Ҳаётингизни ўзгартирувчи Қуръоний сабоқлар
@Savollar_kanalҚуръон – Исломнинг муқаддас китоби бўлиб, сура ва оятлардан ташкил топган. Мусулмонлар Қуръоннинг милодий 610 йилда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали туширилганига, унинг тақво ва ҳикматга етакловчи китоблигига иймон келтиришган. Ривоятларга кўра, Қуръон биринчи маротаба Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан тахминан 3 километр узоқликда жойлашган Хиро тоғининг Жабал Ан-Нур ғорида эканликларида нозил бўлган. Хиро ғорида Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан мисраларни ўқишни талаб қилган, кейинчалик улар Қуръоннинг 96-сурасига киритилган. Сўнг нима бўлгани барчамизга маълум.
Бугунги кунда Қуръон Ислом оламининг асоси бўлиб хизмат қилади ва мусулмонлар тарафидан ҳар қандай хайрли ишнинг илҳом манбаи сифатида эъзозланади. Аммо ушбу китоб, қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг ҳаётини яхши тарафга ўзгартира олади. Китоб дунё ва одамлар билан алоқага оид буюк ахлоқий сабоқларни беради, хушмуомалалик ва одобга ўргатади, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этади – буларнинг бари ҳар бир инсон учун фойдалидир. Келинг, ушбу илоҳий китобни янада чуқурроқ таҳлил қиламиз ва ундан қандай сабоқлар олиш мумкинлигини кўриб чиқамиз
- Вақтимизни нимага сарфлаймиз?
Қуръоннинг “Аср” сурасида шундай дейилади:
Аср билан қасам. Албатта, инсон зиёндадир. Фақат иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар мустасно. (Маълум бўлдики, инсон икки дунёда бадбахт бўлиб қолмаслик учун тўртта сифатга эга бўлиши керак экан: Аллоҳга иймон келтириши, солиҳ амаллар қилиши, ҳақ амаллар қилиши, сабрга чақириши) (Аср, 1–3)
Агар Қуръондан бир донагина ҳикматни олиш айтилганда, шу оятлар кифоя қилган бўлар эди. Гап инсон ўз вақтини нималарга сарф қилиши ҳақида боряпти ва бу масала саноқсиз китобларнинг, маърузаларнинг, инсон тарбияси, муваффақиятига оид рисолаларнинг бош ва ўзгармас мавзуси бўлиб ҳисобланади. Аммо энг тўғри ва батафсил жавоб ушбу сурада жамланган.
Инсон ҳаёти давомида яхши амалларни қилиши, яқинларига ёрдам бериши, атрофидагиларга нисбатан ростгўй бўлиши керак. Сабрли бўлмоғимиз, ғазабга шошилмаслигимиз, кечиримли бўлишимиз, ўз хулқимиз билан атрофдаги зўравонлик ва шавқатсизликларни йўқотишимиз керак. Вақтингизни яқинларингизга муҳаббат беришга сарфланг.
2. Ҳар бир муаммо янги имкониятдир.
“Албатта, Биз сизларни бироз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир (Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг саловатлари, меҳри ва шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақиданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.) (Бақара, 155–157)
Оятда айтилган гаплар бизга синов – ўсиш учун имконият эканлигини англатади. Эртами, кечми ҳар бир ишимиз учун ҳисоб вақти келади. Кимдадир синовлар тез-тез, кимдадир камроқ содир бўлади. Лекин улар ҳисобдан тўсиб қолмайди. Қандайдир ҳаражат ила қийинчиликдан қочишга уринманг – муҳими бу эмас. Муҳими синовларга қандай туриб беришингизда. Кимки синовларга сабр қилса, Аллоҳдан умид қилса, синовларни вақтинчалик деб қабул этса, албатта, улар Аллоҳ тарафидан мукофотланадилар. У мукофот сифатида бир ҳикмат топиши ёки ҳаётий тажриба орттириш, ҳаттоки, бирон моддий афзалликка эга бўлиши ҳам мумкин. Аммо-лекин мукофот мусибат вақтида сабр қилувчиларгагина берилади.
3. Ғийбат қилишдан сақланинг.
«Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир. Албатта, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир». (Исро, 53)
Ҳеч қайси бир амал ғийбатчалик иғво чиқармайди. Кўпинча бошқаларни камситиш эвазига ўзимизни зўр деб биламиз. Шу йўл билан балки ўзимизга баҳойимизни оширармиз, ҳаттоки, атромизга кўплаб мухлисларни тўплармиз. Аммо эртами-кечми уларнинг барчаси ташлаб кетади. Натижада ғийбатчи ёлғиз қолади. Ҳеч ким уни яхши кўрмайди ва ҳеч кимга керак бўлмай қолади.
Одатда ғийбат қилинган шахс хафа бўлади, ўзини ҳеч кимга керак эмасдек ҳис этади – наҳотки, ортингиздан шундай нарсалар қолишини истайсиз? Сўзларингиз одамларни айиришга эмас, бирлаштиришга ва савоб ишларга ундашига хизмат қилгани яхши эмасми?
4. Сахий бўлинг.
Шубҳасиз, Аллоҳ адолатли бўлишни, яхшилик қилишни, қариндошлик ришталарини узмасликни буюради.
Қуръонда шундай дейилган:
«Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкид қилинганидан сўнг бузманг. Батаҳқиқ, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз-а! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур» (Наҳл, 91).
Агар сизга озор беришса, дилингизни оғритишса ёки ноқулайликлар яратишса, танлаш ҳуқуқингиз бор: ё жаҳлингиз чиқиб қўполлик қиласиз ва бу билан очдан ўласиз, ёки аҳамият бермайсиз ва ўзингизни сокин тутасиз, тарбиянгизни бузмайсиз.
Қуръон бизни яхшиликни танлашга ўргатади.
Ушбу оятда, кўрганимиздек, «адолатли бўлиш»ва «яхшилик қилиш» асослари билдирилмаган. Қандайдир маълум бир гуруҳ учун айтилмаган. Шундан фикр қилсак бўладики, адолат ва яхшилик қилиш даъватига барча тенг амал қилиши таъкидланган.
Бунинг ўзига яраша сабаблари ҳам мавжуд.
Меҳримиз билан атрофдаги ёмонлик ҳалқасини узамиз, чунки ёмонликка ёмонлик билан жавоб берсак, у айланиб ўзимизга қайтиб келади. Биргина бу эмас, яхшиликни тарғиб қилган сайин, у атрофдаги инсонларга қанчалик кенг тарқалганини ва жамиятнинг янада онглилашиб борганини, натижада, яхшиликнинг давомийлигини кўрамиз. Биз кимга яхшилик қилсак, у инсон ҳам кимгадир яхшилик қилади.
Қуръонда кўплаб ҳаётий фойдали жиҳатларни кўриш мумкин. Аммо бу энг асосий ўгитлардан биридир. Ёмонлик ва ҳақсизликдан воз кечинг. Ҳаётингизнинг яхши томонга қанчалик ўзгарганига гувоҳ бўласиз.
5. Сўзлашганда юмшоқ ва чиройли жумлалардан фойдаланинг.
Гапирганимизда, ўйлаб, фикримизни гўзал тарзда баён қилишимиз керак.
Кўпчилик инсонлар ўйламай гапиришади. Улар учун сўзнинг аҳамияти йўқ. Асосийси – гапириш.
Одатда, биз ўз фикримизни тезроқ англатиш учун қисқа ва лўнда жумлалардан фойдаланамиз.
Бир тасаввур қилиб кўринг-чи, иш юзасидан иш берувчи билан суҳбатлашишингиз керак. Бундай вақтда сизнинг бир жумлангиз билан фаолиятингиз тақдири ҳал бўлади.
Жумлалар жуда катта аҳамиятга эга.
Улар ё инсонни ўлдиради, ёки руҳлантиради, уларнинг ёрдамида кимнидур бошқариш, ҳатто, кимнингдир ҳаётини барбод қилиш мумкин.
Шундай кучли қуролдан ўйламай фойдаланиш натижасида кимгадир зарар етказишимиз ёки буюк имконларни қўлдан бой беришимиз мумкин.
Бир оғиз гап бутун ҳаётни ўзгартириб юбориши тайин.
Биз қанчалик тез бу одатимиздан воз кечсак, ўзимизга шунчалик яхши бўлади.
Қуръонда такидланганидек, ҳар бир сўзимиз «яхшилик» бўлсин.
Ана шундан кейин ҳаётимиз тубдан ўзгаради.
6. Ғазабни сиз йўқ қилинг, у сизни йўқ қилгунча.
Қуръонда шундай дейилган:
«Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир» (Оли Имрон, 134)
Бу оят инсоннинг жуда аҳамиятли бир жиҳатини ёдга солади, яъни ғазабни зарар бериш учун эмас, фойдали жойларда қўллашни.
Ғазабни яхшиликка айлантириш инсонларга, жамиятга фойдали тарафларда қўллаш, натижада, уни одамларга фойдаси тегадиган нарсага айлантириш мумкин.
Фикр қилинг! Ғазаб салбий бир кучга эга ва инсон бу кучни кўпинча бузғунчи ишларга йўналтиришни истайди. Лекин буни яхшилик, ижобий тарафга буришнинг ҳам иложи бор.
Ғазабни куч билан нафрат ва қўполлик билан зарар келтирар ҳолга олиб келгунча, уни яхшилик тарафга бурса бўлмайдими?
Қуръонда айтилади, ғазаб буюк кучга эга. Фақат уни жиловлаб тўғри йўлда фойдаланиш лозим.
7. Мустақил фикрланг.
Мустақил фикр қиладиганлар ҳақида Қуръонда шундай дейилган:
«Аллоҳнинг ҳузурида жонзотларнинг энг ёмони, албатта, кару соқов бўлиб, ақл ишлатмайдиганларидир» (Анфол, 22)
Дин барчани бир хил фикрлашга чақиради деб ўйловчилар учун бу гаплар кутилмаган бўлиши мумкин, аслида кўп динлар инсонда мулоҳаза қобилиятини рағбатлантиради ва эътиқод қилаётган нарсасига нега эътиқод қилаётганини тушунини ёқлайди.
Бу ғояни қадимги дунё файласуфи Суқрот жуда чиройли изоҳлаган: «Ақл юритмасдан яшалган умр яшашга арзимайди».
Ҳақиқатдан ҳам, фикр юритмасдан, мақсадсиз, ниятларсиз яшаш вақтни зое ўтказишдир.
Ақл, фикр юритмай яшаган инсон худди шамолга соврилган чангдек ҳақиқий Ҳаётни яшай олмайди.
Келинг бироз тўхтаб амалларимизни сарҳисоб қилайлик. Режа асосида яшаяпмизми? Дунёни яхшилаш учун бирор ҳаракат қиляпмизми? Агар шундай бўлмаса, Қуръон оятларини қайта ўқиб чиқинг.
Балки шундан сўнг ҳаётингизда янги саҳифа очарсиз.
Қуръон – ҳаётингизни янгилайдиган, гўзал, муаззам қила оладиган ҳикмат бойлигидир.
Динингиз, ишончингиз, фикрлашингиз қандай бўлишидан қатъи назар, Қуръонни четлаб ўтмаслигингиз керак.
Қуръонда юқорида айтилган фикрларимиздан ҳам кўпроқ масалалар ечими бор, сиз жавоб топа олмаган барча муаммолар унда ойдинлашади.
Сиз Қуръонни ўқиб тушунишга ҳаракат қилинг!
Қуръоннинг сизга очган мўъжизаларидан албатта ҳайратга тушасиз!