Маҳсулот тўлиқ экспортга чиқарилмоқда

Маҳсулот тўлиқ экспортга чиқарилмоқда

Buxoro.uz

Бухоро вилоятида пахта толасини қайта ишловчи енгил саноат корхоналари сони апрель ойида “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасида ишга туширилган “Бухоро Файз текстиль” масъулияти чекланган жамияти ҳисобига биттага кўпайди.

Президентимизнинг жорий йил март ойида Бухоро вилоятига ташрифи доирасида жуда кўплаб истиқболли лойиҳалар тақдим қилинган бўлиб, уларни амалга оширишнинг амалий чора-тадбирлари ишлаб чиқилган эди. Улар орасида “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги “Бухоро Файз текстиль” масъулияти чекланган жамияти ҳам бор эди.

Мазкур тадбиркорлик субъекти бир пайтлар фаолияти тўхтаб қолган собиқ пойабзал фабрикаси ўрнида ташкил этилди. Корхона раҳбарияти банкротликка юз тутган ўша фабриканинг абгори чиққан йирик бинолари мажмуасини сотиб олди. Бу ерда умумий қиймати 63 миллиард сўмликка тенг ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш осон кечгани йўқ. 2018 йилда фабрика биносини реконструкция қилиш, цехларни эпақага келтириш учун 20 миллиард сўм сарфланди. Бунда лойиҳа ташаббускорининг ўз маблағи ва тижорат банки томонидан ажратилган кредитлар қўл келди.

– Бинода бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етиши билан цехлар республика Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 4,6 миллион долларлик миқдоридаги кредити ҳисобига харид қилинган энг замонавий хорижий дастгоҳ ва техникалар билан жиҳозланди, – дейди “Бухоро Файз текстиль” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларидан бири Фаррух Тўхтаев. – Корхонанинг барқарор ишлаши нафақат хомашё, балки мутахассис кадрларга боғлиқ. Шуни инобатга олиб, малакали йигирувчилар ишга таклиф этилишдан ташқари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бўлган 50 дан зиёд йигит-қизнинг бошқа турдош корхоналарда малака ошириши таъминланди.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган ип-калава сифати жуда юқори, мувофиқлик сертификатига эга. Хуллас, халқаро андозаларга жавоб беради. Шунинг учун ип-калаваларнинг ҳаммаси хорижга экспорт қилинаётир. Жорий йилнинг ўтган даврда хорижлик буюртмачиларга жўнатилган маҳсулот миқдори 1,7 миллион доллардан ошиб кетди.

Ўз ривожланиш стратегиясига эгалик замонавий корхонанинг истиқболини белгилайдиган жиҳатлардан биридир. Унга кўра, мазкур корхона хомашёни чуқур қайта ишлаш йўлидан бормоқда. Бу лойиҳа ҳам Президент ташрифи доирасида тақдим қилинган. Ривожланишнинг иккинчи босқичида амалга ошириладиган мазкур бизнес-режанинг умумий қиймати 50 миллиард сўмни ташкил этади. Ҳозирда бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. Ип-калава тайёр газламага айлантириладиган цехлар қурилиши давом этаётир. Уларда 4 миллион доллар қийматига эга энг замонавий тўқув дастгоҳлари ўрнатилади. Лойиҳани келгуси йилнинг тўртинчи чорагига қадар амалга ошириш режалаштирилмоқда.

– Агар биз йилига 3 минг тонна ип-калавани ташқи бозорга экспорт қиладиган бўлсак, ҳисобимизга 6 миллион доллар келиб тушади, – дейди “Бухоро Файз текстиль” масъулияти чекланган жамияти таъсисчи-раҳбари Мустақим Тўхтаев. – Бордию ип-калавамизни тўла қайта ишлаб, тайёрланган газламани хорижга сотсак, 10 миллион долларга эга бўламиз. Бундан ташқари, яна камида 50 иш ўрни яратилиб, ишчи мутахассислар сони 150 нафарга етказилади.

Корхонада қайта ишлаш доираси янада кенгаяди. Бу ерда 2022 йилда газламадан тайёр маҳсулот тикиш йўлга қўйилади. Бу лойиҳа самарасида корхонанинг йиллик экспорт қуввати 20 миллион долларга етиши мумкин.

Шубҳасиз, корхонанинг молиявий ва иқтисодий салоҳияти ошиб боради. Ҳисоб-китоблар реалликка асосланган. “Бухоро Файз текстиль” МЧЖ “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасининг қатнашчиси сифатида қатор имтиёзларга эга. У 10 йил мобайнида ер, мол-мулк, фойда солиқларидан озод қилинган ва бошқа имтиёзларга ҳам эга. Шунинг ҳисобидан тадбиркорлик субъекти қанчадан-қанча қўшимча маблағга эга бўлади. Бу эса ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имкониятлари кенг дегани.

Эркин ЁДГОРОВ

Report Page