Украинадаги совуқ ҳарорат 40 кишининг ҳаётига зомин бўлди
Украинада совуқ кунлар бошлангандан буён 40 киши, сўнгги кунларнинг ўзида эса 11 киши музлаш натижасида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фавқулодда тиббий ёрдам кўрсатиш бошқармаси раҳбари Татьяна Тимошенконинг маълумотига асосланиб, "Корреспондент" нашри хабар берди.
"Афсуски, 40 ўлим ҳолати қайд этилди. Кеча бундай ҳолатлар 29та эди... 40 кишидан 3 нафари - тиббий муассасада, 27 нафари - кўчада ва 10 нафари - уйда ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳалокатларнинг аксариятига спиртли ичимлик истеъмоли ва ундан кейин музлаш сабаб бўлган", - деди Тимошенко.
Совуқдан нобуд бўлиш ҳолатлари энг кўп Ровен, Львов ва Николаев вилоятларида қайд этилган.
Бундан ташқари, пайшанба кун эрталабки ҳолатга кўра, яна 869 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Улардан 753 нафари шифохонага жойлаштирилган.