Ёшлар тарбияси порлоқ келажак пойдевори

Ёшлар тарбияси порлоқ келажак пойдевори

@XovosXabarlari
фото: Google images

Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир. Буюк ўзбек халқи қадим-қадимдан фарзанд, ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб келган. Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати эса қадимдан ота-боболаримиз томонларидан шаклланиб келган асл миллий ва диний қадриятларимизни бугунги кундаги аҳамияти нечоғлик муҳим эканлигини кўрсатиб бермоқда. Зеро, ҳаётимизни мукаммал аҳлоқ тамойиллари асосида барпо қилиш ва албатта, таълим-тарбия бериб келаётган эртамиз ишончи бўлмиш ёш авлодларимизга боғлиқдир. Зотан мустақил давлатимиз истиқболи учун маънавияти юксак, баркамол инсонлар зарурдир.

Ота-боболаримиз таълим-тарбиянинг асосини оиладан бошлаганлар. Оила тарбия масканидир. Оилада баркамол фарзанд тарбияси унинг жисмонан бақувват, руҳан тетик, маънан етук, ақлан ва ахлоқан гўзал бўлиб етиши билан белгиланади.

Эндиликда ёшлар тарбияси давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунги кунда мустақиллигимиз шарофати билан оилада ва таълим ўчоқларида фарзандларимизнинг мурғак қалбларига одоб-ахлоқ, иффату-ҳаё каби тушунчалар билан ҳамоҳанг тарзда сингдириб борилмоқда. Шунга қарамасдан бугунги таҳликали замонда фарзандларимиз онгини турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш энг асосий вазифамиз бўлиб қолаверади. Чунки хозирги ўта глобал замонда, турли бузғунчи ғояларга асосланган фирқа ва гуруҳларнинг асосий мақсадлари ёшлар онгини заҳарлаб, ўз домига тортишдан иборат. Бундан мурод эса, ҳар доим жамиятнинг энг кўзга кўринган қатлами бўлиб келган ёшларни бузғунчи ғоялар шамоли чирмаб ўтиб, ҳаракатга келтириб, ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга оширишдан иборатдир.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбияси бутун миллат олдидаги улкан масъулиятли вазифа эканлигини таъкидлаб: “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас” дея такидлайдилар.

 Бу борада президентимиз ёшлар дунёқарашини шакиллантиришда мафкура масалалалрига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Зотан, ёшларни баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, ёт мафкуралар, ҳуружлардан асраш, уларда турли ғоявий таҳдидларга қарши кўникмаларни шакиллантириш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан саналади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида “Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Демак, доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан топа олмаса, бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излай бошлайди”4 дея таъкидлайди. Бу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар, ёшларимиз ҳаётининг барча жабҳаларини, хусусан, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳатлар униб-ўсиб келаётган ёшларга давлатимиз томонидан қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик намунасидир. Ўз навбатида давлатимиз раҳбарияти томонидан яратиб берилаётган имкониятлар эса, эртанги кунимизни ўз қўлларимиз билан қурамиз деган мустақил фикрга эга бўлган баркамол ёшларни шакллантиришга туртки бўлмоқда. Албатта, эртанги кунимиз, порлоқ келажагимиз ана шундай ёшлар қўлида. Зеро, ёшлар таълим-тарбиясига тикилган сармоя келажакка тикилган сармоядир. Янги давлатни барпо қилиш осон бўлмагани сингари, унинг порлоқ келажагини шакиллантириш ҳам енгил бўлмайди. Бунинг учун куч, ғайрат, шижоатимизни аямаган ҳолда илм ва маърифатли ёшларни тарбияламоғимиз лозим.

Бугун Ўзбекистон ёшлари билим заковатлари, интилишлари, меҳнат шижоатлари билан бутун дунёни ҳайратга сола бошладилар. Бунинг замирида давлатимиз раҳнамолигида ёшларга оила, таълим муассасалари, маҳалла ва кегн жамоатчилик томонидан бериладиган таълим-тарбия ётади. “Нимани эксанг шуни ўрасан” дейди доно халимиз. Шундай экан бугунги кунда ёшларимизга яратилаётган имкониятлар, эртанги кунимиз порлоқ келажаги учун қўйилаётган тамал тошидир. Ёшлар тарбиясига эътибор, ўзимизнинг келажагимизга бўлган эътибор эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз ва бу йўлда барчамиз бирдай харакат қилмоғимиз лозим.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Ховос тумани бўлинмаси

Report Page