Uz

Uz

@Uzbekistanuz

1 январдан мактаблар яқинида бемалол алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотилиши мумкин


Ўзбекистонда 2019 йил 1 январдан таълим, спорт ва диний муассасалардан 200 метр масофада жойлашган савдо объектларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда. Ҳозирги вақтда, масалан, тамаки ёки ароқ сотмоқчи бўлган дўкон мактабдан камида 500 метр узоқда бўлиши шарт.

Ушбу таклиф «Ўзшаробсаноат» компанияси томонидан тайёрланган «Алкоголь ва тамаки соҳасини бошқариш ва ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасида билдирилган (қарор кеча Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди, муҳокама 10 сентябргача давом этади.

Ушбу қарор лойиҳасида, шунингдек, савдо майдони 100 квадрат метрдан ортиқ бўлган йирик савдо нуқталарида ҳам алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг чакана савдосига рухсат бериш ҳам назарда тутилган. Савдо майдони 100 квадрат метрдан ортиқ бўлган йирик савдо нуқталари деганда «Корзинка», «Макро» каби катта-катта супермаркетлар назарда тутилаётгани тушунарли.

Қарор лойиҳасининг дастлабки версиясида «Ўзшаробсаноат» мактаблар ва ароқ дўконлари орасидаги масофани 1 январдан эмас, 1 июлдан, 200 метрга эмас, 100 метрга қисқартиришни таклиф қилганди. У таҳрир ўтмаган шекилли, энди 200 метрлик лойиҳа чиқди. Лойиҳа остидаги комментларда одамлар ушбу янгиликни қоралаган, «Газета.уз» суҳбатлашган экспертлар эса «Ўзшаробсаноат»нинг таклифларини «ортга ташланган қадам» деб атаган.

Бу қарор лойиҳасини ўқиган киши «Ўзшаробсаноат» параллел оламда бўлса керак, шу кунларда Ўзбекистонда бўлаётган муҳокамалардан , масалан, ИИВ тунги вақтда спиртли ичимлик савдосини тақиқламоқчи эканидан бехабар бўлса керак, деган хаёлга бориши мумкин. Йўқ, бу компаниянинг хаёли жойида ва у раҳбарият топшириғини бажариш йўлида ҳаракат қиляпти — унинг олдига ҳам мамлакат раҳбарияти томонидан ишлаб чиқаришни ошириш, савдони кўтариш вазифалари қўйилган.


Report Page