Uz

Uz

@Uzbekistanuz

Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг 100 йиллигига бағишлаб халқаро ҳарбий-илмий анжуман ўтказилди (фото)

Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг 100 йиллигига бағишлаб халқаро ҳарбий-илмий анжуман ўтказилди (фото)


Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг (ҳозирги Қуролли Кучлар академияси) ташкил этилганига 100 йил тўлиши (1918 йил 12 июлда ташкил топган) муносабати билан бугун, 11 июнь куни «Олий ҳарбий таълим муассасасининг Қуролли Кучлар ва Ватан ҳимояси учун офицер кадрлар тайёрлашдаги тарихий ҳиссаси» мавзусида халқаро ҳарбий-илмий анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.


Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тадбирда мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ва бошқа давлатларда истиқомат қилувчи билим юртининг битирувчи-фахрийлари, Ўзбекистондаги хорижий мамлакат элчихоналарининг ҳарбий атташелари, Ўзбекистон Қуролли Кучлари фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.


Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати


Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Мудофаа вазири Абдусалом Азизов халқаро анжуман иштирокчиларини ҳамда фахрий меҳмонларни билим юрти тарихидаги муҳим сана билан чин дилдан муборакбод этди.

«Ушбу даргоҳни битирган командирлар 1941 йилда Москва яқинида бўлган курашда улкан жасорат кўрсатган, Курск, Днепр учун бўлган жангларда, шунингдек, Шарқий Европа мамлакатларини озод этишда улкан қаҳрамонликни намоён этган. Бугун Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг 100 йиллигига бағишланган анжуманда иштирок этаётганимдан хурсандман», — дея таъкидлаб ўтди мудофаа вазири ўз нутқида.

Халқаро анжуман давомида меҳмонларга Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг 1941 йилдаги битирувчиси, Россия ҳарбий фанлари академияси президенти, нафақадаги армия генерали Maxмут Гареевнинг видеотабриги намойиш этилди.


Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

«Мазкур анжуманга ташриф буюрганимдан бахтиёрман. Олий ўқув юртини 1991 йилда тамомлаганман. Бу ерда кўплаб дўстлар орттирганман. Бугун бўлиб ўтаётган анжуман Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади деган умиддаман», — дейди Россия Қуруқликдаги Қўшинлари бош штаби бошлиғи генерал-полковник Василий Тонкошкуров.

Шунингдек, анжуманда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг тарихига оид ҳужжатли фильм ва билим юрти ташкил топганлигининг 100 йиллигига бағишланган китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир якунида Ўзбекистон мудофаа вазири билим юртининг фахрий битирувчиларига тантанали равишда юбилей кўкрак нишонлари ва эсдалик совғаларини топширди.


Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати


Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Маълумот учун: Ўзбекистонда замонавий ҳарбий таълим муассасаси ХХ аср бошларида пайдо бўлган. Чор ҳукумати, кейинчалик болшевиклар ўлкада ўз сиёсатини қарор топтириш, хонликлар ва истиқлол курашчиларини батамом йўқ қилиш мақсадида 1900 йил Тошкент кадетлар корпуси, 1915 йил прапоршчиклар мактаби, 1918 йил Туркистон совет қўмондонлиги курсларини ташкил этган.

1920 йил 17 апрелидан ўқув дастурига ўзбек тили фани ҳам киритилган.

Иккинчи жаҳон уруши бошланганида билим юртида ўқиш муддати олти ой этиб белгиланган. 1941 йил ўқитувчи ва курсантлардан иборат 34- ва 35-ўқчи бригадалари ташкил этилган ва урушга сафарбар қилинган. Беш йилда 25 марта битирув маросими ўтказилиб, 8 мингдан ортиқ офицер фронтга жўнатилган. Уларнинг 53 нафари қаҳрамон унвонига, мингдан зиёди давлат мукофотларига сазовор бўлган.


Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати


Report Page