Ёнғин хавфсизлиги институтига кириш тест синовлари шаффоф ва очиқлик тамойилида ўтказилди

Ёнғин хавфсизлиги институтига кириш тест синовлари шаффоф ва очиқлик тамойилида ўтказилди

Азиз Илхамович

Юрт тараққиёти юксак билим ва касбий малакага эга, замон руҳи билан ҳамнафас, соғлом ва теран тафаккурли, рақобатбардош кадрларга боғлиқ.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўқитишнинг барча бўғинлари каби олий таълимни ҳам тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги «Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига интеллектуал ривожланган ва ҳар томонлама тайёрланган ёшларни танлаб олиш ва қабул қилишни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ёнғин хавфсизлиги институтига ўқишга қабул қилиш, ҳар йилгидан кўра, 2019/2020-ўқув йилига номзодларни танлаш тадбирлари қизғин тус олди. Тест синовларига қадар 1200 дан ортиқ номзод босқичма-босқич тиббий кўрик, компьютер саводхонлиги, психофизиологик тест синовлари ва ёзма (диктант) ишлари ҳамда якуний суҳбат синовларини ҳаққоний ва адолатли топшириб, муваффақиятга эришган 700 га яқин номзодлар навбатдаги кириш тест синовига йўлланмани қўлга киритишди.

Бугун эрталабдан тест синовларини топшириш учун пойтахтимизнинг “Ёшлик спорт мажмуаси”га йиғилган номзодларнинг орзиқиб кутган кучли ҳис-ҳаяжонга бой дақиқалари бошланди.

Мазкур ўқув йилида “Ёшлик спорт мажмуаси”да онлайн тарзда, ҳаққоний, шаффоф ва адолатли бўлиб ўтган имтиҳон жараёнларини қалбларида ўзгача бир ҳис-ҳаяжонни туюб, фарзандларини ҳаққоний синов имтиҳонини топширишаётганликларини бевосита кузатиб ўтиришга муяссар бўлган ота-оналар барча яратилган шарт-шароитлардан мамнуният билан ўзларини фикрларини билдиришди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фарзандларини кириш тест синовларини топшириш жараёнларини кузатиш учун республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган

2000 нафарга яқин ота-оналар ҳам ушбу кириш тест жараёнлари адолатлилик, шаффофлик ва очиқлик тамойилларида ўтаётганлигини бевосита кузатиб боришди.

Номзодларни ушбу олий даргоҳга кириш тест синовлари жараёнларини ошкора ва шаффофлигини таъминлаб, онлайн видеокузатувлар орқали кенг жамоатчилик, шу жумладан, номзодлар ота-оналарининг имтиҳон жараёнларини кузатиб боришларига барча шарт-шароитларни яратиб берилмоқда дейди – Институт бошлиғининг ўринбосари подполковник Абдуазим Ахмадходжаев.

– Ўғлимнинг юртимиздаги ҳарбий олий таълим муассасаларининг орасидан айнан Ёнғин хавфсизлиги институтини танлаб, унга катта қизиқиш билан тайёргарлик кўриб келди. Бугун мен ўғлимни кириш тести синовларини топшириш жараёнларида бевосита онлай видеокузатув орқали кузатувчи сифатида иштирок этаётганимдан мамнунман. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу тест синов жараёнлари адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини ташкил этиш масаласига жиддий ёндашилганини гувоҳи бўлиб турибман дейди – Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган Гулчирой Ахмедова.

– Мен бугун тест синовлардан ўтар эканман, энг муҳими астойдил тайёрланган номзодлар албатта имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, танлаган олийгоҳига ўқишга кириши мумкин. Айниқса абитуриентлар учун яратилган шарт-шароитлардан бениҳоя мамнун бўлдим. Шу билан бир қаторда аниқ ва табиий фанлардан тузилган саволлар ўзим ўқиб тайёргарлик кўрган мавзуларга яқин бўлиб, уларни ортиқча қийинчиликсиз жавобларини топиб ишлаб чиқдим ва ўйлайманки, омадли тендошларим қатори мен ҳам олийгоҳга албатта ўқишга кираман – дейди,

Наманганлик Иброхимжон Аббосов.

– Ўғлим ушбу даргоҳга қизиқиши туфайли номзод сифатида ҳужжатларини топшириб, шу кунга қадар барча синовлардан муваффақиятли ўтиб келди. Бугунги кириш тести имтиҳонларини ҳам беихтиёр кузатар эканман, ўғлим қатори ёшларни кўриб, барчалари имтиҳонларни муваффақиятли топшириб мана шундай ҳарбий таълим муассасини курсанти бўлишдек бахтга етказсин – дейди, Самарқандлик Маҳмуджон Маҳмасолиев.

– «Мана, муҳтарам Президентимиз ҳамма жойда адолат бўлсин. Билимлилар ўқисин деб айтмоқда. Чунки билими бор ёшлар ватанини ривожлантиради. Ўзим ҳам физика фани ўқитувчисиман. Яхши ўқиса ризқи улуғ бўлади», - деб ўз фикларини билдирди Соҳиба Султонова.

– Фарзандларининг камолини кўриш ҳар бир ота-она орзусидир. Бугунги ёшларни имтиҳонларини кучли ҳис-ҳаяжон ила кузатар эканман, шуни алоҳида таъкидлаш жоиз деб биламан, давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган алоҳида эътиборлари ҳамда ҳар томонлама яратиб берилаётган кенг шарт-шароитларнинг маҳсули сифатида йилдан-йилга мана шундай, шаффоф, адолатли ва очиқлик тамойилида ўтаётган имтиҳонларда билимли ёшларимиз талабалик бахтига муяссар бўлмоқда – дейди,  Фазлидин Жалолов.

– Ўғлим Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтига ўқишга киришга жудаям қизиқиб, олий ҳарбий таълим муассасасида ўқиш учун ҳужжат топширган. Бугун имтиҳон жараёнларини кузатиш билан бир қаторда менга ўхшаган фарзандларини имтиҳон жараёнларини кузатиш учун келган ота-оналарга ташкил этилган барча шарт-шароитларни ҳам гувоҳи бўлиб турибман. Айниқса, ташкилотчилар томонидан абитуриентларга, уларнинг ота-оналарига хушмуомалалик ва алоҳида эътибор қаратилгани учун ҳам, имтиҳон жараёнлари шаффоф ва адолатли бўлмоқда – дейди, Ёрқин Эргашев.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Ёнғин хавфсизлиги институти матбуот хизмати

Report Page