Сирдарёда Камалак юлдузлари ўтказилди.
@SirdaryoЎзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳомийлигидаги “Камалак” болалар ташкилоти, Сирдарё вилояти Маданият бошқармаси, Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган иқтидорли болалар ўртасида “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали жорий йилнинг 28 декабрь куни Гулистон шаҳар 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда вилоят Ахборот кутубхона марказида ўтказилди.
Фестивалнинг асосий мақсади иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва маҳоратларини намоён қилишлари учун имконият яратиш, ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш, маданий савиясини юксалтириш, санъат ва гўзалликка интилишини кучайтириш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва давом эттиришдан иборат.
Фестиваль иштирокчилари 6 дан 14 ёшгача бўлиб, улар мумтоз, миллий ва академик ижро, халқ чолғулари, рақс, тасвирий ва амалий санъат ҳамда назм, наср йўналишлари бўйича ўзаро беллашадилар.
Танловнинг туман ва шаҳар босқичларидан 350 нафар иқтидорли болалар сараланиб, вилоят босқичида қатнашиш хуқуқини қўлга киритдилар.
Фестивал якунига кўра 24 нафар болалар вилоят босқичи ғолиблари деб эълон қилинди. Барча иштирокчиларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгашининг фахрий ёрлиқлари топширилди. Шунингдек, ғолиб болалрнинг тақдирлаш маросими ва улар иштирокидаги галаконцерт Янги йил байрами арафасида ташкил этилиши белгиланди.
Анвар ТУЙЧИЕВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши раисининг матбуот котиби, Ахборот сиёсати масалалари бўйича раиснинг маслаҳатчиси.