Муқаддас Хушхабар

Муқаддас Хушхабар

ЛУҚМОНИ ҲАКИМ
ИЙСО МАСИҲ

ИЙСО (ИСО) МАСИҲ КИМ?

Минг йиллар илгари Худо осмон билан ерни яратди. У яна қуёш, ой ва юлдузларни яратди. Шундан сўнг У биз кўриб турган табиатни яратди, ҳамда У балиқларни, қушларни ва ҳайвонларни яратди, аммо бутун яратилишнинг тожиси қилиб инсонни яратди.

Худо Одам атони яратди ва унинг ёлғиз эканлигини кўриб, унга ёрдамчи бўлсин деб, аёлни, яъни Момо ҳавони яратди.


Адан деб аталмиш жаннат боғи Одам ато ва Момо ҳавонинг яшаши учун ўтқазилган эди.

Ушбу жаннат боғидан улар қанчалар кўп вақт роҳатланишганлиги бизга номаълум, аммо бир нарса бизга маълумки, уларнинг Худога итоаткорлик даври — энг бахтиёр дамлар эди.


Жаннатда Худо Одам ато билан Момо ҳавога тегишли бўлмаган, фақат биргина Ўзига қарашли бўлган бошқа дарахтлардан ўзгача икки дарахт ўтқазди. Худо Одам атога ушбу дарахтларни ҳам парвариш қилиб сақлашни, аммо уларнинг меваларидан асло емасликни буюрди. Бу дарахтларнинг бири яхшилик ва ёмонликни билиш, иккинчиси эса ҳаёт дарахти эди.

Худо Ўз бандасининг ёмонликни билиб қолишини хоҳламагани учун ҳам уларга ушбу дарахтнинг мевасини ейишни тақиқлади. Худди биз ҳам болаларимизнинг гуноҳ қилишини ва ёмон ишларга аралашишни хоҳламаганимиздек, Худо ҳам Одам ато ва Момо ҳавонинг тоза, покиза ва муқаддас бўлган ажойиб қалбини йўқотиб қўйишларини хоҳламаган эди.


Яратилишдан кўп йиллар илгари Худо осмон деган жойни таёрлаб, у ерда сон-саноқсиз фаришталарни яратди ва улар Унга хизмат қилар эдилар.

Бу фаришталарнинг ичида асосийлари Бош фаришталар эди.

Қайсидир вақтда, шундай Бош фаришталардан бири бўлган Луцифер такаббурлиги тутиб Худога қарши бош кўтарди ва у Худогагина тегишли бўлган тахтга эга бўлишга интилиб, ўзи билан бирга ҳалайгина фаришталарни эрчитиб кетди.

Худо Луциферни ва унга эргашган фаришталарни жазолаб, уларни осмондан қувиб туширди ва улар учун мангу жазоналанадиган жой бўлган олтингугурт кўлини (жаҳанамни) таёрлаб қўйди. Оқибатда Луцифер Худога қарши ўч олиш учун шайтон (иблис) деган ном олди.

Ўша шайтон энди яратилиш тожиси бўлган инсонга қарши бош кўтарди. Шу мақсадда у Адан боғига илон қиёфасида келиб, айёрлик билан Момо ҳавони яхшилик ва ёмонлик дарахтининг мевасидан едиришга ундади.


Момо ҳаво бу мевадан еди Одам атога ҳам берди. У ҳам еди. Худо эса бу иккисини итоатсизлиги туфайли жаннат боғидан қувиб чиқди.

Иккинчи дарахт эса мангу ҳаёт дарахти эди ва Худо уларнинг ўша дарахтнинг ҳам мевасини еб олиб, гуноҳкор таналарида мангу яшаб қолишларини хоҳламади. У ҳолда Худо инсоният билан ҳеч қачон мулоқотда бўла олмаган бўлар эди. Чунки Худо инсонни аввал бошда Ўзи билан мулоқотда бўлиб яшашни хоҳлаган эди. Борлиқ жониворлар эса бундай мавқега эга эмас эдилар. Улар фақатгина инсониятга хизмат қилиш учунгина яратилган эдилар.


Бизнинг бобокалонимизга Худонинг лаънати уларнинг итоаткорсизлиги туфайли тушди. Ўша кундан бошлаб то бугунги кунга қадар инсонлар гуноҳкор бўлиб туғилиб келмоқдалар. Ёмон одатлар кичкинтой болаларнинг эндигина гапира бошлаган чоғида ва ҳаттоки ундан олдинроқ ҳам кўрина бошлайди.


Жаннат боғидан қувилган Одам Ато ва Момо ҳаволарнинг қайғуси буюк эди. Аммо Худо уларга гуноҳнинг лаънатидан инсониятни халос қилиш учун Инсон қиёфасида келадиган Ўз Ўғлини юборишни ваъда қилди. Минглаб йиллар давомида бу ваъда авлоддан-авлодга ўтиб келди. Ҳар бир авлод маҳкум бўлмаслик учун гуноҳдан халос этадиган Зотни кутиб яшаб келди. Ўз ваъдасига содиқ бўлган Худо эса пайғамбарлари орқали башоратлар бериб, одамларни ишонч-ла кутишга чорлади.


Биз яшаб турган кунлардан чамаси 2000 йилларча илгари, Рим империяси ҳукмронлик қилиб турган бир пайтда Худо Ўз ваъдасини амалга оширди. Ваъда қилинган Зот чақалоқ бўлиб дунёга келди. Унга Ийсо деб ном беришди. Ийсо деган ном Қутқарувчи деганни ифодалайди.

Худо, бокира қиз Марямдан туғилган ушбу Чақалоқ ваъда қилинган Қутқарувчи эканлигини таъкидлади.

Худо фариштаси бўлган Жаброил аввалданоқ Марямга ундан туғилажак Чақалоқ ким эканлиги ҳақида қувончли хабарни етказган эди. Фаришта Марямга бу чақалоқ мўъжизавий, яъни отасиз, Муқаддас Руҳдан туғилиши ҳақида хабар берди. Марямга бу сўзлар тушунарсиз туюлди, чунки у ҳали турмушга чиқмаган эди. Фаришта Марямга ундан туғиладиган Чақалоқ Худонинг Ўғли деб аталишини ҳам айтди.


Ийсо ўттиз уч йил Исроилда яшаб, инсонларга Худонинг севгисини амалда кўрсатди: касалларни даволади, кўрларнинг кўзини, карларнинг қулоғини очди, чўлоқлар юрдилар, соқовлар гапирдилар, ўликларни тирилтирди. Одамлардан ёвуз руҳларни қувиб чиқарди. У жуда кўплаган мўъжизалар кўрсатди. Халойиқ эса Уни севар, Унга ишонишар ва Унинг орқасидан эргашар эди. Аммо дин уламолари Унинг инсонларга кўрсатаётган таъсирини кўриб, ҳасад қила бошладилар ва Уни ўлдиришга қарор қилдилар. Бир куни эрта саҳарда улар Уни ҳибсга олишиб, диний ва сиёсий ҳокимларнинг олдига олиб келишди ва Унга ноҳақ айблар қўйиб, ҳочда михлаш орқали ўлим жазосига маҳкум этишди. Бу жазо ўша пайтларда римликлар томонидан жиноятчиларга қўлланилар эди.

Улар қўлга киритган ғалабасидан қувонишар эди, аммо бу қувонч узоққа чўзилмади.

Учинчи куни Қутқарувчи Ийсо Масиҳ ўликлардан тирилиб қабрдан чиқди ва қирқ кун мобайнида Ўз шогирдларига кўриниб юрди. Улар эса бу ҳақда гувоҳлик бера бошладилар. Шундан кейингина У осмонга, Ўзи келган жойга кўтарилди.


Нега У ўлди, наҳотки Ўзини Ўзи қутқара олмаган бўлса? Ахир У ўша пайтдаёқ Узини жаллодлардан халос этиши учун осмондан фаришталарни чақириши мумкин эди-ку! Сабаби, У Ўз хоҳиши билан ўлимга борди. У танада гуноҳни жазолаш учун ўлди. У бизнинг ўрнимизга Отаси Худо томонидан ҳукм этилди. У гуноҳ оқибатида бузилган Худо билан инсоният ўртасидаги мулоқотни тиклади.


Агар сиз ҳам Ийсо Масиҳ, Худонинг Ўғли сизнинг гуноҳларингиз учун ҳам қурбон бўлганига ишонсангиз, гуноҳларингиз кечирилади ва мангу ҳаёт инъомига эга бўласиз. Масиҳ сизни севади ва сизнинг ҳам Қутқарувчингиз бўлишни хоҳлайди. У сиз учун қурбон бўлди ва сиз Уни севишингизни, ва У учун яшаб, бошқаларга У ҳақда гувоҳлик беришингизни хоҳлайди.

Агар сиз Ундан бош тортсангиз, унда Худодан бош тортган бўласиз ва жазо олишингиз муқаррардир. Кунлар ўтиб бир кун ўзингизни шайтон ва унинг фаришталари учун тайёрлаб қўйилган дўзахда кўриб қолишингиз мумкин.

Аммо сиз Худо юборган Масиҳга ишонсангиз, ушбу мудҳиш тақдирдан абадий қутуласиз. Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин, деб ёзилган Муқаддас китобда.


Қарор чиқариш ва танлаш сизга қолдирилди. Энди сиз Масиҳ ҳақида билдингиз ва Худо олдида сизга гувоҳлик берилди. Олдингизда икки йўл: Ийсо Масиҳни имон ила юрагингизга қабул қилиб, мангуликка халос бўлиш ёки ундан бош тортиб, мангу ҳалокатга йўлиқиш. Ҳар қандай шубҳани ўзингиздан соқит қилинг ва юрагингизда туғилаётган ҳар қандай саволларни Худо олдида очинг. Худо сизни барча муқаддаслари билан Ийсо Масиҳ орқали мангу ҳаётга чорламоқда. Бундан бош тортманг.


Агар шу сатрларни ўқиб туриб сизнинг ўйларингизга: «Ахир бу бошқа динга ўтиб кетиш демак-ку»,—деган фикр келса, қарор чиқаришга шошилманг. Дунёдаги мавжуд барча динлар инсоният томонидан Худога интилиш демакдир ва улар қанчалар одил кўринмасин, худди космик кемалар ердан узоққа уча олмагани каби улар ҳам бутун коинотнинг Эгаси бўлган Худовандга ета олмайдилар.

Ийсо Масиҳ эса, бу дин эмас, балки ҳозир ҳам тирик бўлган Шахсдир. Ва У Зот осмондан ерга келиб ва ердан осмонга кўтарилиб Худога ҳар бир хоҳлаган одам учун йўл очди. Муқаддас Инжил китобида У шундай деган:

«Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Худонинг олдига боролмайди».

Бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир. 


Ҳурматли ўқувчи, агар сиз бугуноқ, қаерда бўлсангиз ўша ердан ибодат қилиб Ийсо Масиҳни чақирсангиз, У сизнинг гуноҳкор юрагингизга киради ва сизга Худонинг мангу ҳаёт инъомини тақдим этади.

Худо сизни оқ фотиҳаласин. ОМИН. 


(“ЛУҚМОНИ ҲАКИМ БАЁН ЭТГАН МУҚАДДАС ХУШХАБАР”).

Report Page