ЎҒИЛ

ЎҒИЛ

ҳикоя 

Ўғилой оилада нечанчи қизлигини билмайман. Учинчи, деганмиди, ё тўртинчи. Хуллас, ундан кейинги фарзанд ҳам қиз туғилган – унга Ноила деб исм қўйишган. «Менгаям тузукроқ от қўйишса бўларди. Паспорт олаётганимда алмаштирворсам бўларкан. Лекин мен ўзимни янги дўстларимга Малика деб таништираман». Ҳа, чинданам кечаси уйғониб кетганимда у телеграмда овозли хабар жўнаётган бўларди: «Қалайсиз? Отим Малика. Ёшимми… Ёшимни нима қиласиз, қиз боладан буни сўрашмайди».

Ўғилой эрталаб уйғонолмас, мен унинг нонуштасини ҳам келтириб қўярдим. Доимгидек бўтқа, сарёғ, нон, тухум, шакар чой. Бу ерда бизни ёмон боқишмайди. Лекин боғчада бўтқанинг ҳиди шунчалик меъдамга тегиб қолгандики, иси таралиши билан ёқимсиз ҳиссиёт шууримни қамраб олар, боғчадаги ёлғизлигу шумшуклик кайфиятига дўнганча хотирам чуқурларига ботиб кетардим. Кейин кўникдим бу ҳидга: фақат ёлғизлик энди менга таъсир ўтмазмас, балки Ўғилой бўлмаганда аллақачон унинг домига тушиб кетармидим. Ҳа, яхшиям бор эди Ўғил.

Касалхонага келиб, кундалик тутиб унга изтиробларимни битиб турганимнинг илк куни Ўғил пайдо бўлдию, андуҳни йиғиштирдим ва унга андармон бўлиб кетдим. Биринчи эътиборимни тортгани – узун жингалак сочлари эди, кейин иси. Ҳа, одамни исига қараб танлаш одатим болаликдан бери бор. Иси менга ёқди. Минг йиллик яқинимдек ҳис қилдим. Ўзи нозиккина, оқ сариқдан келган, сезилар-сезилмас сепкиллари юзига ярашиб турарди. Танишдик. Тез тил топишдик. Тушда бирровга мизғиб олгач, ҳовлига чиқиб қарағайлар остида сайр қилардик. У ғудда йиғарди: жиянларига бераркан.

– Болаларни бирам севаманки. Қанийди, биттагина болам бўлса. Ўғлим бўлса.

– Нега эрга тегмаяпсан? – шахсий танловларга аралашмасамда, қисқа кунларда Ўғил билан шунчалик яқин бўп кеттикки, бу ерда ўтган 40 кун давомида биз сирлашмаган мавзу қолмади ҳисоб.

– Ҳали олдимда опам бор. Лекин яхши йигит чиқса ҳеч кимга қарамай тегиб кетардим.

– Севганинг йўқми?

– Бор эди. Синфдошим. Уйланиб кетди мени кутиб-кутиб. У пайт катта опам ҳам тўй бўлмаганди. Ҳозирам ошиқларим бор. Қани, қайси бири совчи қўяркин.

Кейин уларнинг расмини кўрсатади. Ўзимизча танлаймиз. Ҳаммасида нимадир кам: бири ўқимаган, бири ўзидан кичкина, бири ўта рашкчимиш.

– Танлаш керак бўлса, манави ўзимдан 4 ёш кичик йигитни дердим. Бирам беғуборки. Гуллар совға қилади. Лекин ҳали талаба.

– Севасанми уни?

– Менми? Йўқ, мен энди ҳеч кимни севмайман.   

Ўйчан деразадан ташқарига тикилиб қолди.

Уни ҳеч ким кўргани келмаётганидан ўкинмасди ҳам, менам бу ҳақда сўрамасдим. Ота-онаси, опа-сингиллари, ошиқ йигитлари, ҳамкасбларидан бирортаси бирор марта йўқлаб келмади. Фақат бир гал поччаси келди. Катта опамнинг эри деди, лекин шундаям қуруқ қўл билан, айтишича, шу атрофда яшашаркан.

– Ота-онам Бекободда туради, узоқ. Опамнинг ёш боласи бор, – деб баъзан уларни оқларди. – Муҳими, пул ташаб туришади, бўлди-да. Истаган нарсамни олиб ейман.

Баъзан касалхонадан чиқиб узоқларга пиёда дайдиб кетардик. Ўшанда у ўзида йўқ хурсанд бўларди.

– Кўча мазза. Ўзи уйдаям унча ўтирмасдим. Кечаси 11ларда ухлашга келардим, холос. Шу вақтгача нима қилардим? Дўстларим билан сайр қилардик ишдан сўнг. Тайёр угра қадоқлаш цехида ишлардик. Тўққиз соат тик оёқда. Кейин унинг чигалини ёзиш учун роса юрардик. Музқаймоқ ердик, пиво ичардик.

– Ишинг оғир экан. Балки ўқишга ҳаракат қилиб кўрарсан?

– Кетма кет икки йил йиқилгандан кейин топширмай қўйдим. Мактабдан қутулгандан кейин ўзимам таълимни давом эттиргим келмаган. Репититорга пул йўқ эди. Онам ҳам уй бекаси. Дадам тоғ-кон заводида ишлайди. Топганини қизларини узатишга деб йиғади. Ишим яхши. Бепул тушлик беради. Ўша ўзимизнинг лапшадан.

– Нимага қизиқасан ўзи? Қадоқлашга бўлмаса керак?

– Менми… парикмахерликка қизиқаман. Пул йиғиб, ўзимни салонимни очаман ҳали, – у сочимга қарайди. – Сочингиз жуда узун. Ҳали тузалиб чиқайлик, сизни ўзим ўзгартириб қўяман. Калта қилиб кесамиз ва рангини очартирамиз. Зўр ярашади.

Мен ўзимни бу кўринишда тасаввур қилолмай, яна унинг жингала сочларига қарайман.

– Ўзингники ҳам узунку роса.

– Биринчи муҳаббатимга шу узунлиги ёқарди. Кестириб ташасам бўлмайди. Бу тутамларга унинг қўллари теккан, – ҳандон отиб кулади.

Ўғил билан зерикмасдим. Дўстлари билан бошдан кечирган ҳангомаларни айтиб кулдирар, касалхонадаги бошқа йигитларни ҳам ўзига жалб қилиб олганидан ҳовлидаги скамейкага ўтиришимиз билан атрофимиз ёшлар билан тўларди. Улар орасидаги Сарвар Ўғил билан иноқлашиб олди. Баъзан уларни ёлғиз қолдирар, баъзан тургим келмай суҳбатларини тинглаб ўтираверардим. Бир куни эса кечгача касалхона ҳовлисида у билан қолиб кетди. Сўнг қизарганча палатада пайдо бўлди.

– Узоқ қолиб кетдинг?

– Анави Сарвар гаплашиб ўтирамиз деб писта ва кола олволган экан. Қоронғу тушганини сезмапман ҳам.

– Нималар дейди?

– Деярли ҳеч нима. Фақат бир пайт ёпишиб кетди бўйнимга. Чидолмайман, сени севаман, деб.

– Ҳайдаб солдингми?

– Йўқ-да. Менам ўпишдим.

Индамадим. Ўғил сочларини ёйиб ўрнига чўзилди.

– Касалхонада жуфтини топиб кетганлар кўпмиш. Сарвар совчи жўнатса тегаверардим.

– Менимчаям, дуруст болага ўхшайди.

Лекин кейинроқ Сарварнинг уйлангани маълум бўлди: ҳомиладор бир келинча уни кўргани келди.

Ўғил унинг палатасига кириб башарасига тарсаки тушириб келмоқчи эди, қайтардим: бу ер касалхона, кўчада бир кун учратиб қоларсан, шунда аламингни оласан. Кўп ўтмай Сарвар соғайиб бу ердан кетди. Уни қайтиб эсламадик ҳам.

– Буларни ҳаммаси бир гўр, – деди Ўғил. – Ўпишади, қучоқлашади, уйланиш деганда гулдур гуп.

– Эркак зоти қуримаганку, чиқар бир марди, – дедим далда бериб. Учинчи қаватимиздаги палатадошлар ичида чинданам эркаклар кўп эди, лекин уларни Ўғилга тавсия қилолмасдим: бири қамоқдан чиққан, бири собиқ гиёҳванд, бири дайди, бири ўзини ўлдиришга мойил эди. Улар шунчаки уйсизликдан касалхонага ўрнашиб олишган, уч маҳал иссиқ овқат ва ётоқ учун ҳеч «тузалиб кетишмасди». Аввалига мен улардан жиркандим, нарироқ юрдим, лекин Ўғил тез чиқишиб кетди ва мениям улар билан бўладиган суҳбатларига тортди. Билсам, уларам туппа тузук одамлар экан. Чўнтагида пичоқча олиб юрадиган, билакларига тату чизилган рус йигит нимага ўтириб чиққан билмайману, бир куни бизга ликопда анжир кўтариб чиқди.

– Мен мева емайман. Сизга бу.

Ўғилой эвазига тамаки олиб беришга ваъда қилди.

– Йўқ, керакмас, шунчакида. Сиз яқинларингизга кераксиз. Соғайинг.

Кейинроқ бу ерда ҳечкимга кераксизлар йиғилганини билиб олдим. Ўзим эса нега бу жойга тушиб қолганимни ҳалиям тушунмасдим.

Бизга энг кўп ёқадигани корейс эркак Пак эди, у собиқ наркоман бўлиб, қўлида томирлари куйиб кетганидан бўйнидан осма укол олар, биз буни томоша қилишга чидамай, энг охирида муолажа хонасига кирардик. Хуллас, Пак ҳозир гиёҳвандликни ташлаган, ёши қирқдан ўтган, уйланмаганди. Баъзида қари онаси корейсча овқатлар пишириб кўргани келарди.

– Онам ҳар келганда хотин топ, мен ўлсам сенга ким қарайди дейди, – у ўзбекчада бинойи гапирарди, – менга келин топиб беринглар. Ўзбек бўлсин. Ўзбекдан меҳрибон хотин чиқади. Ташлаб кетмайди муҳими. Касал бўлсанг ҳам.

Ўғил унинг елкасига уриб қўярди.

– Ўзим сенга зўрини топиб бераман, куйинма.

Пак ниҳоят дилидаги айтади.

– Ўзинг тегиб қўя қолсангчи, красавица. Сени бошимда кўтариб юраман.

Ўғилни чинданам яхши кўрарди, буни кўзларидан сезардим. Узоқдан кўриши билан биз томон келар, қўлидаги бор яхши нарсаларни улашар, қимизми, асалари чангими, соғайиб кетасизлар, деб мажбурлаб берарди.

– Тузалинг. Бу ерга ортиқ қайтиб келманг. Худодан сўрайман шуни.

– Худога ишонасизми? Динингиз нима? – қизиқаман.

– Диним йўқ. Аммо художўйман. Наркотикдан мени у олиб чиқиб кетди. Эҳҳе, биз худо билан қанча тунларни бедор ўтказдик. Қанча қанча тавбаю иқрорларимни тинглади. У йўл кўрсатди. Мен қайтмайман ўтмишга. Ҳа, асло. Оила қураман, болаларим бўлади, қурилишда ишлайман, уларни бахтли қиламан. Онамни бир умр куйдирдим. Ўсмирлигимдан бери чекардим. Энди бас.

Ўғил барибир кўнмади. Бошқа миллатли ва ўзимдан каттага тегмайман, деб узил кесил айтди.

– Ўзингдан кичкинага тегмоқчи эдингку, у нима бўлди?

– Онаси кўнмапти. Ёш бола. Йўқолсин уям. Қаранг, опа. Охирги палатадаги касал аёлнинг эри қанақа меҳрибон. Ёнидан ўзиям каравот ажратиб, куни тун жилмайди. Кўнглига қарайди. Шу аёлга ҳавасим келди.

– Қўй, ҳавас қилма унга, аҳволини кўрдингку. Реанимацияга олишди яна.

– Ўлса армонсиз ўлса керак.

– Соғайиб кетсин-эй. Битта гўдаклари бор экан. Ёш оила ҳали.

Лекин кўп ўтмай ўша аёл жон таслим қилди. Эрининг йиғиси кечаси билан ҳаммамизни юрагимизни ўртаб чиқди. Кўчадан жасадини устини ёпиб морг томонга олиб кетишаётганини кузатиб қолдик.

Бу ердан биринчи ўлик чиқиши эмасди. Сал аввал бир қария дайдини олиб келишган, эрталаб жони узилганди. Аммо унга негадир ачинмадик.

Кейин орада бир эркак томирини кесиб юборди, докторлар сақлаб қолишди. Бизга кўзи тушса, уялиб бошини ерга қаратиб оларди. Нимага, эплолмагани учунми, ё ожизлигиданми. Кейин билсак, хотини ажрим учун ариза берган, шунинг аламидан қилган экан.

– Хотини ташлаб кетса, ўзини ўлдирадиган эркакни биринчи кўришим, – деди Ўғил. – Яшамайсанми маза қилиб. Кетса кетар. Бошқасини топасан.

Бу ерда даволаниш иккинчи ўринга тушиб, одамларни билиш, англашга киришиб кетдим, ҳар куни бир ҳикояга арзирли воқеа рўй берар, негадир ўшанда кундаликка ёзишга ҳафсала қилмасдим. Мен яшардим. Ҳақиқий ҳаётда яшардим. Курашардим. Аввалига тезроқ бу ердан чиққим келган бўлса, кейин шунчалик ўрганиб қолдимки, палатам уйимдек азиз бўлиб қолди. Уч-тўрт ойлаб даволанадиган беморлар бор эди. Улардан бири тўқсондан ошган кампир бўлиб, соғлиғи тобора орқага кетаётган бўлсада, умид билан ҳаётга талпинарди. Ўғил уни аравачада ҳовлида айлантирар, мен эса саволга тутиб ҳаётига қизиқардим.

– Эрим атеист эди. Худони тан олмай ўлиб кетганиям йигирма йил бўлди. Намоз ўқитмасди, раҳматли. Ўлганидан кейин намозимни бошладим, хажларга бордим, ҳар куни эримни гуноҳларини сўраб дуо қиламан. Боламиз йўқ, қизим. Эрим профессор эди, давлат уй берганди. Уйим ҳувиллаб қолди, мана. Ўлсам кимга қолади билмайман.

– Мен сизга қиз бўлиб бораман, хола. Бу ердан чиқайлик, кўчиб ўтаман. Она бола яшаймиз, – дерди Ўғил. Хола унинг қўлларини сиқиб, йиғларди.

Лекин биздан аввал келган хола биз чиқиб кетаётганда ҳам шу ерда эди. Билмайман, ҳозир омонми йўқми. Ўғил – қиз бўлолмади. Ўғил касалхонадан чиққанимиздан сўнг шунчаки ҳаммамизда унутди. Лекин кетишидан аввалги кеча биз туни билан ухламай суҳбатлашдик. Аниқроғи у гапирди, мен тингладим. Қувноқ қизнинг бирдан маҳзун ҳикоячига айланишиданми, унга бирор тасалли ҳам беролмадим.

– Чинданам ўғил бўлиб туғилганимда эди. Оиламизнинг энг азизи бўлардим. Ота-онам албатта, опа-сингилларимдан кўра мени кўпроқ севарди. Пул топиб репититорга берарди, университетда ўқитарди. Кимни танласам, совчиликка бориб катта тўй қиларди. Ишонган тоғим дейишарди, ишдан уйга келсам тўнг эмас, кулиб қарши олишар, олдимга иссиқ овқат қўйишарди. Бу ергаям ҳали опам укажоним деб, ҳали синглим акажоним деб йўқлаб келарди. Онам ҳар куни қўнғироқ қилган бўларди. Йўқ, асли ўғил бўлганимда бу ерга тушмасдим ҳам, соғ юрардим. Дадам эса болалигимда менга велосипед олиб берган бўларди, гарчи бирор марта қўғирчоқ олиб бермаган, пулни рўзғорга аранг етказган бўлсаям, лекин бунга пул топарди. Эҳ… Сизга буларни нега айтяпман ўзи. Сиз нега ҳеч ёрилмайсиз? Фақат ҳаммани кузатасиз, ўрганасиз. Кимсиз ўзи? Бу ерда нима қиляпсиз? Касалгаям ўхшамайсиз.

Индамадим. Хўрсиниб қўйдим, холос.

У эрталаб касалхонани тарк этди. Унга бирор тасалли беролмадим, овутолмадим. Жўяли маслаҳатим ҳам йўқ эди, йўл кўрсатолмадим. Балки мен билан ўтган умрига ачингандир ҳам.  Имиллаб уйимга қайтдим. Палатамдан ҳеч кетгим келмасди. Унга ўрганиб қолгандим. Онам қарши олди. Дадам ишда экан. Опаларим ва синглим ҳам кўринмади. Онам менга қарамай сабзи тўғрашда давом этди.

– Ошни соғингандирсан. Айтганча, кеча ишхонангдан қўнғироқ қилишди. Бир ойдан ошиб кетди, бўшатишга мажбурмиз, деб. Бошқа иш излаб кўрарсан, Ўғил.

Бош ирғадим. Сумкамдан ғуддаларни чиқардим.

 

Нодирабегим Иброҳимова, 2024.

 


Report Page