t.me

t.me


Юридик таълим ва фанни такомиллаштириш                      истиқболлари

1 май 2020 йил

Барчамизга маълумки, ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий шартларидан бири бу, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришдир. Бундай масъулиятли вазифа эса асосан ҳуқуқшунос кадрлар зиммасига юклатилган. Ҳозирги замонавий дунёда ҳуқуқ соҳасидаги мутахассисларга эҳтиёж катта. Ҳуқуқ соҳасининг йўналишлари жуда кенг ва уларнинг барчаси учун малакали кадрлар жуда зарур. Бундай малакали кадрларни етиштиришда албатта, юридик таълим ва юридик фаннинг ўрни беқиёсдир. Ҳозирги глобаллашув даврида таълим тизими, айниқса юридик таълим жамият олдимизга қўяётган талабларга тез мослашувчан бўлиши талаб этилади.

Куни кеча Президентимиз томонидан “Ўзбекистон республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш буйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармоннинг қабул қилиниши бу сохани ривожлантирилиши учун жуда катта қадам бўлди десак муболаға бўлмайди.

  

Фармонда юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Замонавий талаблар, илғор халқаро тажриба ва мехнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали , ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш ушбу устувор йўналишлардан биридир. Фармонга асосан юридик таълим соҳасида бир қатор янгиликлар бўлиши кутилмоқда.

Фармонга мувофиқ Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар  ташкил этилади ва “юриспруденция” йўналиши бўйича белгиланган тартибда қабул амалга оширилади. Бу эса иқтидорли ёшларнинг, айниқса ҳудудлардан келган ёшларнинг тенг равишда таълим олиш имкониятини яратиб беради. 

Фармоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, 2020-2021 йилдан бошлаб базавий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ТДЮУ магистратурасига тест синовлари орқали , ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқишга қабул жорий этиладиган бўлди. Базавий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида 3 йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар, ТДЮУ магистратурасига кириш тест синовларисиз, тўлов контракт асосида кириш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда улар ўқишни тугатгандан сўнг адлия органлари ва муассасаларида тақсимот бўйича, биринчи навбатда юридик тухникумларда камида 3 йил ишлаш мажбуриятини оладилар. ТДЮУ, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда пуллик асосда тайёрлов ва бошка курслар, ёзги ва қишки мактаблар, шу жумладан чет эл фуқаролари учун ташкил этиладиган булди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бу ислоҳотларнинг барчаси юртимизда жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган, рақобатбардош юрист кадрларни шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади ва яқин келажакда ўзбек юридик таълими ва фани жахоннинг илғор юридик таълимлари қатори мамлакатимизнинг барча соҳаларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ва ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.



                                      Саматова Наргиза Ғавситдиновна

                    Наманган вилояти юридик коллежи етакчи ўқитувчиси   


Report Page