Uz

Uz

@Uzbekistanuz

Андижон вилоятида электрокар ишлаб чиқарилади

 

Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов Асака туманида тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан мулоқот ўтказди, дея хабар қилди ЎзА.

Учрашувда вилоятда 2018−2019 йилларда амалга оширилиши белгиланган, лекин банклар томонидан молиялаштирилиши кечиктирилаётган 31 та инвестиция лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга тўсиқ бўлаётган, хусусан, кредит ажратиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича чоралар белгиланди.

Ер майдонлари ва бўш турган бино-иншоотларни белгиланган тартибда ажратиш, кредитлар берилиши, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ таъминоти билан боғлиқ қатор муаммолар кўтарилди. Уларнинг айримлари жойида ҳал этилди. Бундан ташқари, 14 тадбиркорнинг ер сўраб қилган мурожаати қаноатлантирилиб, шу ернинг ўзида ер ажратиш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Шунингдек, вилоят ҳокими мева-сабзавотни қайта ишлаш, тўқимачилик маҳсулотлари ва электрокар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан Россия, Жанубий Корея ва туркиялик инвесторлар билан ҳам мулоқот ўтказди.

«Ўзбекистонда тадбиркорлар, айниқса, инвесторларга кенг имкониятлар яратилгани учун ҳам юртингизда иш олиб боришга қарор қилдик, — дейди „Rooper teikom Co. Ltd“ компанияси директори Сунг Ин Сонг. — Ҳамкорларимиз билан умумий қиймати 2 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида келгуси йил охирига қадар Асакада электрокар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олдик».

Мулоқот давомида янги лойиҳаларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг аксарияти ҳал этилди, айрим масалалар бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.


Report Page