“P4G” ХАЛҚАРО САММИТИ: “ЯШИЛ” МАҚСАДЛАР УЧУН ЯНГИ ТАШАББУССЛАР

“P4G” ХАЛҚАРО САММИТИ: “ЯШИЛ” МАҚСАДЛАР УЧУН ЯНГИ ТАШАББУССЛАР


Сеул шаҳрида 30-31 май кунлари видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” (P4G) иккинчи халқаро саммити ўз ишини мувафаққиятли янунлади. Форум якунида “яшил” тикланиш ва барқарор тараққиёт соҳасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш бўйича энг муҳим вазифаларни ўзида акс эттирган Сеул декларацияси қабул қилинди. Саммит ишида сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти томонидан “яшил” тикланиш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларнинг муҳим йўналишлар қайд этилган ҳолда соҳада ҳамкорликнинг қуйидаги 4 та муҳим йўналишлари бўйича аниқ ва амалий ташаббуслар илгари сурилди.

 Биринчидан, Орол денгизи ҳалокатининг глобал оқибатларини бартараф этиш мақсадларида “яшил технологиялар”ни кенг жорий этиш, бунда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари платформалари доирасида фаол ҳамкорлик ўрнатиш мақсадлари таклиф этилди.

 Эътироф этиш жоиз, халқаро миқёсда олиб борилган конструктив саъй-ҳаракатлар натижасида давлат раҳбарининг халқаро анжуманларда билдирилган ташаббуси билан БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилди. Фонд Ўзбекистон ҳукумати, БМТ агентликлари ва Траст фондининг стратегияси доирасидаги донорлик ҳамжамиятларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали минтақани ривожланиш жараёнига биргаликдаги ёрдамни таъминлаш, Оролбўйи минтақаси муаммосига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш ва минтақа ривожи учун техник ва молиявий ресурсларни сафарбар қилиш, минтақани барқарор ривожини таъминлаш мақсадида янги билимлар, инновацион технологиялар ва ёндашувларни жалб қилиш имкониятларини яратади.

Ушбу траст фондига Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳар йили 2 миллион АҚШ доллари ажратилмоқда, бугунги кунга қадар хорижий ва халқаро донорларнинг 26,1 миллион АҚШ доллар маблағи келиб тушган, кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар ва молия институтлар ҳамкорлик қилиш ташаббусларини илгари суришган.

Шунингдек, давлат раҳбарининг ташаббуси асосида Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида БМТнинг махсус резолюциясининг яқинда қабул қилиниши “яшил технологиялар”ни кенг жорий этиш имкониятларини яратмоқда.

Иккинчидан, углерод ёқилғисига боғлиқликдан қутулиш имкониятларини яратиш мақсадларида “яшил энергетика”ни ривожлантириш таклифи илгари сурилди. Бунда мамлакатда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш орқали яқин ўн йил давомида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини уч баробар кўпайтириш мақсадлари қўйилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилга қадар парник газларни атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга содиқ эканлиги таъкидланмоқда.

Давлат раҳбарининг 2022 йилда Ўзбекистонда “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференцияни ўтказиш бўйича ташаббуси авваломбор соҳада халқаро амалиётни ўрганишга ҳамда тадбиқ этишга, шунингдек чет эл инвестицияларини жалб этиш имкониятларини яратади. 

Учинчидан, “яшил иқтисодиёт”ни барпо этишда ёшларни фаол жалб этиш бўйича махсус дастурни амалга ошириш таклифи илгари сурилди. Бу келажакда “яшил”, яъни экологик тоза маҳсулотларни истеъмол қилиш маданиятини шакллантиришга катта имконият яратади.

“Яшил” истеъмол маданияти авваломбор, экологик масъулиятни ҳис этган ҳолда юриш-туриш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш мақсадларида ишлаб чиқариш ва истеъмол маданиятини ривожлантиришни ўз ичига қамраб олади. Ушбу ҳислатларни эса инсоннинг ёшлигидаёқ онгида сингдириш ўз самарасини бера олади.

Шу сабабли ҳам давлат раҳбари томонидан илгари сурилаган “яшил" иқтисодиётни барпо этишга ёшларни жалб этиш бўйича махсус дастурни амалга ошириш ташаббуслари жамиятда экологик маданиятни юксалтиришга имкон яратади.

 

Тўртинчидан, Ўзбекистон халқаро молия секторлари ва инвесторларнинг “яшил технологиялар”га тобора ортиб бораётган ишончини рағбатлантириш ниятида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи илари сурилди. Айтиш жоиз, авваломбор мамлакат P4G йўналишидаги шерикликка қўшилиш ва унинг тўлақонли иштирокчисига айланишдан манфаатдор. Давлат раҳбари томонидан “яшил” ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун бутун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидланмоқда.

Бугун Ўзбекистон Глобал яшил тараққиёт институти (Global Green Growth Institute – GGGI) нинг тенг хуқуқли аъзоси сифатида мазкур халқаро ташкилот билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишни, биринчи навбатда, Орол денгизи минтақасида, режалаштирган. Ташкилот ривожланаётган ва бозор иқтисодиёти шаклланаётган мамлакатларида яшил иқтисодиётни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида таъсис қилинган. Ҳозирги кунда GGGI дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида 54 лойиҳани амалга оширмоқда.

Бундан ташқари, GGGIнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш дастурларни ишлаб чиқиш, сув ва атроф-муҳит хавфсизлигини яхшилаш ва мамлакат иқтисодиётига “яшил технологиялар”ни жорий этиш бўйича салоҳиятидан фойдаланиш режалаштирилган.

Тошкентда GGGI ваколатхонасининг очилиши бўйича Давлат раҳбарининг ташаббуси экологик соф технологиялар ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, “яшил” иқтисодиёт принципларини жорий этиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш мақсадида “Яшил иқлим жамғармаси”нинг, шунингдек бошқа жамғармаларнинг молиявий маблағларини жалб қилиш имкониятларини оширади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган мазкур “яшил” ташаббуслар Орол денгизининг қуриши оқибатида экологик, иқлим, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар оқибатларни бартараф этишга ҳисса қўшишига ва минтақанинг янада барқарор ривожланишига хизмат қилади.

 

Ислом ХУШВАҚТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

 Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси


Report Page