Uz

Uz

@Uzbekistanuz

Самарқандда 63 ёшли отахонга қўл кўтарган муштумзўр 2 ой илгари ҳам қилмиши учун қамалиб чиққани маълум бўлди

Самарқандда карантинда ҳод-дог тайёрлаб бермаган 63 ёшли бозор қоровулини калтаклаган фуқаро жорий йилнинг 2 февраль куни ҳам муштумзўрлик қилиб, 5 суткага қамалиб чиққан. Бу ҳақда журналистик суриштирув олиб борган «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев маълум қилди.


Фото: «Дарё»

Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБнинг маълум қилишича, Қуйи Хўжасоат маҳалласида яшовчи 1957 йилда туғилган фуқаро Ҳусенали Муродов 2020 йилнинг 29 март куни тан жароҳати олиб, республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига мурожаат қилган.


Фото: «Дарё»

ИИБнинг воқеага ойдинлик киритишича, Сартепа масканида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро А.Т. 29 март куни соат тахминан 02:00 атрофида Туркистон кўчасида жойлашган ҳод-дог тайёрлаш шохобчасига борган. Ва таниши Ҳусенали Муродовдан ҳод-дог сўраган. 63 ёшли отахон эса карантин сабабли вақтинча ишламаётганлигини билдирган. Шундан сўнг, фуқаро А.Т. ва Ҳ.Муродов ўртасида келишмовчилик юзага келган. А.Т. ўзидан 31 ёш катта бўлган Ҳусенали Муродовни уриб, унга тан жароҳати етказган.


Фото: «Дарё»

«Эрталаб соат 04:00 атрофида дарвоза тақиллади. Ўғлим ташқарига чиқиб дадасини кўриб, мени чақирди. Югуриб чиқдим. Қарасам йиқилиб ётган экан. Кўтариб уйга олиб кирдик. Бир аҳволда, елкаси синган ва ҳамма жойи моматалоқ бўлиб кетган экан», — дейди жабрланувчи Ҳусенали Муродовнинг турмуш ўртоғи Ҳикмат Зиёева.

Оғир аҳволда ётган жабрланувчи Ҳусенали Муродов билан ҳолат юзасидан суҳбатлашиш бир оз қийин бўлди.


Ҳусенали Муродов

Фото: «Дарё»

«Воқеа содир бўлган куни А.Т. маст эди. Ҳозир карантин сабаб ишламаяпмиз, шунинг учун ҳод-дог қилиб беролмайман деганимдан сўнг мени уриб кетди. Биринчи дўкон ичида урди. ‘Подвал’га тушиб кетишимга оз қолди. Агар ўша ерга тушиб кетганимда ўлишим аниқ эди. У ердан қандай чиққанимни ўзим билмайман. Ташқарига чиққанимдан сўнг, ортимдан келиб яна уришда давом этди», — дейди Ҳусенали Муродов.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБда мазкур воқеа расмийлаштирилган. Фуқаро Ҳусенали Муродовнинг олган тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.


Воқеа жойи

Фото: «Дарё»

«Отам уйга келганида қулоқлари йиртилган, елкаси синган, аҳволи ачинарли эди. Тез ёрдамга қўнғироқ қилиб шифохонага ўзим олиб бордим. Отамнинг айтишича, қўлидан телефонини ҳам олиб қўйган. Дўкон калитини олиб, ичгарига кириб нарсаларни олиб чиқиб кетган. Ички ишлар ходими ‘нима мақсадда урдинг’ деб сўраса ‘мен стресс ҳолатда эдим’ дейишдан нарига ўтмаяпти. ИИБ ходимларига ҳеч қандай эътирозим йўқ, албатта. Менга алам қилгани, отам жароҳат олиб бир аҳволда ётибди. У эса бемалол юрибди. Шу менга алам қилди. Отамнинг аҳволини кўриб чидолмаганимдан оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилдим», — дейди Ғулом Муродов.

Ҳод-дог тайёрлаб бермагани учун 63 ёшли отахонни урган А.Т.нинг айтишича, ўша куни унаштирилган қизи билан телефонда тортишиб қолган. Шундан сўнг, жаҳл билан кўчага чиққанида шу воқеа содир бўлган.


Фото: «Дарё»

«Уйдан асабийлашиб чиққан эдим. Кўчага чиқиб газли сув оламан деганимда шу дўкон очиқ экан. Келганимда ‘ҳод-дог йўқ’ деди. Фақат ‘напитка’лар бор экан. Қилган ишимдан афсусдаман. Ўзимни билмай қолганман. Воқеадан сўнг уйга бориб ҳол-аҳволларини сўрадим. Мени кечиришини сўрайман. Мен дўконда пуллар борлигини билмайман. Пулларни кўрганим йўқ. Телефонимни топиш мақсадида у кишининг телефонини олиб ўзимнинг рақамимга қўнғироқ қилгандим. Калитларни эса эшикларни ёпиш учун олганман», — дейди А.Т.


Воқеа жойи

Фото: «Дарё»

Журналистик суриштирув давомида А.Т. жорий йилнинг 2 февраль куни спиртли ичимлик истеъмол қилиб худди шундай ҳуқуқбузарлик содир этгани, қолаверса, ИИБ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги сабабли Самарқанд шаҳар Маъмурий судининг қарорига асосан 5 сутка маъмурий қамоқ жазосиги ҳам ўтаганлиги маълум бўлди.

Тун ярмида карантин қоидаларини бузиб, кекса одамни калтаклаган А.Т.нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

🇺🇿 Ўзбекистондаги энг тезкор хабарларни етказувчи каналга уланинг !👇


https://telegram.me/joinchat/AAAAAEGbbyh7-jOGYrnA1w

Report Page