Uz

Uz

@UZBEKISTANUZ

Президент Сўх тумани аҳолисига бир қатор имтиёзлар берувчи қарорни имзолади


Шавкат Мирзиёев «2020—2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.



Фото: ЎзА


Қарорга кўра:

— Сўх туманида 2020 йилда жисмоний шахслар ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади.

— 2020 йил 1 августдан бошлаб 2021 йил 31 июлга қадар:


якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалдаги қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади;


алкогол маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун йиғимни тўлашдан озод қилинади.


— Сўх тумани аҳолисига янги уй-жой қуришлари учун ипотека кредитлари ажратилади;

— Сўх туманида жойлашган тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг лавозим маошларига соҳадаги иш стажининг биринчи уч йили учун тариф ставкасига нисбатан 40 фоиз ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 15 фоиз миқдорда, устаманинг энг кўп миқдори 100 фоиз ўрнатилади;

— Транспорт вазирлиги Қирғизистон ҳаво ҳудудидан фойдаланиш масаласи тўлиқ ҳал этилгандан кейин бир ҳафта муддатда Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти орқали аҳолига мақбул нархларда қатновлар йўлга қўйилишини таъминлайди;

— Фарғона вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаларини ташкил этади;

— Сўх тумани аҳолиси учун Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдони ва ипотека кредитлари асосида квартиралар ажратилади;

— Сўх туманидаги иш билан бандлиги таъминланмаган аҳолининг бир қисми Тошкент шаҳрида йирик объектларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига тизимли равишда жалб қилинади.

Маълумот учун, 31 май куни Ўзбекистоннинг Сўх тумани Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида Қирғизистон ҳудудида жойлашган, сувидан Ўзбекистон ҳам фойдаланадиган Чашма булоғи устида баҳс чиқиб, катта можарога айланиб кетган. Сўх тумани ҳокимлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида 187 нафар ўзбекистонлик тан жароҳати олган, Ўзбекистон ҳудудидаги учта хонадонда ёнғин чиққан. Қирғизистоннинг Боткен вилоятида уй ва омборхона ёниб кетган.

Ушбу ҳолат юзасидан 1 июнь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасида қўшни мамлакат ҳукумати раҳбари билан учрашди. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мазкур воқеалар ортидан Ўзбекистон ҳукумати аъзолари ҳудуддаги муаммоларни ўрганиш учун 2 июнь куни у ерга ташриф буюрди. Сўх туманига янги ҳоким ва ички ишлар бўлимига янги раҳбар тайинланди.

Шундан сўнг туманга бўлган эътибор сезиларли даражада кучайди. Хусусан, Фарғона вилояти Сўх туманига замонавий тиббиёт ускуналари етказиб берилди, электр таъминотини яхшилаш учун 79 километр узунликдаги электр узатиш кабеллари юборилди, 230 нафар сўхлик Tashkent City’даги қурилиш ишларида қатнашиш учун олиб келиниши маълум қилинди, туманда 3 та дам олиш маскани яратилиши таъкидланди, 71 км оптик толали алоқа кабеллари тортилди ва 5 та мобил алоқа база станциялари ўрнатилди ва сўхлик битирувчиларга ОТМларга киришда 500 та давлат гранти квотаси ажратилди.

Report Page