Сирдарёда янги бунёд этилган "SAXOVAT" савдо маркази фойдаланишга топширилди

Сирдарёда янги бунёд этилган "SAXOVAT" савдо маркази фойдаланишга топширилди


Юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараларини бугун биз турмушимиз фаровонлигида, кенг кўламдаги қурилиш ва ободончилик ишлари мисолида кўришимиз мумкин. Мамлакатимизда хусусий сектор ривожланиши йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун Гулистон шаҳри марказида "SAXOVAT" савдо маркази ишга тушди. 

Савдо маркази очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев мазкур комплекс аҳолига қулай ва мақбул савдо хизматларини йўлга қўйиши, қолаверса, ҳудуднинг тадбиркорлик салоҳиятини юксалтириш йўлидаги хайрли қадамлардан бири эканлигини таъкидлаб, барчани муҳташам савдо марказининг очилиши билан қутлади. Мутасаддилар савдо марказида яратилган шарт-шароит ва қулайликлар, маҳсулотлар турлари, нархи ва сифати билан яқиндан танишдилар.

- Бугун "SAXOVAT" савдо-кўнгилочар маркази азиз юртдошларимиз ва меҳмонлар учун ўз эшикларини очди. Мажмуамиз Гулистон шаҳрининг айнан қоқ марказида жойлашганлиги мижозлар учун жуда қулайдир, - дейди савдо маркази раҳбари Илҳом Каримов.

Тўрт қаватдан иборат мажмуада айни пайтда маҳаллий аҳоли вакилларидан 500 нафарининг бандлиги таъминланган. Уларнинг аксарияти ёшларни ташкил этади. Яна бир эътиборли томони, мажмуадаги гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари расталари айнан маҳаллий етиштирувчилар ихтиёрига берилган.

Биринчи қаватда йирик ассортиментга эга 1500 кв метрда "MAKRO" озиқ-овқат гипермаркети, ўзининг қулайлиги, сифати билан танилган "ISHONCH" маиший техника ва электроника савдосига ихтисослашган интернет дўконлар тармоғи жойлашган.

Иккинчи қаватда аёллар, эркаклар ва болалар кийим-кечак дўконлари, сарпо буюмлари, "INDENIM" бренди, "Redtag" ва "Flo" каби нуфузли брендларнинг маҳсулотлари ҳам харидорлар учун мунтазир. Ушбу қаватда Ателье мод, парфюмерия ва аксессуар дўконлари ҳам жой олган. 

Шунингдек, учинчи қаватда болалар майдончалари, "BOWLING" маркази, овқатланиш майдони фудкорт ва бошқа кўнгилочар объектлар жой олиши режалаштирилган. Озиқ-овқат майдонида "EVO", "Bellissimo", "STREET 77", "Les Ailes" ва шу каби маҳаллий озиқ-овқат тармоқлари жойлашади.

Марказнинг энг юқори тўртинчи қаватида панорамали ўзгача манзарага эга қаҳвахоналар, очиқ айвонлар мавжуд. Ташриф буюрувчилар эскалаторлар ҳамда замонавий кенг ва ёруғ лифтда ҳаракатланишлари мумкин. "SAXOVAT" савдо маркази вилоятдаги илк савдо-кўнгилочар марказ саналади. Махсус чегирма ва акциялар, кенг турдаги маҳсулотлар, сифатли хизмат, шинам ва қулай харид муҳити маҳаллий аҳоли учун айни муддао бўлиши аниқ.


Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page