UZB

UZB

@Mirziyoyev

Ёшлар Иттифоқи етакчиси қизларнинг рўмолини ечтириш билан овора

23 февраль куни Наманган шаҳрида жойлашган Енгил саноат касб-ҳунар коллежида рўмол ўраган қизларга қарши рейд тадбири ўтказилди. Бу ҳақда Наманган вилоятида бўлиб қайтган Kun.uz мухбири хабар беради.

Маълум қилинишича, мазкур коллеждаги Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси сифатида ишлаб келаётган Мавлуда Ҳусанова ўқувчи қизларнинг рўмолини ечиб юришга ундаган.

«Ўқув биносига киришимиз билан Акмалхон домла (коллежда психолог лавозимида ишлайди - таҳр.) ва Мавлуда оя рўмолни ечиб қўйишимизни сўрайди. Акс ҳолда яшаш жойимизга тегишлича маълумот юбориши, ота-онамизни маъмурий жавобгарликка тортиб, жарима тўлашга мажбур бўлишини таъкидлайди. Бу ҳолат шу йил ҳисобидан 5-6 марта такрорланди. Сўнгги марта 23 февраль куни «рўмолли қизлар» билан шу тахлитдаги йиғилиш ўтказилди», дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган ўқувчилардан бири.

Афсуски, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Мавлуда Ҳусанова билан боғланишнинг имкони бўлмади. Шунингдек, «Акмалхон» исмли коллеж психологи шахсий ишлари билан банд бўлгани туфайли, уни ҳам коллеж биносидан топишнинг имкони бўлмади.

Коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Баҳодир Боқижоновнинг таъкидлашича, «ўқув муассасасида рўмол ўрашга нисбатан ҳеч қандай тақиқ жорий этилмаган».

«Рўмол миллий қадриятимизнинг бир бўлаги, қизларимиз уни чиройли қилиб ўраб келади. Раҳбарият ё ўқитувчилар бунга қаршилик қилмайди. Тўғри, арабий бош кийимларга тақлид қилиб, ҳижоб (рўмол остидан кийиладиган бош кийим назарда тутилмоқда - таҳр.) ўраниб келса, бу вазиятда озроқ танбеҳ бериб, коллежда юриш-туриш тартибини эслатиб турамиз. Аммо, рўмол ўраш - ҳар бир қизнинг мустақил қарори», дейди у.

Унинг сўзларига кўра, Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи аҳолининг алоҳида характери, жамиятнинг қизиқиш ва қарашларини ҳисобга олиб, «рўмолли қизлар» масаласига «қаттиқ» қараш жоиз эмас.

«Бундан 3-4 йиллар аввал, оғзаки топшириқлар берилиб, «рўмол масаласи» таълим муассасаларида умуман муҳокама этилмасди. Сўнгги пайтларда рўмол дин ва эътиқод иши эканлиги айтилсада, уни ўраш-ўрамасликни қизлар мустақил ҳал қилиши керак деб биламан», дея фикрини тўлдирди Баҳодир Боқижонов.

Report Page