Uzbekistan

Uzbekistan

@uzbekistan

ЭНДИ САРАТОН КАСАЛЛИГИ САМАРҚАНДДА ҲАМ ДАВОЛАНАДИ



Саратон касаллигига қарши барча самарали, замонавий даво муолажалари энди Самарқанд шаҳрида амалга оширилади. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Миржалол Жўраев ЎзАга маълум қилди.


Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди. Жойлардаги онкология диспансерлари, жумладан, Самарқанддаги муассаса ҳам ушбу марказ филиалига айлантирилди. Тиббиёт маркази ва унинг филиаллари энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланмоқда. Қўшимча штатлар ажратилди ҳамда шифокор мутахассислар жаҳоннинг етакчи тиббиёт марказларида малака ошириши ва тажриба алмашиши йўлга қўйилмоқда. 


Ҳиндистон, Россия, Жанубий Корея каби қатор тиббиёти ривожланган давлатлар билан тузилган келишувларга мувофиқ, ҳар йили 15-20 нафар ёш мутахассис ушбу давлатлардаги клиникаларда малака ошириб, замонавий асбоб-ускуналарни бошқаришни ўрганиб келади. Шунингдек, хорижий клиникаларнинг малакали мутахассислари Самарқандга таклиф этилиб, ёш шифокорлар учун маҳорат дарслари ўтказилмоқда.


Шифохонада онкологик касалликларни жарроҳлик, кимётерапия ва нур терапияси асосида даволашнинг замонавий тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, касалликларни эндоскопик ва радиотерапевтик даволаш бўйича энг замонавий ускуналар келтирилади. Бу эса қизилўнгач, меъда, йўғон ичак ва қовуқ саратони, айниқса, аёлларда кўп учрайдиган сут бези, бачадон бўйни ҳамда ошқозон саратони хасталикларини самарали даволаш имкониятини оширади. 


Report Page