UZB

UZB

@Mirziyoyev

Ўқотар қуроллар олиб юриш рухсат берилган ташкилотлар ходимлари махсус курсларда ўқитилади


31 март куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Б. Ташматовнинг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техника институти базасида идоравий ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ҳамда улардан фойдаланишга рухсат берилган ташкилотлар ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруғи имзоланган, 12 апрель куни ушбу низом Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган.

Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Ҳарбий-техник институти базасида ташкилотларнинг идоравий ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ҳамда улардан фойдаланишга рухсат берилган ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш тартибини белгилайди.

Низомга мувофиқ махсус курслар қуйидагилар бўйича назарий билимларни олиш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш мақсадларида ташкил этилади:

(тайёрлаш ва қайта тайёрлаш) фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус почтани қўриқлаш, табиат ва табиий бойликларни муҳофаза қилиш, шунингдек қурол ва махсус воситалар муомаласига доир қонун ҳужжатларининг асосий талаблари;

қўриқланадиган объектларни (кузатилаётган мол-мулкларни) қўриқлаш, уларни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, қўриқланадиган объектларда рухсат бериш ва объект ички режимини таъминлаш, хизмат йўналишларида (постларда) ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича хизмат вазифалари, уларни бажариш шакллари ва усуллари;

қўриқлашнинг (мол-мулкларни кузатишнинг) илғор муҳандислик-техник воситалари ва усуллари, замонавий радио ҳамда симли алоқа воситаларининг турлари ва техник тавсифлари, улардан фойдаланиш ва радиоалоқани ташкиллаштириш қоидалари;

уюшган гуруҳ, жиноий уюшма, террорчилик-қўпорувчилик гуруҳлари ва уларнинг аъзолари томонидан қўлланилаётган тактик усуллар ва уларнинг хусусиятлари, улар фаолиятини амалга оширишда фойдаланиладиган портловчи қурилмалар, қурол-яроғлар, техник ва бошқа воситалар;

шахсларни, уларнинг буюмларини ва транспорт воситаларини кўздан кечиришнинг илғор муҳандислик ва махсус техник воситалари, уларнинг турлари, техник тавсифлари ҳамда улардан фойдаланиш тартиби;

тан жароҳатларининг асосий турлари бўйича бирламчи шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда ҳодисалар ва вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этишда қатнашиш;

қўриқланаётган объектларни (кузатилаётган мол-мулкни) террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатлар содир этилишидан ҳамда жиноий тажовузлардан ишончли қўриқлашни ташкил этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари, жамоатчилик вакиллари билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлаш чоралари бўйича назарий билимларни олиш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш.

Ходимларни қайта тайёрлаш 5 йилда камида бир марта амалга оширилади.

Махсус курсларда ўқув машғулотлар Институт бошлиғи томонидан тасдиқланган дастурлар асосида ўтказилади.

Махсус курслар ишлаб чиқаришдан (ишдан) ажралган ҳолда, одатда, қатнаб ўқиш шаклида Институт ва ташкилот ўртасида тузилган шартномага мувофиқ пуллик асосда амалга оширилади.

Ходимларнинг махсус курслардан ўтганлиги иккинчи таълим олиш ҳисобланмайди.

Институтда ўқиш даврида ходимларнинг асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва эгаллаб турган лавозими сақлаб қолинади.

Ташкилотлар қурол ва махсус воситалар бириктирилган ўз ходимларини мазкур низомда белгиланган тартибда махсус курслардан ўтишини таъминлаши лозим. Махсус курсларга юборилган ходимлар ўқув машғулотларида иштирок этишга, институтнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилишга мажбур саналади.


Ходимларни махсус курсларга юбориш

Ташкилотлар томонидан ходимлар қуйидаги ҳолларда қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш учун юборилиши лозим:

ходимга берилган сертификатнинг амал қилиш муддати тугаётганда;

ходимнинг лавозим мажбуриятлари ўзгарганда (оддий ходимлар таркибидаги лавозимдан кичик ва ўрта бошлиқлар таркибидаги лавозимга ёхуд кичик ва ўрта бошлиқлар таркибидаги лавозимдан катта бошлиқлар таркибидаги лавозимга ўтказилганда).

Махсус курсларга тиббий текширувдан муваффақиятли ўтган қурол ва махсус воситалар бириктирилган ходимлар ташкилот раҳбарининг буйруғига мувофиқ юборилади. Тайёрлаш курсларига юборилаётган ходимлар ташкилотларда ташкил этилган идоравий жанговар хизмат, ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-психологик ва жисмоний тайёргарлик курсларидан ҳам муваффақиятли ўтган бўлиши лозим.

Махсус курслар ишини ташкил этиш

Тайёрлаш курсларининг умумий давомийлиги икки ярим ҳафта (90 соат), қайта тайёрлаш курсларининг умумий давомийлиги эса, икки ҳафта (72 соат) этиб белгиланади. Бунда, махсус курсларда ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми бир ҳафтада 36 (54 академик) соатни, аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми эса, 24 (36 академик) соатни ташкил қилади.

Ходимлар махсус курсларда ўқишни тугатгандан сўнг махсус, жисмоний ва ўқ отиш тайёргарлиги бўйича имтиҳонларни топширади.

Имтиҳонлар

Имтиҳон топшириқлари махсус курслар дастурларига мувофиқ тузилади. Имтиҳон натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Имтиҳон натижалари бўйича белгиланган энг юқори баллнинг камида 70 фоизини тўплаган ходимлар имтиҳондан ўтган ҳисобланади.

Имтиҳон комиссияси баённомасига асосан бир иш куни ичида имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ходимларга сертификат, имтиҳонлардан ўта олмаган ходимларга эса, улар махсус курсларни тамомлаганлиги тўғрисидаги маълумотнома берилади. Сертификат ва маълумотномалар Институт бошлиғи томонидан имзоланади.

Ходимлар махсус курсларни тамомлагани тўғрисидаги ҳужжатларни топшириш

Имтиҳон комиссияси баённомасига асосан бир иш куни ичида имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ходимларга сертификат, имтиҳонлардан ўта олмаган ходимларга эса, улар махсус курсларни тамомлагани тўғрисидаги маълумотнома берилади. Сертификат ва маълумотномалар институт бошлиғи томонидан имзоланади.

Сертификат беш йил муддатга берилади. Сертификатлар қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланадиган, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлган махсус бланкаларда расмийлаштирилади ҳамда Институтда махсус курслар тури бўйича юритиладиган тегишли реестрда ҳисобга олинади. Сертификатлар ходимларга реестрда имзо қўйдирган ҳолда берилади.

Якуний қоидалар

Ходим қуйидаги ҳолатларда махсус курслардан четлаштирилади:

ўқув интизомини ва институтнинг ички тартиб-қоидаларини бузганда ёки шахсий интизомсизлиги сабабли;

ўқув машғулотларнинг 10 фоиздан ортиқ қисмини узрли сабабларсиз қолдирганда;

соғлиги сабабли машғулотларни уч кундан ортиқ қолдирганда;

ходим суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига асосан озодликдан маҳрум этилганда;

ходим вафот этганда.

Report Page