Test

Test

test

Тилимизнинг бугунга қадар талафотларсиз етиб келиши замирида эса, халқимизнинг ўз она тилини жонидан севиши, ардоқлаши, кўз қорачиғидек асраб-авайлаши ётибди. Бундан минг йил аввал Маҳмуд Кошғарий шундай таъкидлаган эди: “Худо давлат қуёшини турклар (ўзбеклар) бурчида яратди. Фалакни ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни турк (ўзбек) деб атади, мулкка эга қилди, уларни замонамизнинг ҳоқонлари қилиб кўтарди. Замон аҳлининг ихтиёр жиловини шулар қўлига топширди, халққа бош қилди, буларни тўғри йўлда юришга қодир қилди. Буларга қарашли кишиларни ғолиб қилди. Уларга қарашли кишилар мақсадларига етиб, бебошлар ҳалокатидан қутулди. Уларнинг ўқларидан сақланмоқ учун уларнинг хатти-ҳаракатларини маҳкам тутмоқ ҳар ақлли кишига лойиқ ва муносибдир. Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл – уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бермайдилар. Ҳатто улар тил туфайли ўз паноҳида турган бошқаларнинг гуноҳини ҳам кечиб юборадилар”. 

Таассуфки, ўтган асрдаги мустабид тузум даврида ўзбек тили ярим асрдан зиёд мафкуравий, сиёсий, маъмурий босим остида бўлди. Тил ҳимоясига чиққан миллат зиёлилари қатағон қилиниб, Ўзбекистонда рус тили расмий тил мақомига эга бўлди. Ниҳоят, 80-йилларнинг охирига келиб, вазиятни яхши томонга ўзгартириш имконияти туғилди. Биринчи Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ташаббуси билан чиқиб, кучли ирода ва қатъий журъат билан ҳимоя қилиб, “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинишига эришилгани давлат мустақиллигини қўлга киритишимиз йўлида ташланган биринчи катта қадам бўлди.

Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, қўлланиш доираси ҳам сезиларли равишда кенгайди. Энг аввало, Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб қатъий белгилаб қўйилди. Бош Қонунимиздан келиб чиқиб қабул қилинган қатор қонун ҳужжатлари билан бу борадаги ҳуқуқий механизмлар янада такомиллаштирилди. Шу билан бирга, тил соҳасидаги қонунчилигимизда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмаслиги ҳам аниқ ифодалаб қўйилган. Хусусан, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг бирон бир моддасида юртимизда аҳил-иноқ умргузаронлик қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг ўзаро мулоқотларида тил танлашни чекловчи ёки тақиқловчи нормалар мавжуд эмас.


Report Page