Test

Test

Test

Маълумки, Ўзбекистонда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган даражада айрим хўжалик юритувчи субъектларга берилган, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъект муайян уюшманинг аъзоси бўлган тақдирдагина унга тақдим қилинадиган эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бекор қилиш борасида, давлат раҳбарияти эътиборидаги масала сифатида, бир қанча ўзгартиришлар қилинмоқда (таъкидлаб ўтилган, соҳа миқёсида фақат у ёки бу хўжалик бирлашмаси тизимига енгилликлар бекор қилиб борилмоқда).

Бунда, содда қилиб айтганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги: “Бу енгилликлар фақат “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси аъзоларига берилади” каби мазмундаги жумлалар: “Бу енгилликлар тўқув ва трикотаж соҳасидаги корхоналарга берилади” қабилида қайта таҳрир қилиб ўзгартирилаяпти. (“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси” деб шунчаки мисол тариқасида, “дейлик” тарзида ёздик!)

Лекин бу масалада Президент фармони, Президент қарори каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаётган МУТАСАДДИ ИДОРАЛАР, шу жумладан, МОНОПОЛИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ҚЎМИТАСИ кетма-кет тайёрланаётган бундай лойиҳаларнинг ЎЗАРО МУВОФИҚЛИГИНИ ҳар доим ҳам етарлича ТАЪМИНЛАЙ ОЛАЯПТИЛАРМИ, улар тайёрлаётган бу ҳужжат лойиҳалари стратегик қонунларда ва шахсан Давлат раҳбари топшириғида назарда тутилган натижаларга эришиш имконини бера оладими?

Бу борада мулоҳаза юритиш учун мисоллар келтирамиз.

Бир қанча алоҳида равишда берилган солиқ ва божхона имтиёзлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги ПФ-6011-сонли “Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармони билан (кўпчилиги 1 октябрдан) бекор қилиниши белгиланган. 

Бироқ (юқоридаги ҳужжатдан бир ҳафта ўтиб (!) эълон қилинган) кейинги норматив-ҳуқуқий ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 июндаги ПҚ-4759-сонли “Республикада қўлда тўқилган гиламчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори айрим бандларида айрим ўзига хос шароитларни ифодаловчи қоидалар умумий равишда “қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга” эмас, балки ““Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга” каби шаклларда белгиланган. Шу жумладан, бунга мисол қилиб бу Қарорнинг 4-бандининг 2-3-хатбошиларини ва 11-бандининг 3-хатбошисини айтиб ўтиш мумкин.

Ҳозирга пайтда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси сайти – “regulation.gov.uz” да Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган айрим хўжалик юритувчи субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бекор қилиш тўғрисида”ги Фармони ЛОЙИҲАСИ (яна ана шу Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан) жойлаштирилган бўлиб (ID-19463), қизиғи, алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга, айрим хўжалик бирлашмаларига ва (ёки) уларнинг аъзолари бўлган ташкилотларга берилган бирмунча қулай енгилликларнинг бекор қилиниши бўйича илгари ўз вақтида (ПФ-6011-сонли Қарор ёки бошқа норматив ҳужжатлар лойиҳаларида ушбу Қўмита иштирок этганида) нисбатан тўлақонли қилинМАган ишлар кенгайтирилган, яъни ҳозирги Фармон лойиҳасида кўпроқ имтиёз ва эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилиниши таклиф этилмоқда, аммо негадир ПҚ-4759-сонли Қарор орқали асосан ёки фақат “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва (ёки) унинг таркибидаги субъектларга тақдим этилган алоҳида қулайлик ва енгилликлар ҳам бекор қилинишига оид “масала кўтарилМАган”...

Демак, ҳар бир соҳадаги тадбиркорлик субъектларига, унинг бирон уюшмага аъзолиги ёки аъзо эмаслиги каби омиллардан қатъий назар, бир хил рақобат муҳити яратиш, бунда у ёки бу хўжалик бирлашмасига ёки субъектига берилган “уникал” енгилликлар бекор қилиниши ростдан ҳам объектив равишда ва “бир хил кўз билан қараш” тамойилида олиб борилиши қасд қилинган экан, “Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган айрим хўжалик юритувчи субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бекор қилиш тўғрисида”ги Фармони лойиҳасида: асосан ёки фақат “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва (ёки) унинг таркибидаги субъектларга тақдим этилган алоҳида қулайлик ва енгилликлар ҳам бекор қилиниши зарур, яъни ушбу янги Фармон лойиҳасига тегишли қўшимча бандлар киритилиши лозим, шу жумладан, масалан, ПҚ-4759-сонли Қарорда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга” каби шакллардаги узун сўзлар тўплами “қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга” сингари нисбатан қисқа сўзлар тўплами билан алмаштирилиши кераклигини қайд қиладиган қўшимча бандлар янги лойиҳада бўлиши зарур.

(PS: “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва (ёки) унинг таркибидаги субъектларга нисбатан ҳеч қандай ёмон ғаразли муносабатимиз йўқ ва бўлиши мумкин эмас! Уларга фақат омадлар тилаймиз. Гап – янги Фармон лойиҳасини “қойилмақом” қилиб ишлаб чиққанларга! Гап ўз эгасини топади...)

Report Page