240 ЎРИНЛИ ЭСКИ МАКТАБ 750 ЎҚУВЧИ ЎРИНЛИ БЎЛИБ ҚАЙТА ҚУРИЛДИ
Ўтган йиллар давомида Самарқанд шаҳридаги 71-умумтаълим мактабида 650 нафар ўқувчи 240 ўринли бинода таълим-тарбия олиб келаётган эди. Бино ва қўшимча синфхоналар етишмаслиги, мактабда спорт зал йўқлиги ўқувчи ва ўқитувчилар учун муаммо туғдириб келган.
Ўтган 2020 йилда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси буюртмаси асосида, пудратчи “Согда Зарафшон сув қурилиши” МЧЖ томонидан 3367,3 млн. сўм ажратилиб, мактабда 330 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилиши белгиланди.
Бу хайрли иш ўша ҳудудда яшовчи ўқувчиларнинг ота-оналари, ҳомийларнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Фарзандлари келажаги, уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, соғлом бўлиб вояга етиши учун улар ҳам эзгу ҳаракатга муносиб ҳисса қўшишга бел боғлашди.
Ҳомийлик ёрдами сифатида жамғарилган маблағлар ҳисобидан 71-мактаб ўқувчилари учун яна 180 ўринли қўшимча бино қуриладиган бўлди. Мактабда жами 510 ўринли янги ўқув биноси барпо этилди. Шунингдек, мактабнинг 240 ўринли эски биноси ҳам мукаммал таъмирланиб, 12х24 ўлчамдаги спорт зал қурилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ишлаб чиқилган манзилли дастури асосида мактабнинг 20 та синфига парта, стол-стул ҳамда доскалар топширилди. Бундан ташқари, физика, кимё ва биология фанлари лаборатория хоналари, чет тиллари, чизмачилик синфхоналари ҳам тўлиқ жиҳозланди. 2 та интерактив доскалар топширилгани мактабда сифатли таълим-тарбия жараёнларини ташкил этишга хизмат қилади.
Шунингдек, 2 та синф компьютер жамланмалари топширилиши, спорт ва фаоллар заллари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланиши режалаштирилган.
Шундай қилиб, аввал лаборатория хоналарию ўқитувчилар хонасигача синфхонага айлантирилиб, ўқувчилар сиғмас даражага келиб қолган, 2-3 сменагача дарслар ташкил этиладиган мактаб 750 ўқувчи ўринли бўлди. Таълим муассасаси нафақат замонавий қиёфага, балки мустаҳкам моддий-техника базасига эга бўлди.
Бугун Самарқанд шаҳридаги 71-умумтаълим мактабида 658 нафар ўқувчи қулай шароитларга эга муассасада таълим-тарбия олиб келмоқда.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.