлига бўлган муонасабатига ҳам боғлиқ. Агар алоқа вақтида аёлда оргазм (лаззатланиш) кузатилмаса, кислотали муҳит ишқорийга ўзгармай қолади. Оргазм бўлиши эса ишқорий муҳитни ҳосил қилади ва бу ўз навбатида “ўғил” хромасомали сперматозоидларга тухум ҳужайрани уруғлантириш учун қулай фурсат туғдиради.

Хуллас, бу масалада кўп нарса барибир бевосита ҳам, билвосита ҳам яна эркакларга боғлиқ бўлиб қоляпти.

Муҳтарама аёллар, эримга ўғил туғиб беролмадим деб асло куюнманглар, сизлар бу масалада айбдор эмассизлар!!!

 


 АҲАМИЯТЛИЛАРИ!

Эркакларга тегишли:

1. Эркакда спермаграмма кўрсаткичлари паст бўлса даволаниб сперматазоидларнинг миқдори, ҳаракатчанлиги ва сифатини меъёрга келтириш лозим.

2. Эркакларга бу кунларда сауна ва иссиқ ҳаммомлардан узоқ бўлиш тавсия қилинади. Зеро сперматогенез (сперма етилиш жараёни) меъёрда кечиши учун ёрғоқ (уруғдон) ҳарорати тананинг асосий ҳароратидан 2 даража паст бўлиши керак. Иссиқ душ, сауна сперма сифатига салбий таъсир кўрсатади. Ҳатто Японияда илгаридан ҳомиладорликдан сақланиш учун жинсий алоқадан олдин иссиқ ҳаммом қабул қилиш усули ҳам қўлланиб келинади.

3. Алкогол ва тамаки каби салбий иллатлар ҳам нафақат ўғил кўриш, балки фарзанд кўриш имконини ҳам камайтиради. Зеро никотин сперма миқдори ва сифатига салбий таъсир кўрсатиши кўп тадқиқотларда тасдиқланган. Тамаки эркак спермасининг ҳаракатчанлигига салбий таъсир кўрсатиш билан бирга, у билан бирга яшаётган аёлни ҳам пассив чекувчи айлантиради. Аёл организмидаги никотин эса “қиз” ҳомилага нисбатан чидамсизроқ бўлган “ўғил” ҳомиланинг яшаб кетишига ҳалақит бериши ҳам тадқиқотларда ўз исботини топган. Шунинг учун бундай салбий иллатлардан буткул халос бўлиш керак.

4. Узоқ муддат жинсий алоқадан сақланиш ҳам “ўғил” хромасомали сперматозоидларнинг миқдори камайишига олиб келиши мумкин. Икки ҳафта алоқадан сақланган эркакларда “ўғил” хромасомали сперматозоидлар миқдорининг 6% га камайгани кузатилган. Аслида бу Y-хромасомали сперматозоидларнинг Х-хромасомалиларига нисбатан қисқа умрли эканидан бўлиш керак. Зеро узоқ муддат сақланганда уларнинг бир қисми ҳалок бўлади. Х-хромасомалилар эса яшовчан ва чидамлидирлар.

Аёлнинг овуляциясидан 2-3 кун олдин жинсий алоқадан сақланиш эса сперматозоидларнинг миқдори ва ҳаракатчанлиги ошишига туртки беради.

Ҳар куни жинсий муносабатда бўлиш ҳам, айниқса спрема миқдори озроқ бўлган эркакларда, сперматозоидларнинг етарлича йиғилмасдан бўшалишига олиб келади. Шунинг учун 2-3 кун оралиқ билан кўпроқ миқдордаги ва ҳаракатчан сперматозоидлар йиғилишиига имкон бериб алоқада бўлган фойдалироқ. 

5. Эркакларга рух моддасига бой озиқ-овқатлар тавсия эитлади. Рух моддаси энг кўп бўлган озиқ−овқатлар, қуйидагилар: буғдой кепаги (отруби), сули ёрмаси (овсяные хлопья), кунгабоқар пистаси, қовоқ уруғи, кунжут уруғи, зиғир уруғи, ерёнғоқ, мол жигари, дуккакли донлар (фасоль, ловия), кўкатлар, саримсоқпиёз, сут−қатиқ маҳсулотлари, анжир қоқи.

 Аёлларга тегишли:

6. Аёл бачадонида яллиғланиш бўлса даволаниш зарур бўлади. Зеро бачадон яллиғланиши ҳаракатчан аммо тез ҳалок бўладиган “ўғил” хромасомали сперматозоидларнинг тухум ҳужайрага етиб боришига ҳалақит беради, натижада секин ҳаракатланадиган ва узоқроқ яшайдиган “қиз” хромасомали сперматозоидлар маррага етиб келади.

7. Овуляция кунини аниқлаш.

“Ўғил” хромасомали сепрматазоидлар чаққон ва жўшқин бўлади. Улар тухум ҳужайрагача бўлган масофани тез босиб ўтадилар. Агар ўша пайт тухум ҳужайра бачадон найида бўлса, айнан Y-хромасомалар биринчи бўлиб етиб келадилар. “Қиз” хромасомали сперматазоидлар гарчи “ўғил”ларга нисбатан кам ҳаракатли бўлсалар-да, анча чидамли ва яшовчанлар. Y-хромасомали сперматазоидлар кучини тез йўқотадилар, ва қисқа муддатда ўйиндан чиқадилар, аммо Х-хромасомалилари бачадонда узоқроқ қолиб “қиз” фарзанд вужудга келишига сабаб бўла оладилар.

 Сперматозоид манийда ташқи муҳит шартларига боғлиқ равишда 24 соатгача яшай олади. Қин соҳасида бир неча соатда ҳалок бўлади. Бачадон, бачадон бўйи ва фаллоп найларида сперматазоид 3 кунгача яшаши мумкин.

Етилган тухум ҳужайра эса овуляция бўлган пайтдан бошлаб 24-36 соат оралиғида уруғланиш қобилиятини сақлаб тура олади. Баъзи олимлар тухум ҳужайра “умри”нинг илк 12 соати уруғланиш учун энг маъқул пайт дейдилар. Агар 1-1,5 кун ичида уруғланмаса, тухум ҳужайра ҳалок бўлади ва сўрилиб кетади.

Бола жинсини режалаштиришда ҳам баъзан ана шу омилларни ҳисобга олиб овуляция (тухумдонда фолликуланинг ёрилиши ва ундан чиққан тухум ҳужайранинг бачадон найига тушиши) кунини аниқлаш орқали тадбир қиладилар.

Айтилгандек Y-хромасомали сперматазоидлар Х-хромасомали сперматазоидларга нисбатан кам яшайдиилар, аммо тез ҳаракат қиладилар. Шунинг учун агар сперматозоидларнинг тухум ҳужайра билан учрашуви аёл кишининг овуляция кунига тўғри келса, катта эҳтимол билан “ўғил” сперматозоид маррага биринчи етиб келади ва 9 ойдан кейин насиб қилса ўғил фарзанд дунёга келади. Агар “учрашув” овуляция кунидан 1-2 кун олдин содир бўлса, аксарият “ўғил” сперматозоидлар ҳалок бўлади ва уруғланишдан қиз фарзанд шакллана бошлайди. Зеро Х-хромасомали сперматозоидлар икки-уч суткагача фаолиятини сақлай олади.

Овуляция кунини аниқлашнинг бир неча усуллари бор: тинч ҳолатдаги (базал) ҳароратни ўлчаш; экспресс-тестларни қўлаш; УТТ орқали аниқлаш. Бу ҳақида мана бу ерда ёзганмиз. Яна махсус дастурларни юклаб олиб фойдаланиш ҳам мумкин. Овуляция кунини ҳисоблаш тақвими дастурини (рус тилида) қуйидаги ҳаволадан топиш мумкин

8. Аёлларга кўпроқ калий ва натрийга бой озуқалар тавсия эитлади. Калий ва натрийга бой озуқалар эса қуйидагилар: ўрик қоқи (туршак), балиқ ва денгиз маҳсулотлари, тухум оқсили, пишлоқ, буғдой кепаги, майиз, томат пастаси, сабзавот, қўзиқорин, дуккаклилар, мевалар, гуруч, қора школад, чой, кофе.

Эркак ва аёлга тегишли:

9. Стресслардан, асаббузарликлардан узоқ бўлиш зарур, ҳеч бўлмаса, овуляциядан икки-уч ҳафта олдиндан. Стресс ҳолатида сперматозоидларнинг ҳаракатчанлиги пасаяди. Агар ўғил фарзанд кўришни истасангиз, асабларни хотиржам қилишингизга тўғри келади. Бу аёлларга ҳам тегишли. Оксфорд университети олимлари 300 дан зиёд фарзанд кўришни истаган аёллар ўртасида ўтказган тадқиқотда маълум бўлишича, мунтазам стресс ҳолатда бўлганларнинг қиз фарзанд кўриш эҳтимоли юқори бўлган. Бунда узоқ муддатли стрессда бўлган аёлларнинг қиз фарзанд туғишлари, ўғил туғишдан кўра 75% га ортган. Қисқа муддатда тез ўтиб кетадиган стрессли ҳолатлар унчалик таъсир қилмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаймиз. Улардан хавотирланишга ўрин йўқ. Кўпгина тадқиқотларда узоқ муддатли стресснинг бепуштликни даволашда ва ЭКУ муолажаларида фарзандли бўлиш имкониятини пасайтиргани ҳам тасдиқланган. Аксинча психологик даволаш усуллари қўлланилиб, руҳий ҳолат тузалганда оилавий жуфтларнинг фарзандли бўлиш самарадорлиги ортгани ҳам кузатилган.


10. Кўпроқ тарихда ўтган буюк (эркак) инсонлар пайғамбарлар, авлиёлар, солиҳ кишилар, мард, жасур қаҳрамонлар ҳақида ўқиш, ўйлаш уларнинг ҳаётини ўрганиш ва фарзандини ҳам шундай солиҳ, мард ва жасур инсонларга ўхшашини кўп-кўп тасаввур қилиш. Фикр ва тасаввурнинг инсон организмига таъсири ҳақида кўп асосли далиллар айтилган. Бир танишимдан эшитгандим. Товуқ курк бўлганда унга овқат бериш учун кириб юрадиган аёл доим атлас кўйлакда кираркан. Натижада очилган жўжалар катта бўлгач уларнинг патлари атлас рангли бўлар экан. Оддий товуққа кўз орқали кирган ахборот шунчалик таъсир қилса қолганини ўзингиз хулоса қилаверинг.

АҲАМИЯТСИЗИ

11. Турли хил тақвим (япон, хитой, қон гуруҳи бўйича, ой тақвими ва ҳ.к.) ларга ишонмаслик. Кимдадир тўғри чиқса кимдадир нотўғри чиқади. Албатта-да. Зеро юқорида айтдик дунё бўйича ўғил ва қиз туғилиши 50/50. Бундай ҳолатда ҳар қандай фолбинлик ҳам 50% га тўғри чиқаверади. Уларнинг ҳеч қандай илмий асоси йўқ.

Эркакнинг қони фалон йилда аёлнинг қони фалон йилда янгиланиши ва ўғил бўлиши учун фалон йили ҳомиладор бўлиш кераклиги ҳақидаги тавсиялар тасдиқланган илмий аҳамиятга эга эмас.

Яна алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, юқоридаги усуллар ҳеч қачон 100% ўғил бўлишига кафолат бермайди. Фақат эҳтимолликни бир миқдор ошириши мумкин. Ҳатто ушбу тавсияларга умуман амал қилмасдан ҳам ўғил фарзанд кўриш мумкин. Чунки бу энг аввало Яратувчининг иродаси остида. Табиатдаги мувозанат ҳам қиз ва ўғил туғилиши учун ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Охирида яна такрор ва такрор айтамиз: сабаб ва воситаларга ёндошиш билан биргаликда гуноҳларга тавба қилиш, истиғфор айтиш, яхши ният, холис дуо, хайрлисини сўраш ва натижага (қандай бўлишидан қатъий назар) рози бўлишни зинҳор унутманг!

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page