Ҳаким Термизий ва касб масаласи (1-қисм)

Ҳаким Термизий ва касб масаласи (1-қисм)

@Savollar_kanal
www.islom.uz

Юқоридаги сатрлар кўп асрлик изланишлар ва уринишлардан сўнг «Аҳли сунна вал жамоа» ақийдавий мазҳаби уламоларининг касб ва ризқ масаласи бўйича эришган натижаларининг хулосасидир. Унгача бўлган илмий уринишлар ҳам ушбу натижа атрофида айланган фикр ва мулоҳазалардан иборатдир. Касб масаласи кўпчиликни қизиқтиргани, бу борада келган оят ва ҳадисларни жамлаб, тўғри англаб етишга ҳамма ҳам муяссар бўлавермагани учун қадимда ҳам уламолар бу мавзуга алоҳида аҳамият берганлар. Бунинг далили сифатида Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан ёзилган «Касбнинг баёни китоби» номли алоҳида рисолани келтиришимиз мумкин. Ушбу ном остида алоҳида рисола ёзилганининг ўзи бу масала ўша даврда ҳам кўпчиликни қизиқтирганидан дарак беради. Рисоладаги матнларда бир неча ўринда «дегувчи», «деса» каби ибораларнинг ишлатилишидан бу борада бир неча минг йил олдинги даврда ҳам савол-жавоблар ва тортишувлар бўлгани англаб олинади.

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу рисоласи «Дорул кутубил ватания Зоҳирия» муассасасида 104-рақам билан сақланаётган нусхадан нашр қилинган. Бу рисола Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг бешта рисоласини жамлаган мажмуанинг ичида учинчи рисола шаклида келган. Шунингдек, Араб давлатлари уюшмаси кутубхонасида рисоланинг яна бир нусхаси борлиги маълум.

 Рисола бешта китобнинг учинчиси бўлгани учунми ёки нусха кўчирувчи хаттотларнинг айби биланми ёхуд аввалги варақлари йўқолгани сабаблими, тўғридан-тўғри «Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий Термизий деди» жумласи билан бошланиб кетган. Аслида эса «басмала»дан кейин Аллоҳ таолога ҳамд ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлиши керак эди.

Ушбу рисола қачон ёзилгани ҳам маълум эмас, аммо унинг тузилиши, иборалари ва сарлавҳаларсиз ёзилганидан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий Термизий раҳматуллоҳи алайҳ уни ўз ижодий фаолиятининг дастлабки босқичида ёзган бўлса керак, дея тахмин қилишимиз мумкин.

Рисола асл нусхада худди бир мақоладек кўринишга эга. Ҳамма нарса аралаш ҳолда кетма-кет ёзилаверган. Шунинг учун ҳам қўлёзма устида тадқиқот олиб борган олим Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака рисоланинг тузилишига қараб унга сарлавҳалар қўйиб чиққан. Бу эса рисолани тушунишда ўқувчига осонлик туғдиради.

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ мавзуни ёритишда Қуръони Карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан кўплаб далил ва ҳужжатлар келтиради. Унда мавзуни яхшироқ тушунтириш учун ҳаётий мисоллар ва ўхшатмалар ҳам берилади. 

 Муаллиф касб ва маош борасидаги сўзни биринчи инсон – Одам алайҳиссаломдан бошлаган. У кишини «ризқ талаб қилишга чақирилган биринчи киши» сифатида ёдга олган. Тоҳо сурасидан келтирилган оят мисолида Одам Атога жаннатда тўрт нарса – таом, ичимлик, кийим ва маскан берилганини айтган.

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ тарихдаги биринчи оиладаёқ Аллоҳ таоло хотиннинг нафақасини эрга вожиб қилганини таъкидлайди:

«Унга «Яна у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин», дейилди. Яъни «Мазкур тўрт нарсани топаман деб уриниб, чарчамагин».

Бунда фақатгина бадан чарчоғи кўзланган.

Мана шуни хотиннинг нафақаси эрга вожиблигига далил қиламиз. Нафақа[1] юқорида зикр қилинган тўрт нарсадан иборатдир. У Зот иблисдан бўладиган адоватни, шунингдек, жаннатдан чиқарилишни икковларига нисбат берди. Ризқ талаб қилишдаги машаққатни эса Одам алайҳиссаломга нисбат берди. Машаққатнинг ёлғиз Одам алайҳиссаломга нисбат берилиши эрга вожиблигига далолат қилади».

Муаллиф Одам алайҳиссалом тоатни тарк қилганидан кейингина маош талаб қилишга мубтало бўлганини далил қилиб, «Ким Роббига итоатлироқ бўлса, ризқи осонроқ бўлади» деган хулосага келади.

Сўнгра Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ кимларнинг ризқи таъминотсиз келиши ҳақида сўз юритади ва бунга иккита ҳадисни далил қилиб келтиради. Бу далиллардан қуйидаги хулоса чиқади:

«Банда ўзининг ташвишини унутиб, Роббининг ибодатига сингиб кетган, ибодатида Робби ила машғул бўлган бўлади. У Аллоҳ таолонинг ибодатига фориғ бўлган бандадир. Унинг ризқининг таъминоти осмонлар ва ерда кафолатланган бўлади. Осмондан ёмғир ёғади. Ерда наботот ўсади. Бану Одам ишлов беради, нақл қилади ва етказади».

Ҳаким Термизий уларни сиддиқлар деб атайди ва уларнинг вакили сифатида Марям онамизни зикр қилади. Аллоҳ таоло томонидан у кишига меҳробга ризқ қўйилиши ҳақидаги ояти каримани далил сифатида келтиради.

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур сиддиқлик даражасига сазовор бўлган аброр бандаларга ризқлари ўз-ўзидан келиб турган бўлса ҳам, улар маош талаб қилишни тўхтатмаганлари ҳақида сўз юритади. 

Сиддиқларга ризқнинг ўз-ўзидан келиб туриши уларнинг сиддиқликларини тасдиқлаш учун бўлгандир. Аслида улар худди бошқалар каби касб қилиб, ризқ топиб юрганлар. 

Жумладан, Марям алайҳассалом маош талаб қиладиган кимсалардан бўлиб, у киши ип йигириш билан шуғулланар, Ийсо алайҳиссалом у кишининг мана шу касб ила топганларидан ризқланар эди.

Мол-дунё касб қилиш борасидаги осонлик ва қийинлик маъноси бандага нисбатан ишлатилади. Бу борада «яқийн» – ўта мустаҳкам иймон соҳиблари доимо осонликда бўладилар. Аммо иймони суст кишилар молга бўлган ҳирслари, уни қўлдан чиқариб юборишдан қўрқишлари ва турли ёмон гумонлари касофатидан ўзларини ўзлари ҳоритадилар, чарчатадилар ва қийноққа соладилар.

 Аслида шариат таълимотлари асосида бўлса, ризқ талаб қилиш одамлар учун раҳматдир. Улар бу ишни ўзларига ризқ етиб келгунча нафсларига таскин бериш учун қиладилар. Зотан, нафс муҳтож бўлса, қўлида фазл бор кимсадан тамагир бўлади. Агар ман қилинса, ман қилувчидан қаттиқ хафа бўлади. 

Расуллар алайҳимуссалом ризқ талаб қилишда бошқа бандаларга ўрнакдирлар. Аллоҳ азза ва жалла расулларни барча нарсаларда халққа ибрат қилиб юборган. Жумладан, ризқ касб қилишда ҳам. Анбиё алайҳиссаломларнинг муборак ҳаётларини ўрганадиган бўлсак, барчаларининг нажжорлик, тожирлик, темирчилик, чўпонлик каби ўзларига хос касблари бўлганига гувоҳ бўламиз.

Банданинг касб қилишдан кўзлаган бош мақсадларидан бири яхши таомга эга бўлишдир. Ўз-ўзидан «Таомнинг қай бири яхшиси?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг биз ўрганаётган рисоласида далил ва ҳужжатлар асосида жавоб берган. У кишининг таъкидлашича, таомнинг яхшиси ва Аллоҳга маҳбуби киши қўли билан касб қиладиганидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун одам боласи ейдиган таомдан кишининг қўли билан касб қиладиганидан маҳбуброғи йўқдир. Албатта, биродарим Довуд қўли билан қилган касбидан ер эди», деганлар.

Ўтган пайғамбарлар алайҳиссаломларнинг Бану Одам ичида олиб борган фаолиятларидан бири кишиларни амалга ва касб қилишга ундашдан иборат бўлган. Жумладан, анбиёларнинг афзали ва охиргиси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: «Кишининг энг афзал меҳнати унинг қўл меҳнатидир. Агар ихлос қилса», деганлар. Шу билан бирга, Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ бу борада ривоят қилинган ҳадиси шарифлар ва саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг қиссаларини келтиради.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ақийдасига кўра, Аллоҳ ризқларни Лавҳул маҳфузда Ўзи ирода қилган миқдорда, Ўзи ирода қилган кайфиятда ва Ўзи ирода қилган вақтда собит қилгандир. 

Ҳаким Термизийнинг таъкидлашича, азалда тақдир қилинган бўлса ҳам, ризқларни сабабларга боғлаш шариатда жорий бўлган. Шунинг учун ҳам сабаблар одамларнинг эътиборини мазкур собит нарсадан талаб қилинган нарсаларга ва касбларга қаратган. Токи улар бу борада ўзларини маломат қилсинлар.

Шу ерга келганда бир оз батафсил сўз юритиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ўз даври шароитидан келиб чиқиб, сўзни лўнда ва қисқа қилган. Кейин замон ўтиши билан бошқа тушунчалар каби сабаблар мавзусидаги тушунчалар ҳам кенгайиб ва чуқурлашиб борган. Мазкур тушунчаларни керагича англаб олиш бугунги кунимизнинг ҳар бир кишиси учун жуда ҳам аҳамиятлидир.

 Сабаб – дунёвий ғаразга эришиш учун қилинадиган амал. Бир нарсанинг ҳосил бўлиши учун эҳтиёжи бор нарса сабаб дейилади. Мисол келтирадиган бўлсак, тўйиш учун таомга эҳтиёж бор. Тўйишнинг сабаби – таом.

Эҳтиёжи бор тараф эса мусаббаб дейилади.

Дунёдаги барча нарсалар ўзидан бошқа нарсага сабаб бўлиши билан бирга яна бошқа бирига мусаббаб ҳам бўлади. Яъни бир нарсага эҳтиёжи тушса, бошқа бир нарсанинг унга эҳтиёжи тушади.

Яна ҳам тушунарлироқ бўлиши учун мисол келтирайлик: бир одамнинг дунёга келишига ота-онаси сабаб бўлади. У эса боласининг дунёга келишига сабаб бўлади. Уруғ ўсимликнинг ўсишига сабаб бўлади. Ўсимлик уруғнинг пишишига сабаб бўлади. Қўйингки, бу дунёдаги ҳар бир нарса шунга ўхшаш, бошқасига боғлиқ ва улар бир-бирларига сабабдирлар.

Агар тааммул ила ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир нарса бошқасининг пайдо ёки йўқ бўлишига ёхуд ўзгаришига таъсир ўтказмаса, сабаб деб аталиши мумкин эмас. Бас, таъсир қилувчи сабаб экан, унинг таъсири доимий бўлиши керак. Агар таъсири йўқоладиган бўлса, сабаблиги ҳам қолмайди. Ана шу тарзда доимий такрорланиш оқибатида бизда «Фалон нарсанинг пистон нарсага таъсири бор. Бу нарса у нарсанинг сабабчиси», деган маънодаги тушунчалар пайдо бўлган. Демак, Аллоҳ таоло қайси бандани сабаблар ичида турғизиб қўйса, у ўша сабабларни ишга солиб, шариат кўрсатмалари асосида иш олиб бориши керак бўлади.

Аллоҳ таоло бир одамга солиҳ жуфти ҳалол ва фарзандлар ато қилди. Шариат ҳукми бўйича, мазкур киши аҳли аёли ва бола-чақасини нафақа билан таъминлаши вожиб эди. Бунинг учун у нафақа топишда зарур бўлган восита – сабабларни ишга солиб ҳаракат қилиши керак эди. Аммо у сабаблар ичида турган бўлса ҳам, уларни ишга солмасликни ирода қилди. Ўзича «Аллоҳ таолога таваккул қилдим, бола-чақани У Зотнинг Ўзига топширдим», деб ўзини ибодатга урди. Бу иш хатодир. Уни ушбу хатога шаҳвати, яъни нафсининг табиати мулойим кўрган нарсага интилиши етаклади. Бу шаҳватнинг махфийлиги эса амалнинг сиртдан қийин кўриниши ва зимдан роҳат ҳамда шуҳратнинг кўзланишидир.

Сабабларни тарк қилишга юзланган одам сиртдан ўзи одатланиб қолган нарсадан ажралиб қолган ва хоҳишига қарши иш қилаётган бўлиб кўринади. Аслида эса меҳнатдан ва шариат таклифидан қочаётган ва шуҳратга интилаётган бўлади. Минг афсуслар бўлсинким, бу ҳолат тасаввуфни даъво қилаётганларда кўпроқ учрайди. 

Қабулимга бир киши кириб, опасининг саволи борлигини, агар рухсат берсам, аёлнинг ўзи кириб айтмоқчи эканини билдирди. Унга рухсат берилди. Аёл маъюслик билан гап бошлади:

«Оиламизда болаларимиз билан яхшигина яшаб тургандик. Ҳалол-пок ризқимиз бор эди. Ибодатни ҳам қўлдан келганича қилар эдик. Хўжайиним бировга «қўл бериб», ўзларини девоналар деб номлаётган тўпга қўшилди-ю, ишларимиз чаппасига кетди. Эрим ишларини ташлади. Ўшаларга қўшилиб олиб, маросимларда қорнини тўйғизиб юрибди. Биздан хабар олмайди. Уйга ухлагани келади, холос. «Сизга нима бўлди? Бизнинг ҳолимиздан хабар олмай қўйдингиз. Ахир бир жонга ҳам сув, ҳам нон керак», десак, «Сенлар ҳамманг фосиқсан, Аллоҳ таолодан сўрасанг, ризқингни беради», дейди. Нима қилишимизни билмай қолдик. Энди ўзим кўчага чиқиб, болаларни боқишга мажбур бўлмоқдаман». 

Хотини шикоят қилаётган мазкур эрни Аллоҳ таоло сабаблар ичида турғизиб қўйганда, у тажридни ирода қилибди. Тасаввуфни даъво қилган, ўзи тасаввуфнинг ҳақиқатидан бехабар бўлганларнинг гапига учиб, зиммасида вожиб бўлган ва қилса, вожиб амалнинг савобини оладиган шаръий амални тарк қилиб юрибди.

Худди оила бошлиғи каби жамият ва кишилар учун манфаати етадиган ишлардаги шахсларни ҳам Аллоҳ таоло сабаблар ичида турғизган бўлади. Улар ҳам ўз вазифаларини адо этишда сабабларга боғланишлари талаб қилинади.

Бунинг мисоли қуйидагича: бир йигитга отаси: «Болам, бизнинг давримизда ўқиб-ўрганиб, яхши одам бўлиб олгин. Сени ўқишга киргизиб қўяман. Нима керак бўлса, муҳайё қилиб бераман. Сен фақат ўқишни билгин. Бошқа нарсани хаёлингга келтирмагин», деди ва айтганини қилди. Ушбу ўғилнинг ҳолати тажрид ҳолати бўлади. У сабабга, яъни дунёвий ғаразга эришиш учун қилинадиган амалга муҳтож эмас. Аммо мазкур йигит отасига ваъдани бериб қўйиб, ўзи сабаблар ортидан тушиб кетса, дунёвий ғараз билан овора бўлса, олий ҳимматдан қулаган бўлади.

Одамлар бу дунёдаги ҳаётлари давомида баҳс юритилаётган икки ҳолатдан бирида бўлишларини, ҳар ким ўз ҳолатини англаб олиши ва унга тўғри муносабатда бўлишлари лозимлигини унутмасликлари керак. Бунга ҳам мисол келтирайлик: ҳажга бориш учун ҳаж карвони тузилди. Айтайлик, карвон минг кишидан иборат. Карвонда унинг ишчилари, табиблари, ошпазлари ва оддий ҳожилар бор. Мана шу карвондаги ишчилар, табиблар ва ошпазлар ҳаж баҳонасида Аллоҳ таоло сабаблар ичида турғизиб қўйган кишилардир. Оддий ҳожилар эса Аллоҳ таоло тажрид ичида турғизиб қўйган кишилардир.

Карвондаги ишчилар, табиблар ва ошпазлар сабабга, яъни дунёвий ғаразга эришиш учун қилинадиган амалларни: ишчилар ҳожиларнинг ташкилотчилик ишларини, табиблар уларнинг соғлиқларига оид ишларни ва ошпазлар эса уларнинг озиқ-овқатларига оид ишларини бажаришлари шариатнинг талабидир. Улар сабабларни тарк қилиб, тажрид ҳолига тушиб, кечаю кундуз ибодат билан машғул бўлсалар, хато қилган, махфий шаҳватларининг кўйига тушган бўладилар. 

Албатта, ушбу карвондаги оддий ҳожилар тажрид ҳолидадирлар. Улар оила, бола-чақа, мансаб, иш ва бошқа барча дунёвий нарсалардан ажраб, умрларидаги энг улуғ сафар ва ибодатни ният қилиб чиққанлар. Улар учун керак бўлган ишларни бошқалар бажариб туришибди. Энди улар дунё ташвишларини унутиб, ўзларини ибодатга уришлари лозим. Ҳажни баҳона қилиб, савдо-сотиқ, ўйин-кулги ва кайфу сафо билан машғул бўлишлари мутлақо хатодир, олий ҳимматдан қулашдир. 

Демак, мусулмон инсон ўз ҳолини яхши билиши керак. Аллоҳ таоло уни сабаблар ичида турғизганда, сабабчи бўлиши лозим. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

(Касбнинг баёни китобидан)

________________________________________

[1] «Нафақа» луғатда «яхшиликка маблағ ажратиш» деган маънони билдиради. Шариатда эса «ўзқарамоғидаги кишини етарли кийим-бош, таом, маскан (уй), тозалик ва рўзғорасбоб-анжомлари билан таъминлаш» нафақа дейилади. Нафақа эр-хотинлик ва қариндошлик йўлибилан вожиб бўлади. Нафақанинг эрга вожиббўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл иласобит бўлган. 

Манба

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page