САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ САИДАҲМАД УСМОНОВНИНГ 1 ОКТЯБРЬ — ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН УСТОЗЛАРГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ САИДАҲМАД УСМОНОВНИНГ 1 ОКТЯБРЬ — ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН УСТОЗЛАРГА БАЙРАМ ТАБРИГИ


Қадрли устоз ва мураббийлар, азиз ҳамкасблар!

Сизларни, узоқ йиллар давомида баркамол авлодга таълим-тарбия бериб, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бағишлаб келаётган барча педагогларимизни Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами билан табриклайман.

Эътироф этиш жоизки, бугун жамиятимизда ўқитувчига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик кун сайин ортиб бормоқда. Муҳтарам Юртбошимиз ўқитувчи обрўсини ошириш, уларга эҳтиром кўрсатиш, меҳнатини қадрлаш ва муносиб шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарди.

Қолаверса, ўқитувчи ва мураббийлар кунини нишонлаш, бу кунни дам олиш куни сифатида белгилаб, уларга эҳтиром кўрсатиш фақатгина Ўзбекистонда борлигини ҳам эътироф этишимиз лозим.

 Албатта, бу рағбат, билдирилаётган ишонч педагогика соҳасида фаолият олиб бораётган ҳар ҳамкасбимизни руҳлантиради, қалбини ифтихорга тўлдиради. Айниқса, бугунги пандемия шароитида ўқитувчиларимиз ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, ўқувчи-ёшларга сабоқ бериб келаётгани таҳсинга сазовор. Айни пайтда ўқитувчиларимизнинг қанчалик болажонлиги, уларнинг касбига, ўқувчисига меҳр-муҳаббати, садоқати намоён бўлмоқда, десак ҳақиқатдир.

Ўз навбатида, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 28 август куни ўтказилган видеоселекторда айни синовли дамларда, шифокорлар билан ёнма-ён фаолият олиб бораётган ўқитувчиларимизни бугунги кун қаҳрамонлари, деб атагани барчамизга ғайрат ва шижоат бағишлади.

Мана шундай эътибор ва ғамхўрлик ифодаси сифатида бугун ёшларимиз орасида ўқитувчилик касбини танлашга иштиёқнинг ҳар доимгидан ортгани, ўқитувчи ва мураббийларимизнинг аввалгидан минг чандон ортиқ масъулиятни чуқур ҳис этиб, ўз устида ишлаш, малака ва тажрибасини оширишга киришгани эътиборга молик.

Бугун вилоят халқ таълими тизимида 56 минг нафардан зиёд ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Давлатимиз ҳамда маҳаллий ҳокимликларимиз томонидан халқ таълими соҳасини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун кенг имкониятлар яратиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилда вилоятимизда 1 та янги мактаб қад ростлаётгани, 51 тасида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, ушбу бунёдкорлик ишларига Инвестиция дастури асосида 128 миллиард сўм, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 65 миллиард сўм маблағ сафарбар этилганини таъкидлаш жоиз. Бундан ташқари, ўтган ва жорий йил давомида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан халқ таълими тизимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 102 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилгани фикрларимизнинг тасдиғидир. Бугун бундай хайрли ишлар узлуксиз давом этаётгани барчамизга хурсандчилик бағишлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, ўқитувчининг оғирини енгил қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қолаверса, халқ таълими соҳасини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган барча давлат ва ҳукумат раҳбарларига, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга, туман ва шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарларига самарқандлик барча педагоглар номидан миннатдорчилигимни билдираман. Бугунги кунда ўқувчи ва ўқитувчиларимизнинг саломатлигини ўйлаб, ўзларининг ёрдамини аямай келаётган шифокорларимизга, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига, фаолиятимизни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишда ҳамкорлик қилиб келаётган журналистларимизга, умумтаълим муассасаларида жамоатчилик назоратини ўрнатишда кўмак бериб келаётган ота-оналар кенгашларига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Азиз муаллимлар!

Бугун Сизу бизга эътибор ва ғамхўрлик кун сайин ортаяпти, ўқитувчининг таълим сифати ва самарадорлигини ошириши, ўз устида ишлаши учун барча шароит яратиляпти. Халқимизнинг ўқитувчига бўлган ишончи, умиди ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Демак, ишонч, эътибор ва рағбатни оқлаш лозим. Ҳар бир боланинг тақдири учун жавобгарликни ота-онадан кам ҳис қилмаган ҳолда, бор меҳр ва салоҳиятимизни ўқувчи камолотига сарфлашимиз бурчимиздир.

Сизларга мана шундай шарафли ва масъулиятли вазифани астойидил амалга оширишда ғайрат ва шижоат тилайман. Ҳар бирингизга доим эл-юрт ҳурмат-иззатида бўлиш, шогирдлар муваффақиятидан руҳланиб яшаш насиб қилсин! Энг табаррук ва шарафли касбий фаолиятингизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

Байрамларингиз муборак бўлсин!

Эҳтиром билан,

Саидаҳмад Усмонов,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи.

Report Page