«Жиззах марказий деҳқон бозори»да чироқ йўқ: Маҳсулотлари эскириб қолаётган тадбиркорлар зарарга ишлашмоқда

«Жиззах марказий деҳқон бозори»да чироқ йўқ: Маҳсулотлари эскириб қолаётган тадбиркорлар зарарга ишлашмоқда

HABAR.UZ


Бозор — юрт кўрки. Бу ернинг обод ва кўркамлиги, савдо-сотиқнинг тартибли амалга оширилиши шу ерда фаолият олиб бораётган бозор маъмурияти ва тадбиркорларнинг дидидан далолат беради. Бу борада мутасаддилар ўзибўларчилик қабилида иш тутса, бозорда тартибсизлик авж олади. Афсуски, бундай ҳолат Жиззах шаҳри марказидаги «Жиззах марказий деҳқон бозори» АЖда одатий ҳолга айланган. Жиззахликлар тилида «Кўк бозор» номи билан аталувчи ушбу маскан фақатгина юқоридан бирор текширувчи келган кунлари тартибга солинади.



Бозор атрофидаги автоуловларнинг доимий тирбандлиги-ю йўлаклар бўйлаб тартибсиз жойлашиб олган «ёйма тижоратчилар» каби хунук ҳолатлар ҳеч кимни ажаблантирмай қўйганига анча бўлган. Манзилга муносиб эга йўқлигидан мутасадди ташкилотларнинг бозор маъмурияти билан биргаликда фаолият олиб бормаётгани, бир-бирларига ташлаб қўйишлари оқибатида йўлларда ва йўлакларда тирбандликлар ва тартиббузарликлар авжига чиққан. Ҳайдовчилар истаган жойидан машинани буриб олиши, тақиқланган жойга машина қўйиши, қатнов жойида йўловчи тушириш ва олишини айтмаса ҳам бўлаверади.


Kun.uz таҳририятига бозорда савдо қилувчи бир гуруҳ тадбиркорлар номидан мурожаат келиб тушди. Мурожаат мазмунига кўра, бир ҳафтадан бери бозорда электр энергияси йўқлиги оқибатида гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилинувчи павильонларда жиддий муаммо юзага келган. Маҳсулотлар сақланадиган музлаткичлар ишламай қолгач, гўшт маҳсулотлари яроқсизга чиқмоқда ва тадбиркорлар ҳар куни зарар кўришмоқда.



«Олти кундан бери бозорда электр энергияси тармоқдан узилган. Дардимизни кимга айтишни билмаймиз. Мана, кеча 98 кг маҳсулотимиз яроқсиз ҳолга келгани учун шунчаки ташлаб юбордик. Зарарга ишлаяпмиз. Ҳамкорларимиз, мижозларимиз маҳсулотларимизни қайтариб олиб келиб беришяпти. Тўғри-да, ҳамма ҳам пешона тери эвазига топган пулига сифатли маҳсулот олишни истайди. Ҳидланиб, яроқсиз ҳолга келган гўшт кимга керак?! Музлаткичларимиз ишламайди, баъзи савдо дўконларига ижара ҳақи тўлаб музлаткичларидан фойдаланяпмиз. Улар ҳам уч кунга рухсат беришди. Ноилож, автоулов ёллаб тонна-тонна маҳсулотни уйга олиб кетамиз. Уйда ҳам шу ҳолат, кунора электр уч-тўрт соатлаб ўчади... Бизни ҳам кимдир эшитадими?», – дейди Дилфуза Ҳамдамова.   

Бири қўйиб бири гапираётган тадбиркорларнинг гапида жон бор, расталардаги товуқ ва гўшт маҳсулотлари чиндан ҳам яроқсиз ҳолга келган.

«Куннинг ярми маҳсулот ташиш билан ўтади: шаҳарнинг у чеккасидан йўлкира қилиб маҳсулотларимизни олиб келамиз. Уларни саранжом қилгунча вақт ўтади. Ҳам вақтдан, ҳам маблағдан ютқазяпмиз, зарарига ишлаяпмиз. Вақтида тўловларни амалга оширсак, қарзимиз бўлмаса нима қилишимиз керак?! Терминаллар ишламайди, электр узиб қўйилган. Энг ачинарлиси — харидор ишончини йўқотяпмиз. Яхшиямки, қиш кунларида амал-тақал қиляпмиз. Кун иссиғида шунча маҳсулотни сақлашнинг ўзи бўладими?», — дейди Зафар Мамажонов




Бу ердаги антисанитария ҳолати, савдо ва тозалик маданиятига кўзингиз тушиб, бозор ҳақидаги тасаввурингиз бир зумда ўзгаради. Бозор маъмурияти ва тегишли ташкилотларнинг ўз ишига бундай совуққонлик билан ёндашиши харидор ва тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бозорда сотувчи ва харидорлар учун ҳеч қандай шароит йўқ. Сотувчилар ва ўз маҳсулотини бозорга олиб чиққан кишилар йўлакларни ўзбошимчалик билан савдо нуқтасига айлантириб олишгани йўловчилар учун қийинчиликлар туғдирмоқда.




Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «Жиззах марказий деҳқон бозори» АЖ маъмуриятига учраймиз.

«Шу бозорга раҳбар лавозимига ўтганимга бор-йўғи етти кун бўлди. Тадбиркорларнинг эътирози ҳақли албатта, муаммодан хабаримиз бор. Аслида бу кечаги ёки бугунги ҳолат эмас. Йиллар давомида юзага келган муаммодир. Бозорнинг электр энергиядан қарздорлиги бор. 2016 йилда бу қарздорлик 700 миллион сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб қарздорлик 924 миллион сўмга етган. Вазиятга ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Бир ҳафта ялиниб, илтимос қилиб электрни улаймиз. Аммо ўн кун ўтиб яна шу ҳолат, МИБ келиб узиб кетади. Бозордаги ойлик тушумлар кўрсаткичи у қадар ҳам кўп эмас. Тушумларнинг бир қисми маҳаллий бюджетга йўналтирилади. Мен келгунча бу ерда бир неча раҳбар алмашди. Балки сиз ишонмассиз, МИБ ҳатто хонадаги совутгичларни ҳам қарздорлик эвазига олиб кетган экан. Хулосани ўзингиз қилаверинг. Энг қизиғи — қўлимда бир неча қурилиш фирмаларининг қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво арзизалари ҳам турибди. 2014 йилда амалга оширилган қурилиш ишларида жамият 5 миллиард 800 миллион сўм қарз бўлиб қолган. Бунинг учун жавоб берадиган марднинг ўзи йўқ. Эртага электрни улашга сўз беришди. Қарзимиз бор, буни тан оламиз. Ҳисобимиздан озроқ пул ўтказдик. Бир чорасини топармиз...», — дейди «Жиззах марказий деҳқон бозори» АЖнинг вақтинчалик раҳбари Бобур Абдураимов.



Бозорни айланар экансиз, савдо учун мўлжалланмаган йўлакларда ҳам маҳсулотини ерга ёйиб, пала-партиш савдо қилаётган «тадбиркорлар»га кўзингиз тушади. Уларнинг бири полиз маҳсулотлари, яна бошқаси мева-чевалардан олинг, деб турибди. Афсуски бу маҳсулотлар, ёзда ўтган-қайтганларнинг оёқ остидан кўтарилган чангга бурканса қишда лойга ботади. Қишин-ёзин антисанитария ҳолатида сотилаётган бу маҳсулотларнинг инсон саломатлигига зиёни йўқ, деб ким кафолат беради?

«Кўк бозор»даги ушбу манзара бугун кўпчиликнинг дилини хира қилаётгани рост. Пиёдалар юриши керак бўлган йўлакча «ёймачи тижоратчилар» томонидан эгалланиб, ноқонуний «бозорча»га айлантирилган. Таассуфки, бу ҳолатга маҳаллий ҳокимлик, давлат солиқ инспекцияси ва бошқа тегишли мутасаддилар фақат томошабин сифатида қарашмоқда, холос. Қачон бу масканда тартиб бўлади? Бозор ва савдо комплексининг даромади ошиши, янада ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилган бир пайтда бу борадаги ишларга ҳам эътиборсизлик билан қаралаётганини қандай изоҳлаш мумкин?




Гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилувчи расталарни айланиб юрарканмиз, қизиқ бир ҳолатга дуч келдик. Гўшт маҳсулотларини сотиш билан шуғулланаётган ҳар бир дўкон эгасига бир парча қоғозни тўлдириб, 10 минг сўм пул тўлов талаб қилаётган одам кимлиги билан қизиқдик. Бозордаги сотувчиларнинг айтишича, форма-4 маълумотномасини пуллаётган шахс Жиззах шаҳар ветеринария назорати бўлими ходими Шароф Элмуродов экан. Маҳсулотларнинг яроқсиз ҳолга келгани билан қизиқмаган бу ходим бизга эътибор қилмасдан «текширилган, ҳаммаси жойида», деган маълумотномани мажбуран тадбиркорларга ўтказиш билан овора эди.


Қарийб олти кундан бери электр энергиясиз ҳар хил шароитларда сақланаётган бу маҳсулотларнинг сифатини кафолатловчи ушбу хулосалар қай йўсинда бериляпти? Биз деҳқон бозорининг ветеринария санитария экспертиза лабораториясидамиз. Кўринишидан ўзи «экспертизага» муҳтож, номигагина ташкил қилинган лабораторияда икки лаборант аёлдан бўлак ҳеч кимни тополмадик.



Айтаверсак гап кўп. Жиззах «Кўк бозори»да қачонгача бу тартибсизликлар давом этади? Зарарига ишлаётган тадбиркорлару алданаётган харидорлар додини кимга айтсин? Нега сотувчилар учун бозор ичида бўш турган расталарда қулай шарт-шароитлар яратиб берилмайди?

Жиззах вилоятидаги мутасадди ташкилотлар бунга қандай изоҳ беришар экан? Умид қиламизки, бу муаммога ижобий ечим топилади.


Report Page