СИРДАРЁ ТУМАНИДА АНИҚЛАНГАН КАМЧИЛИКЛАР ЖОЙИДА БАРТАРАФ ЭТИЛДИ:- РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ

СИРДАРЁ ТУМАНИДА АНИҚЛАНГАН КАМЧИЛИКЛАР ЖОЙИДА БАРТАРАФ ЭТИЛДИ:- РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ


Одам Атодан бизга мерос бўлиб қолган деҳқончиликда, пахта етиштириш бир неча асрлардан буён анъана бўлиб қолган. Пахта – жуда мўжизакор ўсимлик бўлиб, у чиқиндисиз махсулотлар беради. 

Барчамизга маълумки, Сирдарё вилоятида 21-сентябрдан буён республика ишчи гуруҳи вилоятдаги туманларда мажбурий мехнатнинг олдини олиш, теримчилар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Бугун 28-сентябрь куни Р.Сиддиқов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Сирдарё туманига ташриф буюрди. Ташрифда гуруҳ иккига бўлиниб, тумандаги ўндан ортиқ пахта терим майдонларида бўлди ҳамда аҳоли билан қизғин суҳбатлар ўтказди. Бошқа вилоятлардан ихтиёрий равишда теримга келган ҳашарчилар ётоқхоналари, шарт-шароитлари ҳам кўздан кечирилди.

Туманда уюшмаган аҳолидан ташқари Сурхондарёдан келган илғор теримчилар ҳам мехнат қилишмоқда. Далаларда ичимлик суви, қора ва кўк чойлар самоворда қайнаб турибди. Ҳашарчи теримчилар учун фермер хўжалиги раҳбари томонидан тушликка ҳар куни ҳар-хил таомлар тайёрланмоқда. Теримчилар билан ўтказилган суҳбатлар давомида камчилик ва муаммолар йўқлиги айтилди.

Республика ишчи гуруҳ раҳбари Р.Сиддиқов тумандаги "Худойқул ўғли Сулаймон" фермер хўжалигида бўлиб, мажбурий мехнатнинг йўқлиги, болалар теримга жалб этилмаслиги, дала майдонларига келмасликлари, ҳашарчи-теримчиларда камчилик ва муаммолар бўлмаслиги, ихтиёрий равишда, яхши кайфият билан теримчи пахтани териши кераклиги тўғрисида фермерга тушунтириш бериб ўтди.

Шу билан бирга, ушбу дала майдонида жавлон уриб пахта тераётган теримчилар фермердан эътирози йўқлиги, иссиқ чой, ичимлик суви, овқатлар вақтида берилиши, тарозининг тортилишида ҳам камчиликлар йўқлигини айтиб ўтди.

Шундан сўнг, Сурхондарё вилоятидан келган илғор ҳашарчи-теримчиларнинг ётоқ жойлари, шарт-шароитлари бориб ўрганилди. Барчаси кўнгилдагидек, шароитлар ҳам жойида. Ётоқхонадан бошлаб, овқатланиш жойлари, омборхона, тиббиёт ва маънавият хоналари, душ ва ошпаз учун махсус ўчоқхона ҳам ташкил этилганлиги гуруҳ аъзоларини қувонтирди.

Тумандаги "Иброҳим" СИУ, "Истиқбол" маҳалласида жойлашган "Абдуғаффор Назарбек" фермер хўжалигидаги дала майдонида ўзи истамаган инсон ҳам лўппи очилиб турган оппоқ пахтани тезроқ териб олишга шошилади.

Кўриб турганингиздек, теримга ўз ихтиёри ила чиққан теримчилар олдинлаб кетган. Энг қизиғи, оиласи билан ихтиёрий равишда чиққан илғор теримчилар 300 килограмдан ҳам зиёд теришмоқда экан. Бу терим бошидан охиригача анчагина мўмай даромад ишлаб олади дегани. Ишчи гуруҳ аъзолари шундай теримчиларга куч-қувват ва матонат тилади.

Бошқа фермер хўжалиги пахта дала майдонида эса, терим пуллари тарқатилаётганлигига ҳам гувоҳ бўлинди. Терим пулини олган аёлни ишчи гуруҳ аъзоси Ўрозбоев Ўрол ака суҳбатга чорлади - Қандай яхшида пахтани териб ҳар куни пул олиш. Чарчоқ ҳам эсдан чиқиб кетадида (кулиб қўяди).  Фермер ва отряд раҳбарига ҳам рахмат деймиз. Пахта пулларини қолдирмасдан ҳар куни беради. Сувимиз, чойимиз бор, тушликда овқат беришади. Ўтган йилгига нисбатан бу йил ўзгариш анча катта. Ҳеч ким мажбуран чиқгани йўқ. Фарзандларини ҳам олиб чиқмайди. Бошида бир аёл вояга етмаган фарзандини олиб келган эди, пахта мажбурий эмас, фарзангизни далага киритолмаймиз, узр, деб айтди. Шундан ҳеч ким фарзандини далага олиб келмайди.  - дейди теримчи аёл.

Тарози кечгача шу ерди, тарозибон ва отряд бошлиғи ҳам. Кимнинг зарур иши чиқиб қолса, пахтани торттириб, кетаверади. Бу ҳам теримчилар учун яратилган бир қулайликдир.

Сурхондарёдан келган ҳашарчилар ётоқхонасида эса шароитлар кўнгилни тўқлайди. Овқатлар ҳам жуда мазали тайёрланади. Энг муҳими бу ерда сартарошхона ҳам мавжуд.

Сирдарё туманида олиб борилган ўрганишлар давомида камчиликлар ҳам топилди. Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда тумандаги мутасадди ташкилот раҳбарлари билан биргаликда аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди.


Бахтигул ХИДИРАЛИЕВА
Республика ишчи гуруҳ аъзоси.














Report Page