Қалб учун энг фойдали нарса
@Savollar_kanalҚалб учун фикр майдонига киритадиган узлатга ўхшаш манфаат йўқ.
– Манфаат – фойда етказиш.
– «Қалб» лафзи икки хил маънода ишлатилади:
Биринчиси – инсоннинг чап кўкрагига жойлашган, конус шаклидаги махсус жисм. У бизнинг тилимизда юрак дейилади. Тасаввуфда қалб дейилганда ушбу аъзо кўзда тутилмайди.
Иккинчиси – роббоний, руҳоний ва латиф нарса бўлиб, унинг аввалги қалбга боғлиқлиги мавжуд. Уларнинг орасидаги алоқа худди сифатнинг сифатланган нарса билан алоқасига ўхшайди. Ана ўша латиф нарса инсоннинг ҳақиқатидир. Идрок, билим ва маърифат ўшандандир. Хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ўшангадир.
Тасаввуфда қалб дейилганда мазкур латиф нарса англанади. У ҳақда гапирилганда, унинг сифати ва аҳволи ҳақидагина сўз боради, ҳақиқати ҳақида сўз юритилмайди.
– Узлат – қалбнинг Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиши ва яна қалб эгасининг одамлардан ажраб, ёлғиз қолиши.
– Майдон – отчопар. Бу ерда истиора йўли билан «фикр майдони» дейилмоқда.
Ушбу ҳикматда иккинчи турдаги узлат – одамлардан ажраб, ёлғиз қолиш кўзда тутилган. Зотан, жисм ажрамагунча, қалб ажраши ҳам қийин.
Иккинчи турдаги узлат – қалб эгасининг одамлардан ажраб, ёлғиз қолиши ҳақида уламолар орасида кўпгина тортишувлар бўлиб ўтган ва уларнинг ҳар бирлари узлатнинг фойдаси ва зарари ҳақида кўплаб далил-ҳужжатларни келтиришган.
Машойихларнинг узлатга тарғиб қилишлари ўзларининг ҳаводан олган гаплари эмас, балки Қуръони Карим ва Суннатдан олинган ҳикматдир.
Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида марҳамат қилади:
«Сен: «Мен сизга биргина нарсани ваъз қилурман: Аллоҳ учун холис, иккита-иккита ва битта-битта туриб, бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда ҳеч қандай жиннилик йўқ. У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантирувчи, холос», деб айт» (46-оят).
Келинг, турли-туман фикр, тасаввур ва мулоҳазалардан фориғ бўлиб, Аллоҳ учун холис фикр юритиб кўринг. Хоҳласангиз, ҳеч ким ҳалақит бермаслиги учун якка-якка туриб фикр юритинг.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бошланган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У зот қандай туш кўрсалар, албатта, худди тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келар эди.
Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб бўлиб қолди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳлларининг олдига тушишдан олдин бир неча кеча «таҳаннус» ибодати қилар эдилар. Бунинг учун озуқа олволар эдилар. Сўнгра Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли озуқа олар эдилар. У зотга ҳақ келгунича шундай бўлди. У зот Ҳиро ғорида эканликларида фаришта келиб:
«Ўқи!» деди...»
Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.
Ҳа, пайғамбарлик келишидан уч йил аввал Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бир йилда бир ой (Рамазон ойида) «таҳаннус» ибодати, яъни ғорда ўтириб, руҳий покланиш одати пайдо бўлган эди.
У зот вақтни кўпроқ ибодатда ўтказиб, борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида тафаккур қилардилар. Қавмлари эътиқод қилаётган диёнатдан кўнгиллари тўлмасди. У киши очиқ-ойдин ҳаётий йўлни излардилар.
Бу ҳол, яъни танҳоликни хоҳлаб қолишлари ҳам Аллоҳнинг келажак ишларни ўйлаб қилган тадбири бўлиб, у зотни келажакда улкан ишлар кутарди...
Ушбу масалага оид барча маълумотлар ўрганиб чиқилиб, узлатнинг фойда-зарарлари ажратилган.
Узлатнинг фойдалари:
1. Ибодатга фориғ бўлиб, Аллоҳ таолонинг муножоти ила унсу улфат топиш.
2. Кўпчиликка аралашганда йўлиқиладиган ғийбат, риё, ёмон хулқларнинг юқиши каби маъсиятлардан халос бўлиш.
3. Фитна ва хусуматлардан халос бўлиш.
4. Одамларнинг ёмонликларидан халос бўлиш.
5. Одамлар тамасининг сендан, сенинг тамангнинг улардан кесилиши.
6. Аҳмоқ ва бефаросатлардан қутулиш.
Узлатнинг зарарлари:
1. Таълим олиш ва таълим беришдан бебаҳра қолиш.
2. Наф бериш ва наф олишдан бебаҳра қолиш.
3. Одоб бериш ва одоб олишдан бебаҳра қолиш.
4. Унсу улфат олиш ва беришдан бебаҳра қолиш.
5. Савоб олишдан бебаҳра қолиш.
6. Тавозедан бебаҳра қолиш.
Ушбу фойда ва зарарларни ҳамда муриднинг ҳолини эътиборга олиб, узлатнинг ҳукми ҳам ҳар хил бўлади. Узлат қилиш керак ёки керак эмас, деган умумий ҳукм чиқариш нотўғри бўлади. Кимгадир маълум бир вақт ва шароитда узлат зарур бўлиши, бошқа ҳолда эса зарур бўлмаслиги мумкин. Бу шайх билан маслаҳат қилиб белгиланади.
Ушбу ўн иккинчи ҳикмат ўзидан олдинги ҳикматни тўлдириб келган. Аввалги ҳикматда инсон ўз шахсиятини шакллантириш даврида хумул босқичидан ўтиши зарурлиги англатилган эди. Ана шунда у шуҳратнинг офатларидан узоқда бўлиб, нафсининг яхшилаб тарбияланиши, маърифат доирасининг кенгайиши ва тажрибаси камолга етиши йўлга қўйилади.
Бу ҳикматда эса кези келганда инсон маълум соатларда узлатда бўлиш ила ўз нафси билан ёлғиз қолиши зарурлиги билдирилмоқда. Хумул умумийроқ, узлат хусусийроқ. Хумулда одамларнинг ичида юрилса ҳам, шуҳратдан, дабдабадан, ўзини бозорга солишдан қочилса бўлди. Узлатда эса умуман одамлардан ажраб чиқилади.
«Қалб учун фикр майдонига киритадиган узлатга ўхшаш манфаат йўқ».
Демак, инсоннинг қалби учун энг фойдали нарса узлатда фикрлашдир. Узлат парҳездир. Фикрлаш даводир. Парҳезсиз даво фойда бермас. Давосиз парҳезнинг кераги йўқ. Фикрсиз узлатдан фойда бўлмас. Бас, узлатсиз фикр ила ғафлат уйқусидан уйғониб бўлмас. Зотан, узлатдан кўзланган мақсад қалбнинг фориғ бўлишидир. Қалб эгасининг фориғ бўлишидан мақсад, фикрни ишга солишдир. Фикрни ишга солишдан мақсад, илм олиш ва уни қалбга жойлашдир. Аллоҳ таолога боғлиқ илмнинг қалбга жойлашиши эса унинг давоси ва тўлиқ саломатлигидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Шуаро сурасида ана шундай қалбни «саломат қалб» деб атаган.
«У Кунда на мол ва на ўғиллар манфаат бермас. Ким Аллоҳ ҳузурига саломат қалб ила келса, мустасно» (88-89-оятлар).
Бу борада машойихлар қалбни ошқозонга ўхшатадилар. Қачон ошқозондаги озуқалар аралаш-қуралаш бўлиб кетса, у хаста бўлади. Бундай хасталикка парҳездан ўзга нарса манфаат бермайди. Парҳез эса ошқозондаги моддаларни камайтиради ва ахлатларнинг кўпайишини ман қилади.
Қалб ҳам шунга ўхшайди. Қачон ундаги бўлмағур фикрлар кўпайса, уни ҳис-туйғу эгаллаб олса, бемор бўлади. Баъзида ўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда қалбга фақатгина бўлмағур фикрлар ва туйғулардан парҳезда бўлиш ва улар бор жойдан қочишгина фойда беради. Уларнинг бор бўлиши эса одамларга аралашишда бўлади. Қачон одамлардан узлатда бўлса ва фикрни ишга солса, қалби шифо топади ва иши яхшиланади.
Шайх Абул Ҳасан Шозилий айтади: «Узлатнинг фойдаси тўртдир; ёпқичнинг очилиши, раҳматнинг тушиши, муҳаббатнинг юзага чиқиши ва тилнинг содиқ бўлиши».
Аллоҳ таоло Марям сурасида Иброҳим алайҳиссалом ҳақида қуйидагиларни айтган:
«Бас, улардан ва улар ибодат қилаётган Аллоҳдан ўзга нарсадан четланганида, унга Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини набий қилдик. Ва уларга Ўз раҳматимиздан ҳадя этдик ҳамда уларга содиқ мақтовлар бўладиган қилдик» (49-50-оятлар).
Бас, шундай экан, ҳар бир мўмин ҳар бир кеча-кундузда ўзи учун узлат вақтини ажратсин. Ўзининг бу хилватида тафаккур ила машғул бўлсин. Унинг узлатдаги бу тафаккури ўзига ўзини танитсин, Роббини танитсин ва Роббига ибодатни ихлос билан қилишига сабаб бўлсин.
Бунда ҳам бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўрнакдирлар. У зот ҳар йили Рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар.
«Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» деган маъноларини ифода қилади.
Шариатда эса пок шахснинг масжидда эътикоф нияти ила қолишига айтилади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у кишини вафот эттиргунича, Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.
Эътикоф рўзадан бошқа вақтларда ҳам бўлиши мумкин. Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади:
1. Вожиб.
Бунга назр қилинган эътикоф киради.
2. Суннати муаккада.
Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.
3. Мустаҳаб.
Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради.
Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб, у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узилишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади. Эътикофни йиллик узлат десак, хато қилмаган бўламиз.
Шу билан бирга, кундалик узлат ҳам бор. Бу таҳажжуд намозидир. Бу намозни Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга амр қилгандир.
Аллоҳ таоло Муззаммил сурасида марҳамат қилади:
«Эй ўраниб ётган! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) бедор ўтказ. Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл). Ёки унга (яримга) зиёда қил ва Қуръонни тартил билан тиловат қил» (1–4-оятлар).
Кечаси тинчлик ҳукм сургани учун, тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмагани учун ибодатда ўқилган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашади, жимлик ҳукм сургани учун қироат ҳам тўғрироқ чиқади. Умуман, узлат мукаммал равишда ҳосил бўлади, десак муболаға бўлмайди.
Бу борада шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий қуйидагиларни ёзади:
«Келинг, энди ушбу жузъий узлатга амал қилган мусулмонга унинг таъсири қандай бўлишини англашга уриниб кўрайлик.
Фараз қилайлик, сиз тожир дўстларингиз билан Ҳамроо кўчасига ўхшаш тижорий кўчада ёки Ҳумайдия бозорига ўхшаш бозорда кетаётган эдингиз. Молу дунё, даромад ва иқтисод ҳақида сўзлашиб бордингиз. Ушбу шовқин-сурон ичида биров келиб, қуйидаги ҳадисни эслатиб қолди.
Ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Маккада минбарда хутба қилиб:
«Эй одамлар! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одам боласига водий тўла олтин берилса ҳам, ўзига иккинчисини хоҳлайди. Агар унга иккинчиси берилса, учинчисини хоҳлайди. Одам боласининг қорнини фақатгина тупроқ тўсади. Ва Аллоҳ тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади», дер эдилар», деди».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу насиҳат сизга қанчалик таъсир қилади? Ҳеч қандай таъсир қилмайди. Аксинча, ноўрин гап сифатида сизнинг аччиғингизни чиқаради. Ўзингиз турган ҳолат фикрингизни чулғаб олган бўлади. Ўзингиздаги энг яхши иймоний ҳолатда бўлсангиз, ҳадисни ва унинг соҳибини эҳтиром қиласиз ва уч дақиқадан сўнг уни эсдан чиқарасиз.
Яна фараз қилинг, сиз кечаси турдингиз. Туннинг охирги қисми. Ўзингизни қуршаб турган сокинликни тааммул қилдингиз. У сизга ўзингиз билмаган сокинликни сездирмоқда. Ўзингиз излаб топа олмаётган хотиржамликни пайдо қилди. Ана шундай руҳоний ҳолатда Аллоҳ таолога муножот қилиб, бир неча ракат намоз ўқиш учун таҳорат қилдингиз. Сўнгра ўша муножотнинг таъсири остида, кечанинг жимлиги ва сокинлигида, одамлар, дўстлар, тижорат ва дунё ташвишларидан узлат бўлган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикр қилинган ҳадисларини эсладингиз.....
«Агар одам боласига водий тўла олтин берилса ҳам, ўзига иккинчисини хоҳлайди. Агар унга иккинчиси берилса, учинчисини хоҳлайди. Одам боласининг қорнини фақатгина тупроқ тўсади...»
Ушбу каломни мазкур узлат ҳолатида эшитганингизда у фикрингизга, нафсингизга қандай таъсир кўрсатишини ўйлаб кўринг-а!»
Аллоҳ таоло барчамизга қалбимизни фикр майдонига киритадиган манфаатли узлатни умримиз бўйи насиб этсин!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)